November 14, 2018

У

​​Юнусободдаги ёнғин салкам уч соатда ўчирилди. Уни ўчириш учун 23 та махсус техника жалб этилди

Тошкентда бугун соат 10:00 атрофида ўт ўчириш хизматига Юнусободдаги (ҳайвонот боғи, пул заводининг ёнидаги) синтепон цехида ёнғин чиққани ҳақида хабар келиб тушган. Ўзбекистон ИИ ва Тошкент шаҳар ИИББ томонидан соат 12:30 атрофида берилган хабарларда ёнғин ҳамон давом этаётгани айтилганди.

16:26 да Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати Юнусободдаги ёнғин юзасидан қўшимча ахборот берди: ёнғин 12:49 га келиб тўлиқ ўчирилган, уни ўчириш учун 15 та асосий ва 8 та ёрдамчи махсус ўт ўчириш техникасидан фойдаланилган, олов 2800 квадрат метр (жуда кўп, жуда!) қамраб олган.

Ёнғин оқибатида том, цех иншооти ва унинг ускуналари қисман ёниб кетган. Фақат бир киши — оловни ўзича ўчирмоқчи бўлган цех ишчиларидан бири енгил куйиш тан жароҳатини олган. ИИББ хабарига кўра, ёнғин технологик жараёнга риоя этилмаслиги оқибатида келиб чиққан.

Одатда ўт ўчирувчиларимиз воқеа жойига етиб келганидан сўнг оловни 10—15 дақиқага қолмай ўчириб ташларди, нега бу сафар ўт ўчириш операцияси салкам уч соатга чўзилиб кетди? «Сабаб — ёнғин ҳақида кеч хабар берилганида», — деб ёзади ИИББ матбуот хизмати.