Аллоҳ эҳсон қилувчиларни севади
1983 - йил. Бухоро, Мир Араб мадрасида дарс бериб юрган кезларимиз. Тут пишиғи замони эди. Бир куни ҳужрамиз эшиги тақиллади. Эндигина нон ушатиб, чой қўймоқчи бўлиб турган Абдумўмин қори ака “Кираверсинлар”, дея эшикка юзланди.
Аввал ўроғлик каттакон сават кўринди, орқасидан қувноқ чеҳрали бир одам.
- Ассалому алайкум, - деб кириб келди. – Кечирасизлар, - деб саватни очди.
Не кўз билан қарайликки, оппоқ марварид тутлар саватда тоғдек уйилган ҳолда кўзларни қамаштириб турар эди. Хонтахта устидан бошқа овқатлар олинди.
- Каромат қилдингиз, - деди Иззатуллоҳ домла икки кунки тут егимиз келиб юрганимизга ишора қилиб.
- Марҳамат, марҳамат, - деб меҳмонни тўрга ўтказдик.
- Илмларингизга Аллоҳ баракот берсин. Энди ҳайрон бўлмасдан, бу тутдан олаверинглар, мен сизларга бир ҳикоя айтиб бераман, - деди ёқимли жилмайиб сахий меҳмон бухороча шева билан, - Мен шаҳар чеккасида яшайман. Мевали боғим бор, ҳар бир мева пишганида аввало мадраса мударрисларини, талабаларини йўқлаб, уларга едириб, дуоларини оламан, сўнг бозорга элтаман. Мен дуо гадосиман. Дуонинг лаззатини тотиб кўрганман. Ўн икки йил аввал раҳматли Шаҳобиддин қори ака ушбу мадрасада мудир эдилар. Кўп нуроний авлиё сифат одам эдилар. Бир куни бир сават мева олиб, ҳузурларига кирдим. У киши овозлари ёқимли қори, нуроний зот эдилар. Cаватни қўйиб, меҳрим тошди. “Эй Парвардигор шундай ҳам азиз банданг бўладими?! Аллоҳим, хотиним ўғил туғсин-да, отини “Шаҳобиддин” қўяй. Мана шу банданг каби олиму фозил бўлсин”, - дея ичимда илтижо қилар эдим.
- Ҳазрат, ҳазрат, - дедилар Шаҳобиддин қори ака, - кўп овора бўлибсиз.
- Овораси йўқ.
- Ҳай, қани ўтиринг, қўлингизни очинг: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Эй Аллоҳим, мана шу банданг сенинг йўлингда бизни зиёрат қилиб келибди. Албатта, Сен беҳожатсан. Бизлар Сенга ҳожатмандмиз! Бу бандангнинг зиёратини қабул этиб, Сендан сўраб турган қалбидаги муродини ҳосил айла! Омин, йа Роббал ъаламин!
- Омин, - дедим хурсандликдан кўзимга ёш олиб, бошқа сўз тилимга келмади.
Бир қанча муддат ўтди. Хотинимнинг кўзи ёрийдиган маҳалда туғуруқхонага олиб бордим.
Эртага келинг, - дейишди, ҳамширалар, эгизакка ўхшайди...
Уйга қайтар эканман, ўйланаман: Биттасигаку Шаҳобиддин исми нақд, икинчисига нима деб от қўйсам экан?.. Эрталаб туғуруқхонага келсам, доя, ҳамшира қизлар:
- Суйинчи беринг, иккита қиз кўрдингиз! – дея олдимга чиқишди.
- Йў-ўқ, ҳазиллашманглар, иккаласи ҳам ўғил бўлиши керак,- дедим мен ишонч билан.
- Қаёқдан биласиз?
- Буюртма берганман,- деб кулдим.
- Ҳа, билар экансизда, икковиям ўғил,- деб тан олишди қизлар.
Исм қўйиб, гувоҳнома олиш учун туман ЗАГС бўлимига бордим. Олифта кийинган ўттиз ёшлардаги бир йигит котиб экан.
- Эй ака, дин деган сўзлар эскирган. Биз янги замонда яшаяпмиз. Шахоб, Шароф деб ёзиб қўяқоламиз, - деб ақл ўргатди котиб.
Мен норизо бўлдим:
- Укажон, мен отасиман. Ном танлаш менинг ихтиёримда.
- Кечирасиз, каттакондан сўрай-чи, биз ҳам мусулмонмиз, аммо ишдан кетгимиз ҳам йўқ-да, - деб ўзини оқлади котиб телефон рақамини терар экан.
Юқоридан рухсат бўлди, шекилли, юзи ёришиб, менга юзланди:
- Мана ака, масалангиз ҳам ҳал бўлди.
- Яхшиям каттанг бор экан. Диндан бунча қўрқмасанг? Мана шу амал курсиси деб диндан воз кечасанми, укам? Хўш, эртага шундай кун келадики, нафақат курсингдан, балки устингдаги кийимингдан ҳам айриласан-да, яланғоч бориб, гўрга кирасан. Аллоҳ ҳузурида хисоб – китоб бор. Ўша кунда кимга телефон қиласан, укам?! Худодан қўрққин!
Шаҳобиддин полвон соғлом ўса бошлади. Шарофиддин эса йиғлоқи, яхши эммайди, нимжон эди. Мана шу мадрасада наманганлик бир домла ўқир эди, ёши ўттизларда, хотини билан бирга келишган, ижарада туришар, аммо бефарзанд эдилар. Бизнинг оила билан яхши таниш, бир-биримизга сирдош эдик.
- Ака, -деди бир куни дардимни эшитиб. – Шу Шарофиддин ўғлингизни бизга беринг, эр-хотин фарзанд қилиб оламиз.
Эр-хотин Шарофиддин ўғлимни олиб кетишди. Ўз ота-онасининг қўлида нимжон ўсаётган бола бегоналар уйида соғлом бўлди, тўлишди. Ҳозир ўн икки ёшга кирган. Қуръони каримни ёд олди.
Гоҳо уйимга келса, ўн-ўн икки нафар дўстлари – қори болалар билан келади. Олимлар, фозиллардан дўстим кўпайди. Хуллас, бу неъматлар Аллоҳнинг азиз бандаси Шаҳобиддин домланинг дуолари баракотидан дейман ўзимча...
Биз саватдаги тутни ҳовучлаб-ҳовучлаб ер эдик. Назаримда марвариддай тут мазасидан ҳам, бу мухлис одамнинг ихлосидан ҳам қалбларимиз қувончга тўлган эди.
©Абдулмутолиб Атабаев "Ишқ чўғидан бир зарра" китоби.
Телеграм: @kungil_kundaligi