March 13, 2021

Тирик манқуртлик ҳақида

АСАРНИ ЎҚИР ЭКАНМАН ЯҚИН ЎТМИШДА БИЗНИ НАФАҚАТ ЖИСМОНИЙ МАНҚУРТ, БАЛКИ РУҲИЙ ВА АҚЛИЙ МАНҚУРТГА АЙЛАНТИР(АЁТ)ГАН ЭКАН ДЕГАН ФИКРЛАР КЕЛДИ. АСАРДАН ОЛИНГАН ҚУЙИДАГИ ПАРЧАЛАРНИ ЎҚИБ КЎРИНГ:

"Битта африкалик далада кетаётиб, ишлаётган одамлар орасида бундан 15 йил муқаддам ўлиб кетган оғасини таниб қолади. Кўзларига ишонмасдан арвоҳнинг ёнига яқин боради. Ҳақиқатан ҳам, бу одам оғаси экан. Фақат кўзлари маъносиз, ҳайвоний учқун сачраб турарди. Ўз укасини кўриб, ҳатто пинак бузмайди. Соқовга ўхшарди. Исмини эшитиб ҳам жавоб қайтармайди, бир нималар деб ғўлдираб қўяди, холос. Бахтга қарши, ишга ҳалақит берилаётганини сезиб, омоч учи билан укасини туртиб, яна-тағин ерни шудгор қилишга киришиб кетади. Даҳшатга тушган укаси тез орада фаҳмлайдики, далада ишлаётган одамлар тирик мурдалар эди, холос. Бўлган воқеани уйидагиларга, қўни-қўшниларига айтиб берган йигит ўртоқлари билан қабристонга боради. Не кўз билан кўрсинки, қабр бўм-бўш эди. Эринчоқлик билан тузилган давлат комиссияси маҳаллий полиция бошқармаси билан ҳамкорликда шубҳа остига тушган қабилани узлуксиз назорат остига олади. Маълум бўлишича, қадим замонлардан буён яширинча одамлар «зомби»лаштирилар экан. Қулларнинг текин меҳнатидан фойдаланиш йўлларини қидириб юрган ўша қабила кутилмаган «илмий» кашфиёт яратади. Самара бериши аниқ бўлган тажриба ўтказиш учун олдиндан жисмонан бақувват ёш йигитлар танлаб олинарди. Қабила аъзолари бу ерликларга яхши таниш бўлган сув ҳавзаларидан икки тишли заҳарли балиқларни овлашиб, унинг елкасидаги қанотини кесиб олишади. Уни овқатга қўшиб пиширадилар, сўнг танлаб қўйилган номзодга едирилади. Бу овқат нафас йўлларини фалаж қилиб, бевақт ўлимга сабабчи бўлади. Қабила аъзолари марҳумни дафн этилган қабрдан кавлаб олишиб, ўрмондаги овлоқ чангалзорга элтадилар. Маросим руҳига мос равишда кийим-кечак кийиб, безаниб олган коҳин-афсунгарлар қоқириқсуқуруқ қилишга киришадилар; марҳумнинг қулоғига махсус афсун дуоларини ўқийдилар. Айни чоғда фақат маълум доирадаги одамларга маълум бўлган гиёҳлардан тайёрланган доридармонлардан фойдаланадилар. Қисқаси, эртаси куни эрталаб марҳумга жон киради. Марҳум худди олдингидай соппа-соғ, бақувват ҳолатида тирилади, лекин ўз исмини ҳам, насл-насабини ҳам бутунлай унутади. Шундай қилиб, қабила тап-тайёр қулга эга бўлади, уни бемалол пахтазорга ишга жўнатиш мумкин. Эртадан то қора хуфтонгача миқ этмасдан ишлайверади: колхозда ишлаяптими, совхозда ишлаяптими, ҳиссадорлик жамияти тузилдими ё ижара пудрати жорий этилдими — унга барибир, фақат меҳнат қилишни билади, холос. Охири ўша сирли жиноятнинг жумбоғи топилади. Бироқ, айтишларича, ҳозир ҳам марҳумлар баъзан ўғирлаб кетилар экан"...."...Матбуот хабарларига қараганда, бу хилдаги жиноят фақат Африкада рўй бермайди. Австралиянинг маҳаллий аҳолиси ўртасида ҳамон зомбичилик таг-томири билан йўқолиб кетмаган. Элатшуносларнинг гувоҳлик беришича, Австралияда қурбонликни танлаш ҳуқуқидан афсунгар фойдаланади. Оёқ-қўли боғланган одам ёнбошлатиб ётқизиб қўйилади-да, нишли балиқ қилтаноғи ёки ўткир учли найза юракка санчилиб, қурбон вақтинча ўлдирилади. Юрак уришдан тўхтайди, нафас олиш ҳам тўхтайди. Вақти-соати келгач, марҳум тирилтирилади; ўтмишини унутишга мажбур қилинади. Нақл қилишларича, бундай зомби руҳан соппа-соғ бўлган рисоладаги инсондан деярли фарқ қилмас экан. Фақат баъзан бир нуқтага тикилганча эртадан кечгача ҳаракатсиз ўтириши мумкин экан."


"...Декабрь ҳодисалари бўйича хусусий тергов олиб бораётган пайтларимда С. исмли фуқаро (фан номзоди) икки ҳамроҳи билан ҳузуримга келди. — Бу иш бўйича қамоққа олинган пайтимда менинг бошимга битта аппаратни михлаб қўйишди. Ўшандан сўнг зомбига айланиб қолдим. Ўша сеҳрли қурилма воситасида хавфсизлик хизмати ходимлари мени тун бўйи азоблайдилар; ҳар хил буйруқ беришади, йўл-йўриқ кўрсатишади ва менинг ўй-фикрларимни ёзиб олишади. Энди бирдан-бир умидимиз Сиз билан Ўлжас Сулаймоновдан. Бундай азоб-уқубатлардан халос қилинг, — деди йиғламсираб. Сўнг чаккасидаги ўроқсимон тикилган чокни кўрсатди. КГБ ихтиёрида одамларни зомбига айлантириб қўядиган махсус аппарат ва узоқликдан бошқариладиган қурилма борлиги тўғрисида кўп гап-сўзлар юрган бўлса-да, лекин у пайтлари буни исботлашга ҳеч қандай имкониятимиз йўқ эди. Кейинчалик бир қатор нуфузли нашрларда руҳиятга таъсир ўтказадиган қурол ишлаб чиқариш билан машғул бўлган ва инсон ақл-идрокини бошқаришга мўлжалланган тадқиқотлар ўтказадиган махсус-махфий марказ Москванинг ўзида борлиги далил-исботлар билан фош этилди."

" ... «Асрни қаритган кун» романи эълон қилингандан сўнг, собиқ Совет Иттифоқида маданийтарихий ҳалокат ёқасига бориб қолган камсонли халқларнинг фожиаси тўғрисида бор овоз билан гапира бошладилар. Манқуртчиликка қаршилик кўрсатиш масаласи улар учун долзарб бўлиб қолди. Бошқача айтганда, Сизнинг оғзингиздан чиққан аччиқ ҳақиқат миллат ва элатларни дилгир этиб қўйди. Бир неча йиллар муқаддам Болтиқбўйи республика-ларида ва Молдовада ёшлар тинч намойиш чоги кўча-ларга кўтариб чиққан «Биз манқурт эмасмиз!» деган шиор боя айтган фикримнинг ёрқин исботидир"

© Чингиз Айтматовнинг "Чўққида қолган овчининг оҳу зори" асаридан.


Телеграм: @kungil_kundaligi