Мозийга сафар
Орзуга айб йўқ, юрак орзиқар, Недандир излайди юпанчу роҳат. Во дариғ, ўтмишга қилинган сафар Саёҳатлар ичра энг зўр саёҳат.
Агарда қўлимда бўлсайди имкон, Турли даврларни йўқлаб келардим. Ўзгармаса ҳамки аслида замон, Мозийни бугундан фарқлаб келардим.
Аввало энг олис санага кўчиб, Одам ва Ҳаввони топардим тамом. Биринчи бобомнинг ёнига бориб, Мавжудот номидан берардим салом.
Силардим покиза, маъюс юзларин, Солиштирар эдим юзларим билан. Ризвон боғларини кўрган кўзларин Кўрардим мен-да ўз кўзларим билан.
Ўтиб сўнг ўрмонлар, боғу роғ, чўлдан, Илк қатл жойига етиб ҳам келсам. Қайтароласам-да уни бу йўлдан – Қобилга Хобилни ўлдирманг, десам.
Аммо ўлдирилар Одамнинг ўғли, Тош туша бошлайди қоралашишга. Тушунтириб қўяр Одамнинг ўғли Ҳаққим йўқлигини аралашишга.
Кетаман чор-ночор, билмай қай томон, Бирдан сув босади заминни бепой. Оломон ичида йиғлайман ёмон: “Нуҳнинг кемасидан олиб беринг жой!”
Парчаланиб кетар жами орзулар, Кўз илғаб ололмас бирон соҳилни. Отаси ялиниб қайтармоқ бўлар Тоққа қочаётган нодон ўғилни.
Қочаман мозийнинг бошқа ерига, Топгани бир зотни дил оҳим билан. Инсоният учун сўраб барака, Бутни синдираман Иброҳим билан.
Тинглайман ул зотдан кўҳна сабоқни, Синов юракларни эзғилаган чоғ. Не тонгким, қўлимда сўйласа ҳақни Исмоил бобомни сўймаган пичоқ?!
Сўнг беркиниб Лутнинг уйига кирсам, Топсам ўз шаънини яширганларни. Ер билан бир бўлиб кетганин кўрсам Эрлик шаънига доғ туширганларни.
Қанийди мозийнинг сирини англаб, Сулаймон тахтида топсам ҳаловат. Довуднинг ёқимли овозин тинглаб, Ухласам бир зумга, бу не саодат?!
Дилга нур улашиб илоҳий очун, Дармон қуршаб олса гўзал танини – Кўрсам бемор Айюб бобомизни чин Сабр-ла батамом тузалганини.
Майли-да, қўймаса мозий мени тинч, Чоҳга улоқтириб устимдан кулса. Бу – буюк мадраса, зиндон эмас ҳеч, Агар Юсуф менга ҳамхона бўлса.
Яна билдираман ажиб тилакни, У доим ортимдан бир соя эди: Яъқубнинг кўзини очган кўйлакни Бир марта ҳидласам кифоя эди.
Маъюс нигоҳимдан таралар нидо, Риёзат дастиндан қурийди силла. Қанийди, ёронлар, балиқ қорнида Юнус билан бирга ўтирсак чилла?!
Кўзимда уйғониб асрий қувватим, Тупурсам дунёнинг яллоларига. Бу буюк сабоқни алишмас эдим Доронинг қасрию тиллоларига.
Кўрсам, оҳ, қанийди бир зум, бир нафас Буюк Нил ўртадан бўлинганини. Калим каломида лаънатланган кас Сув остида йиғлаб ялинганини.
“Наф йўқ, деб айтардим, ушбу ишингдан, Терс юриб бўлгансан ҳув ўша кеча. Чириб ҳам кетмайсан... шу кетишингда Борасан Лондоннинг музейигача!”
Сўнг кулиб қарардим ҳаворийларга, Айтиб келажакнинг расомаслигин. Қичқириб қолардим насронийларга Михга тортилган зот Ийсомаслигин:
“Ишонмасангиз гар кўзига қаранг, Унда на шафқат бор, на чин мурувват. Қайтиб келганида Ийсодан сўранг, Қуръон жавобини беради албат!”
Йўқ, тарих барибир ўз ишин қилар, Улар аҳмоқона адашадилар. То ўзи қайтадан тушмагунича, Уни “Раб ўғли” деб аташадилар.
Йиғлаб шўр кўзларим шишиб кетганда, Ёғилар олисдан таърифи йўқ нур. Овоз келар бирдан: “Уйғон, хей банда, Вақтинг келиб қолди... кел, ўрнингдан тур!”
Замонларнинг буюк замонасида Асло кўрилмаган чирой кўраман. Еттинчи асрнинг остонасида Ёронлар, тўхтамай йиғлайвераман.
Ўтмиш ҳам жим боқар, келажак – абас, Ҳар ёндан таралар мушк ила анбар. Тошлар тилга кириб, ҳамд айтар чўп, хас, Меҳробга чиқади сўнгги Пайғамбар!
Ризвон боғларидан майин ел есар, Таъриф топилмайди бу нурли кунга. Тарих орзу қилар, унга интилар, Келажак қайтмоқни истайди унга.
Сўзлайди сўнгги бор инсонга само, Қуёш эркалайди расулнинг пойин. Ҳа, мен топгандекман даврлар аро Мозий ва келажак кесишган жойин.
Исбот айлаш учун садоқатимни Қурайш тупроғини аста ўпаман. Буткул тўхтатаман саёҳатимни, Зотан, яхшисини қайдан топаман?!
Қайтар чоғим мени ўстирган кунга, Юрагим қаърида порлар ғалаён: “Қайтма, у ерларда не керак сенга, Бошқа жойда тугал бахтлимас инсон!”
Термулиб қоламан ўз замонимга, Оғрийди озурда бўлиб танда жон. Мени интиқ кутган хонадонимга Қайтиб келмасам гар, сўкманг, Отажон!
Онажон, кечиринг ғўр ўғлингизни, Сизга ҳеч ўғиллик қилолмаяпти. Овутгани лоқал зор кўнглингизни Еттинчи асрдан келолмаяпти.
Ва лекин ишончим яшайди абад, Тоқат топа билинг мени кутишга. Ёнингизга бир кун келаман албат, Шунда ҳам сизларни олиб кетишга!
... Орзуга айб йўқ, юрак орзиқар...
✍️ Хайрулла Ҳамидов