February 19, 2019

«Нима учун бадиий китоб ўқиш керак?»

Бугунги мавзуимиз «Нима учун бадиий китоб ўқиш керак?» деб номланади.

Ёшлигимда уйимизда энг кўп эшитган сўзларимдан бири бу «бадиий китоб ўқигин» бўларди. Менда эса доим бир савол туғиларди «нима учун бадиий китоб ўқишим керак?» Бироқ бу саволга ўзим кутган жавобни ҳеч кимдан олмаганман. Лекин барибир бадиий китобларни ўқирдим. Йиллар ўтиб бу саволга жавоб топдим.

2012 йили АҚШга хорижий стажировкада бўлдим. Унда Калифорния штатидаги бўлган бир учрашув бир умр ёдимда қолди. Бир куни эълон ўқиб қолдим. Унда таниқли бир режиссёр билан ижодий учрашув бўлади ва барча хоҳловчилар иштирок этиши мумкин. Мавзу «Энг яхши кинотеатр ва кино». Бундай вазиятдан фойдаланиш мақсадида мен ҳам ушбу учрашувга бордим. Бинода 100 га яқин мен каби қизиқувчилар келишган. Барчамиз ушбу режиссёрни кутмоқдамиз. Ҳаммамиз ундан қандайдир бир фалсафий ёки профессионал маъруза кутмоқдамиз.

Биз кутган режиссёр кириб келди. Оддий ва камтарона кийимда. Ташриф буюрганларнинг кўплигини кўриб ҳайрон ҳам қолди. Салом аликдан сўнг бир қизиқ савол билан барчамизга мурожаат қилди. «Дунёдаги энг сифатли ва қулай кинотеатр қаерда жойлашган?». Кўпчилик кутилмаган саволдан ҳайрон қолди.

Шунда биринчи қаторда ўтирган қиз Сан-Францискода жойлашган «The Castro Theatre» кинотеатри деб жавоб берди, сабаби у АҚШдаги энг қадимий кинотеатрлардан биридир. Жавоб нотўғри.

Шунда иккинчи қаторда ўтирган кореялик йигит “Сеул шахридаги «Ciné de Chef» кинотеатри бўлиб унда сиз кино вақтида бемалол овқат буюртма қилишингиз мумкин. Бир вақтнинг ўзида ҳам кинодан ҳам овқатдан завқланишингиз мумкин. Шуниси билан ҳам қулай ҳисобланади. Жавоб яна йўқ.

Тепароқда ўтирган қиз қўлини кўтариб - Мен дунёнинг кўп мамлакатларида сайёҳатда бўлганман ва албатта кўп кинотеатрларга ҳам ташриф буюрганман. Сизнинг саволингизга жавоб бу - Афинадаги «Cine Thisio» кинотеатридир. Ушбу кинотеатр очиқ осмон тагида жойлашган. Шундоққина Акрополя ва Пантеона ёнида жойлашган сиз ўзингизни антик даврга саёҳат қилгандай ҳис қиласиз. Жавоб яна йўқ.

Шундан сўнг аудиториядагилар яна Лондондаги, Москвадаги, Берлиндаги, Токиодаги 10 га яқин кинотеатрларни номлари ва у ердаги қулайликлар ҳақида айтишди. Барчасига режиссёр томонидан жавоб йўқ бўлди. Сўнг барча ташриф буюрувчилар бир овоздан топа олмадик ўзингиз айтинг дейишди.

Режиссёр томонидан берилган жавоб мени бутунлай ўйлантириб қўйди.

Режиссёр ўнг қўли билан пешонасига уриб «мана энг зўр ва сифатли кинотеатр» деди. Бутун зал бир овоздан кулиб юборди. Шунда у шошмай ушбу фикрини асослашга ўтди. “Тўғри бу жавобим сизларга ғалати туюлаётгандир ёки мени қариб қолди деб ўйлаётгандирсизлар. Йўқ! Фикримни сизларга исботлаб берсам. Ҳар бир инсон бадиий китоб ўқиганида ўз кинотетри ишга тушади ва ўқиётган воқеани сюжет шаклида кўришни бошлайди. Кино бу режиссёр тасарруфидаги ҳолатни тасмага тушган шакли. Шунинг учун аввал китоб ўқиб сўнг ушбу асарга ишланган кинони кўрсангиз. Биринчи берадиган саволингиз бу мен воқеани ёки актёрларни бошқача тасаввур қилган эдим. Ўхшамабди, менинг Жульеттам бошқачароқ, сал бўйи узунроқ эди. Кинода эса пастроқ дейсиз, яъни сиз китоб ўқиш жараёнизда ўз кинотеатрингиз ишга тушади ва ушбу кинони режиссёри ўзингиз бўласиз. Бу ерда савол туғилади, яъни нимага баъзи кинолар зерикарли бўлади ёки кинотеатрлар ҳувиллаб қолган. Бунинг жавобини сизларга тушунтиришга ҳаракат қиламан. Демак, келинг аввал ҳар биримиз ўзимизни кинотеатрни қандай қуриш мумкинлиги ҳақида гаплашсак. Агар сиз кўп бадиий китоб ўқимаган бўлсангиз демак сизнинг кинотеатрингизда 1925 йиллардаги, яъни Чарли Чаплининг оқ ва қора тасмали ҳолатдаги кинотеатр ишламоқда. Шунинг учун сизнинг китотеатрингиз жуда зерикарли ва сифатсиз. Бундай ҳолатда китоб ўқиганингизда кўнгил айниш, бош оғриғи ва уйқу каби ҳолатларга дуч келасиз ҳамда китоб бошланмасдан ёпилади. Тасаввур қилинг ҳозирги энг кассабоп кинони олайлик, «Аватар» киносини ҳам оқ қора тасмада сизга ҳозир қўйиб берсам 10 дақиқадан сўнг залда деярли ҳеч ким қолмайди. Худди шундай бадиий китобни ҳам замонавий 3D кўзойнагида воқеаларни кўриб ўқиш лозим”. Шунда залдан савол бўлди, қандай қилиб ўз кинотеатримизни замонавий 3D ҳолатига олиб келишимиз мумкин.

«Бунда сиз кўпроқ китоб ўқиш билан» деб жавоб берди. “Сиз дастлабки 5 та бадиий китобни ўқиш жараёнингизда сюжетларни оқ ва қора ҳолатда кўрасиз. Шунинг учун дастлабки жараёнда жуда ҳам қизиқарли ва ҳажми катта бўлмаган китобни ўқишни тавсия этаман. 5-10 та бадиий китобларни ўқиганингизда сиз рангли тасмага ўтасиз. Мисол учун «Граф Монте Кристо»ни ўқиётганингизда Марселнинг ҳатто лабини ва кўз рангини кўришни бошлайсиз. 10-15 чи бадиий китобни ўқиганингиздан сўнг кинотеатрингиз барча сюжетларни ва қаҳрамонларни Full HD форматида кўришни бошлайсиз. Бунда муаллиф томонидан таърифланган барча воқеаларни ипидан игнасигача аниқ равшан кўришни бошлайсиз. Бу ҳолатда сизни ярим кечаси ўйғотиб ўқиган китобингиз ҳақида сўрашса ҳеч иккиланмай ҳар бир бетини айтиб бериш ҳолатига борасиз”

Аудиториядан қизиққон талабалар томонидан яна савол бўлди «15-китобдан кейин қандай кинотеатр бўлади?»

«Даҳшат бўлади. Сиз 3D тасвирдаги кинони кўришни бошлайсиз. Сиз энди тизимли фикрлашга ўтасиз. Тасаввур қилинг 1000 бетли китобни ўқияпсиз. Бунда сиз биринчи бетдаги сюжет билан 875 бетдаги сюжетни ўртасидаги воқеларни боғлай оласиз. Сиз муаллиф ёзмаган, бироқ айтмоқчи бўлган гапини ҳам тушунишни бошлайсиз. Шунингдек, сиз мутолаа қилишни бошлайсиз. Сиз савол беришни бошлайсиз, нимага бундай бўлди, нима учун ёзувчи қаҳрамонни ўлдирди, бошқача йўл тутса ҳам бўлардику. Мана шу ҳолатга етган инсонлардагина фикрлаш пайдо бўлади, фикр мукаммаллашса у ғояга айланади, ғоя ноодатий ҳолатни талаб қилса бу креативлик бўлади. Агар сиз креативликни ҳаётга татбиқ этсангиз бу инновация бўлади».

Мана сизларга ҳурматли тингловчилар, қаердан инновация пайдо бўлиши мумкин.

Ушбу воқеан куни кеча Президентимизнинг «Ҳар бир раҳбар кунига камида 50 бет китоб ўқиши керак», деган сўзларидан сўнг ёзишга киришдим.

Сабаби бугун давлат бошқарувида, ОАВ ва жамиятимизда энг кўп ишлатилаётган сўзлардан бири бу албатта инновациядир. Фақат савол кунига 1000 марта ушбу сўзни ишлатганингиз билан биз бирор соҳага инновация ўз-ўзидан кириб қолмайди. Агар биз давлат ва жамият бошқарувида инновацияни қўлламоқчи эканмиз, аввал ҳар биримиз ўзимизни кинотеатримиз қайси аҳволда эканлигига назар солайлик. Оқ ва қора тасмали кинотеатр билан ҳеч қандай инновация қилиб бўлмайди.

Агар ҳар биримизнинг кинотеатримиз қайси ҳолатдалигини аниқлайдиган ускуна бўлганда борми, кўпчилик 21 асрда яшаб ҳалиям оқ ва қора Чайка телевизорларда яшаб келаётганига гувоҳ бўлармидик?! Балки шунинг учун ҳам инновация жуда қийинчилик билан жамиятимизга кириб келаётгандир. Кўп давлат хизматида фаолият юритаётганларга охирги ўқиган бадиий китоб номини айтиб беринг десам, жавоб оддий иш кўп китоб ўқишга вақт йўқ деб жавоб беришади. Хўш шу ерда савол туғилади. Нима учун баъзи давлат ходимлари берилган топшириқларни тўлиқ тушунмайди ёки ўз соҳасига янгилик кирита олмайди. Бугун 7 ёшдан 70 ёшгача китоб мутолаа қилишни бошлашимиз керак. Балки 1 йилга фавқулодда ҳолат эълон қилиб (албатта яхши маънода) барча давлат ходимлари учун кунига бир соат иш вақтида китобхонлик соатини ташкил қилишимиз лозимдир, шунда барча жамиятдаги муаммоларга янгича, креативлик билан қарашга, уларни инновацияни қўллаган ҳолда ечишга киришармидик. Нимага жудаям юмуши кўп Билл Гейтс, Барак Обама ёки Илон Маск ҳар йили ўзи ўқиган 10 та китоблар рўйхатини эълон қилади. Билл Гейтс Бир интервьюсида, журналист унга савол билан мурожаат қилди «Жаноб Гейтс сизни доим янгилик қилишингизга биз кўникиб бормоқдамиз. Фақат савол ушбу янгиликларни қаердан оласиз?» жавоб жуда оддий бўлганди. «Мен кунига оз бўлса ҳам китоб мутолаа қиламан. Бу менинг доим фикрларим тиниқлигига ва янгилик қилишга куч беради».

Ҳар йили дунё мамлакатларини китобхонлик рейтинги эълон қилинади. 2017 йил якунларига кўра Хитой, Испания ва Россия давлатлари фуқаролари ҳафтасига 7-9 соат китоб мутолаа қилишар экан. Шунингдек, ушбу тадқиқотда аҳоли сонига нисбатан китоблар савдоси сони таққосланар экан. Алам қиладигани биз кучли 100 таликда ҳам йўқлигимиздир. Кучли 20 таликдаги давлатлар билан давлат бошқарувида инновацияни аниқлайдиган рейтингни солиштирсак аксарият давлатлар мос келади. Бундан шу хулосага келиш мумкинки, китобхонлик ривожланган мамлакатларда инновацион ғоялар билан ўзаро боғлиқдир.

Савол. Сизнинг кинотеатрингиз қайдай аҳволда? Қандай форматда киноларни кўрасиз? Ҳали ҳам кеч эмас.

Китоб ўқимасликка 1000 та баҳонамиз бор, бироқ китоб ўқишга эса биттагина у ҳам бўлса инсонийлигимизни сақлаб қолиш баҳонаси.

Отабек Хасанов

Сиёсий фанлар доктори (PhD)

@liderlar