МЕРСИДЕС ҚОДИР
Олти минг йилдан бери яшнаб келаётган Онадўлининг шарқидаги улуғ шаҳар. Не-не тарихий воқеаларга гувоҳ бўлган, турк, курд, армани каби турли миллатлар ва элатлар истиқомат қиладиган азим юрт. Ахолиси 400000 мингдан ошмайди. Унинг бағри тугамас мис конларига бой, мисга тўйинган Фрот дарёсининг сувларига қонган ўрикзорлари эса дунёга машхур...
Аммо бу ҳикоям Малатя хақида эмас. Малатянинг тимсолларидан бирига айланган Мерсидес Қодир хақида.
...Ўшанда Малатяга Халқаро анжуман сабаб таклиф этилган қирқ беш нафар журналистлар сафида эдим. Анжуман аъло даражада ташкил этилган, шаҳардан олган таъсуротларим ҳам бир дунё. Яна уч кундан сўнг тугайди. Бугун шаҳар баладия бошқони журналистлар шарафига ташкил этган зиёфатга таклиф этилган эдик. Хов анави мухташам ресторанда бизни кутишяпти. Биз эса иккинчи автобусдаги шерикларимизни кутиб, атрофни кўздан кечираётган эдик.
Шу вақт манаман деган қимматбахо машиналар қаторида турган галати ўйинчоққа кўзимиз тушиб ҳаммамиз кулиб юбордик.
Ёгоч отни эслатиб юборувчи ўйинчоқ. Фақат анча катта, яъни узунроқ эди. Тахминан беш метрлар чамасидаги арчилган, йўгонлиги бақувват одамнинг билагидай келадиган терак ва унга қоқилган тахтакачдаги "Mersides" ёзуви ҳар қандай одамни кулдириши табиий эди.
Унинг рули, яхшилаб ўрнатилган ҳаво хайдагичнинг парраги ва "Мерс" нинг орқа капотида хақиқий рақами ҳам бор эди. Уни завқланиб томоша қилиб суратга ола бошладик. Қойил. Шумтака болаларнинг иҳтироси бўлса керак. Ҳаёлимизга фақат шу фикр келди. Ахир биз ҳам болалигимизда шунақа ғаройиб ўйинчоқлар ясамаганмизми? Айниқса укам бунақа мошиналарни ҳилма -хилини кўз юмиб ясаб ташларди. Кейин бутун маҳалла болалари талашиб -тортишиб, мириқиб ўйнар эдик. Ўша мошиналардаги "катайса"ларни кўз одимга келтириб ширин энтикдим. Ха, болалик ҳам кўз очиб юмгунча ўтиб кетар экан...
Атрофга алангладик, кичкинтойлар кўринмасди. "Мерсидес"нинг эгаси билан расмга олсам зўр бўлардида, "Гунча" журналига тақдим қилардим. Олмониядан ташриф буюрган дўстимиз ҳам худди шундай ниятда эканини айтиб фотоапаратини созлади:
-Биз ҳам болаликда ясар эдик- кулди у.
Яна ўн беш дақиқача вақтимиз бор эди. Иккинчи автобусдагилар етиб келгунга қадар Малатиялик ихтирочи болажонлар билан фоторепортаж қилишга ҳам улгурамиз.
Болалар кўринай дейишмас, қарасак теваракка кўз тикиб турган бошқа журналистлар ҳам шу дардда экан. " Барибир Мерсидес"нинг хурмати борда " деб, олмон дўстимизга хазил қилаётсак олдимизга порум костюм шимлари ўзига жуда ярашган, ўттиз -ўттиз уч ёшлар чамасидаги ўрта бўй, тўлачадан келган, сочлари жингалак, кўринишидан сал галатироқ одам югуриб келиб илжайди, сўнг гўлдираб салом берди.
-Мераба. Хош галдиниз. Буюрун!
Шу автотураргохнинг қаровчиси бўлса керак. Туркияда аксарият хизматчилар шунақа расмий кийиниб юришарди.
-Хайрли акшамлар.... Исмим Кадир. Буюрун!
Биз у билан чиройли саломлашиб, кимлигимизни тушунтирган бўлдик. " Мерсидес"ни обдон мақтадик ва ахийри уни жажжи эгаси ёки эгаларини кутаётганимизни билдирдик.
"Мерс"ни мақтаганимиз сари Қодир янаям илжайиб, сарёгдай эриб, тинмай раҳмат айтарди. Фақат унинг эгалари қаерда?" деган саволдан кейиноқ қаддини гоз тутиб, дона-дона жавоб қайтарди.
-"Мерс" меники! Қаерга борасизлар?
Гурра кулиб бордик. Ичимизда энг хазилкашимиз, туркчада ҳам чиройли гапирадиган Озарбайжонлик Меҳмет жавоб қайтарди:
- Бу "Мерс"да дунёни нариги бурчагига кетишга ҳам розимиз. Фақат ҳаммамиз сиғамизми?
Қодирнинг севинчи ичига сиғмай, сакрай бошлади:
- Уч -тўрт рейс қилсак бўлади!
Биз анграйиб қолган эдик. Шундай бўлсада қаршимиздаги одам, ўзимиз каби хазлкаш бўлса керак деган ўйда уни ҳам суратга олдик.
- Ха, газетачимисизлар? Олаверинглар, суратим текин. Фақат йўлкира оламан холос. Эски Малатя, Янгиси, Арслонтепа....э Отиёмонгача кетаверамиз. Яначи...
Озарий йигит соатига бир қарагач, жиддийлашиб тинмай бидирлаётган Қодирни аранг тўхтатди:
- Эх...Майли, хазлсиз, огайни. Вақтимиз камроқ эди. Эгаси қани бу тойчоқни? Кичкинтойлар қани?
Қодир ҳаммамизга бир-бир қараб, кўзлари катта-катта очилди, сўнг беғубор илжайиб, кўкиш галстугини тўгирлаб, жавоб қайтарди :
- Бехазил. Эгаси мен. Лекин ҳаммаларинг баравар сиғмайсизлар. Бешта-бешта бемалол кетасизлар. Фақат дунёнинг нариги чети дема оғайни. Бўладиган гапни гапир! Қаерга овориш керак ўзи?
-Нега жим бўлиб қолдиларинг мусофирлар? Гапиринг! Буюринг!Малатямизнинг меҳмонларига чегирмали, арзон хизмат қиламан.
Шифокорманку, нега уни харакатларига жиддий эътибор бермадим? Ахир бу одамни эси жойида эмаску! Бироқ уст -боши биноидек, хатто кўйлагини ёқалари оппоқ, дазмолланган. Кап-катта одам жинни бўлиши мумкинми?
Ўқиб юрганимизда " Психиатрия" деган алохида дарс бўлар, у Шимолий вокзал орқасидаги махсус касалхонада ўтиларди. Бешинчи рақамли трамвайнинг сўнги бекатида жойлашгану учун аксари Тошкентликлар қўпол хазил қилишарди. Сал бачкаланалашган одамга "Ха, томинг кетдими? 5-трамвайга ўткизворайликми?" деса каттаю-кичик гап қайси муассаса хақида кетаётганини дарров илғарди. Хуллас ўша жиннихонада касалларни ҳилини кўрганман, кейин ҳам ҳаётим давомида улар хақида бир қанча ҳикоялар ёздим. Уларнинг кўпчилиги кийимига эътиборсиз, кир-чир, соч-соқол, тирноқлари ўсиб бир алфозда юришади. Ўзим яхши таниган "Кўнгил", " Индамаслар ортидан" каби ҳикояларим қаҳрамонларигина бошқача. Ха...топдим. ҳамқишлогим, аждодлари эшон ўтган рахматли Раҳмон отага ўхшар эканда. Балки бу бечора ҳам бирор бир сабаб билан шу ахволга тушгандир. Хотираларга берилдим...
- Мерсидесим хизматга шай. Қани, бештангиз келинг! -деган қатъий буйруқ янграгачгина ўзимга келдим.
-Олд эшикдан чиқасиз, чиптани ўзим сотаман.
Бошқаларнинг ҳам калласи ишлаб, аллақачон шивирлаша бошлаганди: "Бечора, ақли заиф эканда", "Рухий хаста"
"Хозир "Мерс" ига ўтирмасак шу ёгочни олиб қувламаса бўлгани", "бошимизга тушириб қолсая..."
Аммо у хотиржам, шивир-шивирдан бехабар руль олидаги парракни айлантириб яна гўлдиради:
-Мана, ҳаво совутгични ҳам ёқдим. Муздаккина кетасизлар. Нима қаққайиб турибсизлар? Ишонмаяпсизми? Мана, хайдовчилик гувоҳномам бор. Саломатлигим ҳам жойида. Сал кам йигирма йиллик ҳайдовчиман биродарлар, қўрқманг. Машинам ҳам техник кўрикдан ўтган. Мана!
У " машинасидан тушиб" югуриб келиб қўлидаги бир даста гувоҳнома ва хужжатларни мени қўлимга тутди:
- Мана опа, сен ҳам бир қара! Ҳамма хужжатларим жойида. Турк тилини биласанми? Хорижий сайёҳларни олиб юришга лицензиям ҳам бор, мана!
Мен қўлимдаги бир дунё хужжатларни бир-бир кўздан кечириб, хайратланиб, уларни бошқаларга узата бошладим. Улар ҳам хайратдан анқайиб қолгандилар. Чунки хужжатларнинг барчаси хақиқийдан фарқ қилмас, уларнинг ҳаммасида Қодирнинг сурати, расмий идораларнинг муҳри бор эди.
- Бир фикрга келасизларми, йўқми? Ичингизда Малатиялик йўқ шекилли, бўлмаса мени дарров танирди.
Дархақиқат, бизни олиб келган автобусда ҳаммасиз узоқ- яқиндан келган хорижий журналистлар эдик. Аксига олиб хайдовчи ҳам қаергадир кетган экан.
- Майли...Меҳмон экансизлар хафа бўлмадим. Лекин анча ишдан қолиб кетдимда..
Қирқ бештамиз иржайиб-тиржайиб узр сўрагандай бўлдик:
- Узр огайни, сени ҳам безовта қилиб қўйибмиз.
- Дилингни огритмоқчи эмасдик...
- "Мерс"инга эртага албатта минамиз.
-Аслида биз хозиргина автобусдан тушдик. Анави ресторанда зиёфатимиз бор. Истасанг, юр, меҳмон қиламиз.
У ёгоч машинасини жойидан қўзгаб унга минар экан, қўлини кўксига қўйиб илжайди:
- Рахмат дўстларим. Мен чақирилмаган жойга бормайман. Зиёфатингиз яхши ўтсин! Мана ташриф қогозим. Керак бўлса чақирарсизлар.
У бизга тўрт-бешта, хақиқий ташриф қогозини узатиб қўл силтаб, машинасини ўт олдирди:
- Динг, динг, динг....вагггг ( керакли харф ўрнига г ёзилиб кетгани учун, узр) .
У кўзга кўринмай узоқлашиб кетгунга қадар орқасидан тикилиб қолдик. Менимча ҳамманинг ҳаёлимиз унинг хужжатларида, кўзимиз эса катта -катта харфлар билан "Қодир Мерсидес '" деб ёзилган ташриф қогозида эди.
Иккинчи автобусдаги шерикларимиз ҳам етиб келгач ресторанга йўналдик.
Ичкари жудаям шохона экан. Дастурхон меҳмондўст қардошларимизнинг энг мазали таомлари, сархил ноз-неъматлари билан тўла. Журналистларни таклиф қилган қилган баладия бошқони соат 19.00 да келар экан. Демак, ўн дақиқача вақт бор, уйга қўнгироқ қилсам бўлади. Худди шу пайт ҳаёлимдагиларни ўқигандай болаларимнинг ўзи сим қоқиб қолишди. Ичкари шовқинроқ бўлгани учун дўстларимдан узр сўраб ташқарига йўналдим. Болаларим билан яйраб гаплашиб бўлгач энди қайтмоқчи бўлиб тургандим сал нарироқда "машина"сида кира қилаётган Қодирга яна кўзим тушди. У бу сафар бўш эмас, кимнидир мингаштириб олганди. Қизиқиб телефонимни камерасини очдим. Иккаласини катталаштириб видеога олаяпману , куламан. Тавба, "Мерс" га мингашган иккинчи жинни ҳам костюм-шимдами?
Ха, худди Қодирдай порум кийинган. Қодир "ваааанг-ваааанг" деб хайдаган сари у ҳам завқланиб куларди. Астагфуриллох, сочлари пахтадай оппоқ, олтмиш ёшлар чамасида, туппа-тузук одамга ўхшайди. Лекин харакатлари, Қодирга билдираётган тавозелари соғлом инсонники эмас.
Ие, "Мерсидес"ни атрофида яна беш-олтида худди шунақа жиннилар хурсанд бўлиб келишяпти. Бунақа манзарага илк бор гувоҳ бўлишим эди.
"Мерсидес" ресторанга яқинлашгандагига телефонни ўчиришга мажбур бўлдим. Аммо катта гул панасида турганча охири нима бўлишига қизиқиб кузатувни давом эттирдим. Йўловчи Қодирнинг мошинасидан тушиб, хайдовчини елкасига қоқди.. Сўнг унга пул узатди. Қодир қайтим бергач, унга астойдил рахмат айтиб, биноидек дуо ҳам қилди. Уст-бошини тўгирлаб, оппоқ сочларига бироз тартиб бераётган чогғдагина кулганча ичкарига йўналдим.
Шерикларимга ташқарида яна Қодирни кўрганим, уни худди ўзига ўхшаган дўстлари ҳам борлигини айтиб мақтанган бўлдим.
-Кўрмадингизда... худди ўзига ўхшашар экан. Биттаси ёгочга миниб, тўрттаси кузатиб ҳам келди...
Бир оздан сўнг Малатя шаҳрининг баладия бошқони ташриф буюргани айтишди. Ўрнимиздан туриб қаршиласак керак деб ўйлаган эдим. Кимса бундай такаллуфга мажбур этмади. Қойил қолдим. Агар бу зиёфатни Тошкент шаҳар хокими ташкил қилганида борми, қўлимизни кўксимизга қўйиб, эгилиб-букилиб кутиб олган бўлармидик.
Асосий таомлар тортилгач, туркий халқларнинг куй-қўшиқлари янграб, рақслар бошланиб кетди. Бир вақт давра марказидаги шохсупага шаҳар баладия бошқонини таклиф этишди. Ҳамманинг диққати жам бўлди.
Ўрта бўй чаққонгина одам зиналардан илдам кўтарилиб минбарга чиқиб йигилганларга юзланди.
- Сайгили мисафирларимиз, Турк дунясининг деярли илетишимчилери. Гузель Малатиямизге хош галдиниз! (Қадрли меҳмонларимиз, Турк дунёсининг хурматли журналистлари!
Гўзал Малатямизга хуш келибсиз!)
Қарсаклар янгради. Фақат мен бақрайиб, қарсакка шайланган қўлларимни қимирлата олмай қотиб қолгандим.
Чунки минбарда журналистларни олқишлаётган шахар баладия бошқони- Қодирнинг " Мерсидес"ида келган оқсоч одам эди.Ха, худди ўзи.. Гап- сўзлари жойидаку! Малатяликларнинг гулдирос олқишларидан унинг хурмати ва халқ ичидаги обрўсидан дарак эди. Ёнида турган иккита амалдорни ҳам танидим. "Мерс" атрофида югуриб келганлардан. Нахотки Малатя амалдорлари шунақа хокисор бўлса! Аммо, бояги қилиқларини кўрган одамлар нима дейди?
Эртаси куниёқ шу ерлик маҳаллий журналист, дугонам Севдога ўзимни қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдим. У кеча кўрганларим хақида жилмайганча тинглаб, сокин жавоб қайтарди:
- Эх дўстим. Баладия бошқонимиз жуда яхши инсон. У Қодирнинг машинасига чиқишдан асло уялмайди. Нафақат у балки биз ҳаммамиз- жаъми Малатияликлар "Қодир Мерсидес" номли фильм ўйинчиларимиз. (актерлар) Мана бир неча йиллардан буён унинг сценарийси асосида роль ўйнаймиз.
Гапиришга гапирдиму тилимни тишладим. Дўстим ҳам мендан ранжиганини яширмай, давом этди:
- Биласан,-давом этди у,- ақли заиф инсонларга ёмон муомалада бўлсанг руҳий холатлари баттар огирлашади. Аллохнинг ҳам қахри келиши мумкин... Қодирни ҳаммамиз яхши кўрамиз. У бизнинг дунёмизда яшолмаслигини билиб, биз унинг дунёсига кўчиб ўтганмиз. Унинг "Мерс" ига нафақат Баладия бошқони, мухтарам Воълемиз (вилоят ҳокими) ҳам ўтирган. Прокурор, қози, тадбиркор, шифокор, ўқитувчи...хуллас ҳаммамиз уни автобусида сайр қилганмиз.
- " Мерс" одам сонига қараб ўзгаради. Битта йўловчи бўлса такси, кўпроқ бўлса автобусда!
Шеригим ўзини босиб, жиддийлашиб давом этди:
-Қўлидаги барча хужжатларни давлат идоралари хақиқийга ўхшатиб қилиб беришган. Қодир ҳамма жойда азиз меҳмон. Ошхона, қаҳвахона соҳиблари ҳам роса хурмат қилишади. Чунки у кирган гўшага барака киради. Лекин у бепул овқатланмайди, чақирилмаган жойларгаку умуман кирмайди. Тиланмайди. Кир-чир юрмайди. Фақат ишламаган куни кастюм -шимини ечиб оддийроқ кийинволади. Малатяликлар унинг уст-бошига қараб ишда, ёки дам олишда эканини англашади. Шунга қараб, муомала қилишади. Ишламаган куни " Мерс"и автопаркда туради...
Уни машиналарга техник хизмат кўрсатиш шаҳобчаларидаги усталар ҳам яхши кўришади. Бир куни дадам қараса у " Автобусим халокатга учраб ойналари синди. Матор пачоқ" деб йиглаб кетаётган экан. "Мерс"ни Малатядаги энг машхур устани олдига олиб боришибди. Уста ҳам ролга кириб ўзича "Мерс"га янги ойналар қўйиб, тормоз ва моторини ҳам "алмаштириб" берибди. Ўшандан бери Қодир хурсанд, дадамни ҳар кўрганида дуо қилар экан. Автобуси ҳам қилт этмай юрармиш. Ёқилги қуйиш шаҳобчасига ҳам кунда икки маҳал боради. Уни хайдашмайди, аксинча. Жудаям чиройли муомала қилиб "бакни тўлдириб" бир кун дизель, бошқа кун бензин қуйиб беришади.
-Қўйсангчи! Кап-катта одамлара?!
-Ишонмайсанми? Бироқ хаммаси ҳам сен ўйлагандай силлиқ эмас, бечора полицияга ҳам тушиб туради. Яъни тезликни оширгани, автотураргохда нотўгри тўхтагани ва йўл хавфсизлиги қоидаларини бузгани учун жаримага тортилиб, жазосини ҳам олади. Айтганча, унинг машинаси суғурталанган. Масжидга чиқиб эл қатори намоз ўқийди, Жумъада энг олдинги сафда туради. Қироати хам гўзал.
-Етар! Бас! Бўлдида! Ошириб юбордингку! Ё кулаётганимга мазах қилиб, мазза қилиб ичингдан тўқияпсанми? Роса одамидан сўрапмана!
Дугонам индамади, фақатгина чуқур хўрсингач мийигида кулиб қўйди.
Эртаси куни тушдан сўнг шаҳардан ташқаридаги қадимий масжид ва қалъа зиёратига боришимиз керак эди. Меҳмонхона олдида яна Қодирга кўзимиз тушди, негадир севиниб кетдик. Айниқса мен. У ҳам бизни таниди чоги олдимизга югуриб келди. Қуюқ сўрашиб, қаерга боришимиз билан қизиқди. Йўлбошчиларимиздан кун тартибини эшитгач ёйилиб тиржайди.
- Ҳаммаларинг баравар юришларинг керакда-а? Афсус, автобусимга сиғмайсизлар. Моторни чарчатиб қўймай. Бўлмаса шаҳарни мендан яхшироқ биладиган йўқку. Айтганча сизлар Малатямизни яхшилаб айланинглар. Уни тарихий жойлари жуда кўп. Баттолгози қалъасига боринглар. Уни 1-асрда Рим императори Тит қурдирган, 12-асрда эса Салжуқийлар қайта таъмирлашган. Тарихий Арслонтепа ҳам ёдларингдан чиқмасин. Афсус хозир у ерда тош шерлар йўқда. Уларни Анкарадаги Онадўли музейига олиб кетишган. Намрут тоги Отиёмон томонда. Анча узоқ. Бироқ борсангиз арзийди. Қадимги, арманилар ясаган минг йиллик ҳайкаллалар сизни тарихга саёхатга чорлайди. Янги масжид, Улуг масжид, Малик Сунуллох, Оқминор, Абдулсалом Қорахон, Жафар пошша, Ахмад пошша, Гюрюкчи Осман пошша, Копрюлю Меҳмет пошша, мухташам кутубхонаси бор Эюп пошша масчитларини ҳам зиёрат қилинг, "Шахобия ва Кубра", "Садразам" мадрасалари ҳам зўр! Қонли, Икиз, Совунчи бобо қадамжолари, Қирқкўз кўпригини ҳам албатта кўринг!
Агар Малатиянинг ширин тутлари , гилосларидан ва дунёга машхур ўрикларимиздан тотиб кўриш истагингиз бўлса Шира бозорга бораверасиз. Малатя- энг ширин ўриклар Ватанидир! Кейинчи...
У шаҳар ва ундаги тарихий қадамжолар таърифини тугатай демас, биз эса шунча обидани бидирлаб санаб ташлаган Қодирга ета олмай, бармоқларимиз тугаб, аллақачон саноқдан адашиб кетган эдик.
Бир руҳий хастада шунча билим қаердан? Ақли ноқис бўла туриб шунча нарсани билса, соглом бўлганида дунёнинг энг зўр Универститетларининг бирида дарс берган бўлармиди?
Ўзимча Тошкент ва унинг теграсидаги тарихий обидаларни ҳаёлимда санаб чиқмоқчи бўлдим,букилган бармоқларим ўндан ошмай хотирам панд берди.
-Рахмат Қодир оға. Сен шунча нарсани қаердан биласан? Қойил!
У Озарбайжонлик Меҳметга галати қараб, сўнг елкасига қоқиб жавоб берди:
- Таксичиманку ошна! Сайёҳларни хам олиб юраман. Ватанини яхши кўрмаган, уни тарихини билмаган одам таксичилик, хайдовчилик қилишга хаққи борми? Асло йўқ! Мен шахрим тарихини билмасам, сенга ўхшаган мусофирлар зерикиб қолади ва машинамга чиқишмайди. Мен муштарийсиз ва пулсиз қолишни истамайман. Хаққимни халол топаман. Афсус, тил билмаслигим ёмонда. Баъзи хорижликлар билан ҳеч тиллаша олмайман. Инглизчани ўргансаммикан? Нима дейсан? Майли, мен кетишим керак. Бозор олдида йўловчи кўп бўлади.
Ҳаммамиз унга омад тилаб, хайрлашяпмизу, рости ундан ҳеч ажралгимиз келмасди. Айни дамда хаммамиз туғилган, яшаётган шаҳримизни шу жинничалик билмаганимиздан ич - ичимиздан уялиб, буни тан олишга кучимиз йўқ эди. Хайрлашаётган чоғимиз Қодир костюмининг чўнтагидан йигирма лирача пул чиқариб қўлимизга тутди.
- Шунча жомеларга зиёратга борар экансизлар. Илтимос шу эхсонимни садақа қутисига солиб қўйинглар. Аллох даргоҳида қабул қилсин...
У қўлимизга тутқазган пулни биринчи зиёрат қилинган масжиднинг эҳсон қутисига кўзимизда ёш билан ташладик.
Анжуман тугаб аэропортга кетар чоғимиз яна унга кўзимиз тушди. Қодир бошқа рангдаги костюм шимда, янаям порумроқ кийинган, машхур "Мерсидес"ига ярашганча чоррахада барча машиналар қатори светофорнинг яшил чироғи ёнишини кутиб турарди...
П/С Бу ҳикоя ёзилганда дунё тинч, Коронавирус деган бало йўқ, энг муҳими Малатялик Қодир Мерсидеснинг фильми хали тугамаган эди. Бу постни фейсбукдаги саҳифамга кўзимда ёш билан жойладим. Сабаби, Қодир оға энди бу ёруғ оламда йўқ.
Малатяга келганимизда уни қабрини зиёрат қилдик. Бўғзимга нимадир тиқилди.
Ҳикояни нега сахифамга жойлаганимни ҳам билмайман. Балки " Еттинчи бўлмадаги мўъжиза" дан сўнг, Малатялик "Мерсидес Қодир" ҳикоясини хам кинодай тасаввур қилиб кўришингизни хохлагандирман. Ахир унда мен ҳам кичикроқ роль ижро этдимку!
Балки тошга айланган қалбларимимизга Қодир оғадан олган озгина эзгулик, озгина Ватанпарварлик уруғларини сочмоқ ниятим бўлгандир. Балки зулмкор амалдорларимиз қачондир Малатия Баладия бошқонидек ҳокисор, халқпарвар, меҳрибон ва бироз хазилкашроқ бўлишларини тасаввур қилдимми....
Нима бўлганида ҳам хаётимиз ибратли, хотимамиз эса чиройли бўлсин ва Аллох хузурига ҳеч бўлмаса Мерсидесс Қодирдай пок қалб, покиза иймон билан ташриф этиш барчамизга насиб этсин!