February 28, 2020

Малакали юридик ёрдам кўрсатишда ҳамкорлик

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17-18 октябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи якунлари бўйича Адлия вазири ва вилоят ҳокими ўртасида имзоланган “Йўл харита” ижроси юзасидан жорий йил 28 февраль куни Сурхондарё вилоят Адлия бошқармасида вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари - Тергов бошқармаси бошлиғи К.Гаффаров, Адвокатлар Палатаси ҳудудий бошқармаси бошлиғи А.Каюмов ва бошқарма масъул ходимлари иштирокида вилоятда фаолият юритаётган адвокатлар билан адвокатура соҳасидаги янгиликлар ҳамда соҳада юзага келаётган муаммоларни ҳамкорликда бартараф қилиш мақсадида давра суҳбати ўткизилди.

Мазкур давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Қарори лойиҳаси мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилди.

Маълумот учун, Сурхондарё вилоят адлия бошқармаси томонидан
2019 йил давомида вилоятда фаолият юритаётган 126 нафар адвокатларга иҳтисослиши бўйича яъни фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини юритиш, маъмурий ва жиноий суд ишларини юритиш бўйича лицензия берилганлиги, адвокатлар томонидан 2019 йил давомида 5 738 та юридик ёрдам кўрсатилганлиги таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, тадбирда иштирок этган 12 нафар вилоят ИИБ тергов бошқармаси терговчилари тергов соҳасида адвокатлар билан боғлиқ масалалар, ўз навбатида адвокатлар фаолиятида Ички ишлар органлари тергови билан боғлиқ амалиётдаги айрим муаммолар хусусидаги муҳокамалар якуни юзасидан тегишли таклифлар билдирилиб, келгусидаги ҳамкорликдаги вазифалар белгилаб олинди.