Ярмук жанггидаги таъсирли воқеа
(Маълумот учун Ярмуд жанггида мусулмонлар 40 минг қўшини билан 240 минг қўшинли Рум қўшинига қарши қаттиқ жанг ўтказади. Мусулмонлар қўшинига енгилмас Холид ибн Валид, Румликлар қўшинига эса Тазорик қўмонлик қилади. Қуйида жанг якунидаги ибратли воқеа келтирилади)
Қўлида сувдон билан жанг майдонида кезиб юрган бир одам мурдаларни текширарди. Баъзилари мутлақо таниб бўлмайдиган ҳолга келганди. Кесилган бошларнинг қайсиси қайси танага тегишли эканлигини аниқлаш жуда мушкул, ҳатто имконсиз... Аммо у ҳануз тирик қолганлар билан қизиқар, таниш чеҳралар ахтарарди. Жуда кўп ўликнинг ва кўплаб ярадорларнинг орасида сассиқ ҳидларга чидаб ҳаракат қилиш осон иш эмасди. Шу пайтда эшитилган инграган овоз уни ҳануз тирик бўлган ярадорни топишга ундади. Қаршисида таниш чеҳрани кўрди. Лаблари ҳаракатдан ёрилган, кўзларида фақат бир неча нафасгагина дош берадиган дармон қолган бу инсон «Сув ичасанми?» деган саволга кўзларида пайдо бўлган бир учқун билан жавоб берди. Қандай қилиб истамаслиги мумкин?! Ахир у бир қултум сув учун ҳаёти давомида орттирган ҳамма нарсасини қурбон қиладиган ҳолатда эди.
Ҳузайфа дея таниганимиз бу саҳоба қўлидаги сувдоннинг оғзини ярадорнинг лабларига олиб борди. Сув оқаётган пайтда эшитилган инграш овози ярадорнинг оғзини ёпилишига сабаб бўлди. «Сув-сув», - дея инграган бир диндошининг овозини эшитганди. Оғзини ёпиб олди ва кўзлари билан ҳатто кимлигини билмайдиган ярадорга олиб боришини ишора қилди. Пайғамбарлар султонидан олган тарбия ва қалбида ҳамон уйғоқ ҳолда борлиқни ҳис эттирган имоннинг самараси эди, бу. Қуръонда улар шундай тасвирланган: «... гарчи ўзларида эҳтиёж бўлса-да, ўзларини қўйиб (ўзгаларни) ийсор-ихтиёр қилурлар».
Аллоҳнинг Расули (с.а.в.) уларга қўшниси оч бўлса, тўқ тонг оттиришни Ислом одобига номуносиб эканлигини уқтирар эдилар. Ўзига раво кўрган нарсани диндошига ҳам раво кўрмагунча ҳақиқий мўмин бўлолмаслигини айтгандилар. Асл кураш майдони ҳозир юзага келган, зирқираган яралар, қиздираётган қуёшни енгишнинг пайти келганди. Балки бир неча дақиқадан сўнг нафаслар тугаши, Аллоҳ ҳузурига кетишлари мумкин эди. Ўтиб бораётган бу вақт ичида узоқ ўйлашнинг имкони йўқ эди. У ерда «сув...сув» дея инграган инсоннинг дардини фақат шу онда у дардни чекканлар билиши мумкин эди. Бир мусулмоннинг чеккан азобини бартараф қилган одамнинг азобини охиратда Аллоҳ бартараф этишни бир зумда зеҳнига келгани боис лабларини беркитиб, сувни диндошига олиб борилишини ишора қилганди.
Ҳузайфа ишини тезроқ битиришни истади. Унга: «Аввал сен ич, кейин дарҳол унга олиб борайин», - деди. Аммо бунинг фойдаси бўлмади. Кўзларини ёшлатган бу олижаноб инсон қаршисида инграган одамни топишдан бошқа чора йўқ эди.
Бироздан сўнг ким инграётгани маълум бўлди. Бу одам Ҳишом бин Ос эди ва унга
— Сенга сув келтирдим, — деди.
Ҳишом бу сўзларни «Сенга янги ҳаёт келтирдим» - дегандек тушунди. Юзига табассум югурди, лабларини очди. Кўзларидаги миннатдорлик туйғусини тил билан англатиш имконсиз эди. Аллоҳ таолонинг: «Кофир бўлганлар осмонлар ҳам, ер ҳам (аввалда) яхлит бўлганини, бас, Биз уларни ёриб юборганимизни ва барча тирик мавжудотни сувдан (пайдо) қилганимизни кўрмадиларми?! Энди ҳам имон келтирмайдиларми?!» (Анбиё сураси, 30-оят) деган оятини эслаган бўлса керак. Ёки «Ўляпсан, сўнгги тилагинг нима», дейилса:
— Бир пиёла сув беринг, дейишига шубҳа йўқ эди. Ҳузайфа фурсатни бой бермади, сувдонни унинг оғзига тутди. Ярадор лабларини чўзиб, сувга яқинлашди. Бироқ бирдан унинг лаблари ҳам ёпилди. Чунки у ҳам «сув», дея инграган бир ярадорнинг мажолсиз овозини эшитди. Икки сония аввал бор-йўғини фидо қиладиган даражадаги сувни ичмаслик учун қаршилик кўрсатди. Миннат остида қолиши мумкинлигидан эмас, харом бўлгани учун эмас, аммо ислом одобига тўғри келмаганлиги учун лабларини беркитганди. Кўзлари билан «Мен каби азобланаёттан диндошимга олиб бор» дегандек ишора қиларди.
—Сув унга ҳам етади, эй Ҳишом, аввал сен ич.
—Йўқ.
Тили билан эмас, кўнгли билан, кўзи билан, йўқ, демоқда эди. Йўқ, деёлмайдиган даражада мажолсиз, аммо бир пиёла сув учун дунёдаги ҳамма нарсани беришга тайёр турган нафасни жиловлай оладиган даражада кучли бир инсоннинг бу ҳаракати Ҳузайфани кўзини ёшлатиб, кўнглини титратди. Ўрни келса «йўқ» дейишнинг ҳам фазилат эканлигини, шундай аччиқ, шундай жонли тажрибани ҳеч қачон унутилмайдиган шаклда олган эди. Томчи-томчи қонлари билан қушларни қизил рангда бўяётган бу инсонлар, ҳатто ўлаётган пайтида ҳам инсониятга ибрат берар, одамгарчилик қилиши кераклигини кўрсатган ҳолда ўлар ёки абадий қолардилар. Аллоҳ розилиги учун, ҳаёт ва ўлим бир нуқтага келган пайтда чизилган бу манзара инсоният учун мангуликка дахлдор ёдгорлик бўлиб қоларди.
Ҳузайфа бу ярадорга ҳам сўз уқтиролмаслигини тушунган ҳолда учунчи ярадор томон йўналди. Ёнма-ён ётган жасадлар орасидан уни топди. Олган жароҳатлардан танаси илма- тешик бўлган, юзи таниб бўлмайдиган ҳолга келганди. Икримага ўхшарди. Бошида турган Ҳузайфани кўрганиданми ёки азиз руҳини олиш учун келган малакларни кузатганиданми юзида севинч зоҳир бўлди. Оғзига тўкилган сув «Аллоҳ» дея, ҳаракатсиз қолган лабларини ҳўллади. Аммо бу ҳўллашнинг унга фойдаси бўлмади. Чунки сўнгги нафас чиқарилган Ярмук жангини шонли шаҳиди Аллоҳ ҳузурига йўл олганди.
Ҳузайфа энди унга раҳмат тилашдан бошка ҳеч нарса қилолмасди. Кўнглидаги сувдондан сув қуйиш билан фақат бир жасадни унутган эди, холос. У Ҳишомни топиб, унга икром кўрсатиши мумкин эди. Мурдаларни хатлаганча унинг ёнига етишганда унинг нафас олмаётганини кўрди. Биринчи ярадорга етишиш учун югурди. Лекин у ҳам Ҳақнинг раҳматига етишганди.
У ерда уч шаҳид, бир шоҳид бор эди. Бу сохта ёлғиз гувоҳ ҳисобланган Ҳузайфа тарафидан инсониятга етказилади ва ҳозирги замон кишисининг ақлини лол қолдирадиган абадий бир хотира сифатида тарих саҳифаларига қайд этилади.
Яна бир шоҳид бор эди. Ҳамма нарсанинг ҳақиқий баҳоси ўлчанадиган кунда улар билан алоҳида ҳисоблашади, уларни Ярмукнинг уч азиз шаҳиди сифатида жаннатга йўллайдиган буюк Аллоҳ... Ҳа, Ярмук водийсида ҳалок бўлган уч минг шаҳид орасида Ҳузайфа топган, бир-биридан азиз бўлган уч вужуд...
Булар ҳаётларини Ислом ахлоқининг энг юксак савиядаги фазилат муҳри билан муҳрлаш бахтига муяссар бўлгандилар. Ортида эса унутилмас хотира қолдиргандилар. Уч минг шаҳид ҳаётларини берган, аммо у кунгача Ислом қозонган энг шонли зафарга тамал тоши қўйгандилар. Илоҳий девонда исмлари бирма бир қайд этилган у азиз шаҳидларнинг руҳлари асрлар ортидан жўнатилган саломлар ва раҳмат тилаклари билан хотирланади. Аллоҳим уларга улар каби бўлолмагани учун қайғуга ботган кўнгилларнинг, кўнгил дўсти бўлганларнинг саломларини етказгин.
Расулуллоҳ (с.а.в.)га ва саҳобаларга нисбатан йиллар давомида беаёв душманлик қилган ва Абу Жаҳл каби мисли кўрилмаган бир мушрикнинг ўғли бўлган Икрима вақти келиб, энг самимий бир мўмин бўлди, ҳатто Ярмук водийсини Аллоҳ розилиги йўлида қони билан суғорди ва Ҳузайфанинг сувини ичаркан, Аллоҳ васлига эришади. Бир тарафда асфала софилинга қулаган ота, бошқа тарафга эса юксакликка кўтарилган бир ўғил ва ҳар иккисига муносиб муомала қиладиган, ҳар нарсага қодир, ҳикмати чексиз Аллоҳ таоло... Аллоҳим сен ҳар нарсага қодирсан. Жон бахш этувчи ҳам, уни олувчи ҳам ўзингсан...
__________
© Лутфий Қозончи, "Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу" китобиданТелеграм: @kungil_kundaligi