October 28, 2021

ТИК ТУРИБ ТАЪЛИМ ОЛГАН ҚИЗАЛОҚ ҲИКОЯСИ

"Мен Малаламан" асарини кўпчилик автобиографик асар демоқда. Менбошқачароқ айтган бўлардим, яъни бу ҳужжатли тарихий ва сиёсий асар. Сабаби асардаги воқеалар реал ҳаётдан олинган. Унда Покистон ташкил топган 1947 йил воқеаларидан бошлаб, яқин йиллар 2013 йилларгача бўлган даврдаги воқеалар баён этилади. Эътиборлиси, асарда давлатни бошқарган шахслар: Muhammad Ali Jin-na (Pokiston ozodligi harakatining yoʻlboshchisi), Pokiston Bosh vaziri Liyoqat Alixon, M.Ayyubxon, Z.A.Bxutto, Беназир Бхутто ва бошқа сиёсат вакилларининг бошқарувдаги ишлари, сиёсий ўйинлар очиқ баён этилади. Шунингдек, асарда биринчи рақамли терорист Усама бен Ладен билан бўлган сиёсий алоқалар, унинг яширинча Сват водийси яқинида яшаганликлари, Толибон вакилларининг мамлакатга бостириб келиш жараёнлари ҳам содда тилда ёзилган.

Воқеаларнинг муҳимлиги: Бугун афғонистонлаги толибонларнинг мамлакатга кириб келиши, улар талаб қилаётган ишлар ҳам худди асардаги покистонга кириб борган толибон вакиллари талабларига ўхшаш.
Толибонлар мамлакатга келгач, қуйидагиларни асосий талаб сифатида жорий этади: Аёлларга таълим олиш таъқиқланади, уларнинг вазифаси эри болаларига овқат қилиш, уй юмшлари ва бола тарбияси. Мамлакатда мусиқа, куй қўшиқлар таъқиқланиши,тв ва радиоларда гуёки исломий маърузалар бўлиши лозим. Бундан ташқари яна кўплаб, таъқиқлар борки, бу илмга чанқоқ Малала ва илм йўлида курашаётган унинг отаси қалбига оғриқлар беради. Бомбардимон портлашлар, ярим тунда кўчада қуролли толибонларнинг юриши, мактабларнинг ёпилиши ва бошқа таъбни хира қилувчи воқеалар Малаланинг кўрган кечирганлари бўлиб, у яқин ўтмишимизда содир бўлгандир. Ҳатто ёш қизнинг қурол ўқидан жароҳатланиши ҳам уни аёллар ҳуқуқини тиклаш ва уларни таълим олиши учун олдинга бориш йўлидан қайтара олмайди. Хуллас, асарни ўзингиз маза қилиб ўқиб, кўп воқеаларни билиб оласиз. Дарвоқе асар шундай якунланади: "БУ ТИК ТУРИБ ТАЪЛИМ ОЛГАН ВА ТОЛИБОНЛАР ТОМОНИДАН ХЎРЛАНГАН ҚИЗАЛОҚ"нинг ҳикояси эди.

Яна бир гап: Аввал ҳам айтгандим, бошқа тилдан таржима қилинган китоблар олишдан олдин унинг таржимони кимлигига қизиқаман. Агар мен билган яхши таржимонлар таржима қилган бўлса, шу китобни оламан. Бу китоб таржимасига 5 баҳо қўйган бўлардим. Таржимон Аҳрор ШАРИФ маъромига етказиб таржима қилган. Бир нафасда ўқиладиган таржима асар бу..
________
АСАРДАН АЙРИМ ИҚТИБОСЛАР

"Эркинлик - бу ажойиб нарса, фақат хато қилиш эркинлиги бундан мустасно". (М. Ганди)
* * * "Ҳурматли жаноб, агар иложингиз бўлса, унга китоблар мўжиза эканлигини тушунишни ўргатинг. Шунингдек, унга бўш вақт тақдим этиб, осмон, қушлар, асаларилар, қуёш ва гулларнинг ўзаллигидан баҳраманд бўлиб, гўзалликдан завқланишга унданг. Энг муҳими, ўзини алдаб юргандан кўра, синаб кўриб муваффаққияцизликка учраган яхшироқ эканлигини уқтиринг.” (Линколнни ўғлини ўқитувчисига ёзган мактуби)
* * * Майда ўғриларни қўя турайлик, мамлакатимизни ҳар томонлама кемириб ётган катта ўғрилар биз учун асосий хавф ҳисобланади. Чунки халқнинг пулларининг ўмарилиши айнан ўша халқнинг хонавайрон бўлишига сабаб бўлади. Муттаҳам амалдорлар давлат ғазнасидан бемалол пул ишлатишади, ўртага тушиб яқин қариндошларига кредит олиб беради ва бу кредитни ими-жимида ёпиб юборади, дўстлари ва қариндошларининг фирмаларига давлат тендерларида ютишга амалий ёрдам беради ва бунинг ортидан ўзининг ҳам чўнтагини қаппайтиради. Аксариятининг мол-мулки чет элда бўлиб, фарзандлари чет элнинг нуфузли университетлари талабаси ҳисобланишади. Тўғриси, электр узатилишидаги узилишлар сабаб туннинг аксарият қисмини шам ёруғида ўтказаётган оилаларни кўриб уларнинг виждонларини қандай чидай олиши ҳақида ўйласам, дунё кўзимга қоронғу кўриниб кетади. Оддий одамнинг боласи ота-онасига қарашиш учун мактабга бормай ишлашга мажбур бўлаётган бир вақтда амалдорларнинг боласи қайси юз билан чет элдаги нуфузли университетларда айнан халқнинг пули эвазига ўқишини ҳеч қачон тушуна олмайман.
* * * Ҳаётимиздаги ҳар бир мағлубият бизнинг юксалишимиз учун хизмат қилади. * * * Ҳамманг бошингга мусибат ва фалокат тушган пайтда, ҳаётинг хавф остида бўлганида, гуноҳларингни эслайсан, Худо билан учрашганимда, у бизни кечирармикан деб ич этингни ейсан. Аммо хавф ортда қолганида гуноҳларингни унутасан ва аввалгидек яшай бошлайсан.
* * * ... доимо адолат истайдиган халқ ўз хоҳлаганини ҳукуматдан топа олмаса, кўзига чиройли кўринган ғоя ва мафкураларга эргашиб кетаверади.
* * * «Жангарилар одамларнинг қалбини забт этишни хоҳлашади, шунинг учун аввал маҳаллий ҳолининг қандай муаммолари борлигини ўрганмоқдалар ва бу муаммоларга ечим топиб бериб, уларнинг ишончига кириб олмоқда. Шу тарзда, улар жуда кўпчиликнинг қўллаб- қувватлашига эга бўлишади. Ҳокимиятни қўлга киритганларида сўнг эса эски ҳукмдорлардан ҳам кўпроқ оддий халққа зулм ўтказишади.»
* * * Толибонлар келганидан сўнг асрлар давомида эрксевар деб атаб келинган халқимиз қўғирчоққа ўхшаб қолди. Улар ҳаммани бир қолипга солишга жон-жаҳдлари билан ҳаракат қиларди. Ўйлайманки, агар худо барчамизни бир хил бўлишимизни хоҳлаганида, бизни бу қадар фарқли қилиб яратмасди.

© К.Аслонов | Телеграм: @komiljon_aslonov