АБУ НАСР ФАРОБИЙНИНГ “ФОЗИЛ ОДАМЛАР ШАҲРИ”
Фозиллар шаҳри ҳокимининг фазилатлари:
Бундай шаҳарга ҳоким бўладиган одам (Аллоҳдан бошқа) ҳеч кимга бўйсунмаслиги керак. Фозиллар шаҳрининг биринчи бошлиғи шу шаҳар аҳолисига имомлик қилувчи оқил киши бўлиб, у табиатан ўн иккита ҳислат-фазилатни ўзида бирлаштирган бўлиши зарур. Фозиллар шаҳри ҳокими аввало тўрт мучали соғ-солим бўлиб, ўзига юкланган вазифаларни бажаришида бирор аъзосидаги нуқсони ҳалал бермаслиги лозим. Аксинча. у соғ-саломатлиги туфайли бу вазифаларни осон бажариши лозим. (Иккинчидан), бундай шаҳар ҳокими табиатан нозик фаросатли бўлиб, суҳбатдошинг сўзларини, фикрларини тез тушуниб, тез илғаб олиши, шу соҳада умумий аҳвол қандайлигини равшан тасаввур қила олиши зарур. (Учинчидан), у англаган, кўрган, эшитган, идрок этган нарсаларни хотирасида тўла-тўкис сақлаб қолиши, барча тафсилотларни унутмаслиги зарур. (Тўртинчидан), у зеҳни ўткир, зукко бўлиб, ҳар қандай нарсанинг билинар-билинмас аломатларини ва у аломатлари нимани англатишини тез билиб, сезиб олиши зарур. (Бешинчидан), у фикрини равшан тушунтира олиш мақсадида, чиройли сўзлар билан ифодалай олиши зарур. (Олтинчидан), у (устозлардан) таълим олишга, билим, маърифатга ҳавасли бўлиши, ўқиш, ўрганиш жараёнида сира чарчамайдиган, бунинг сира қочмайдиган бўлиши зарур. (Еттинчи), таом ейишда, ичимликда, аёлларга яқинлик қилишда очофат эмас, аксинча, ўзини тия оладиган бўлиши, (қимор ёки бошқа) ўйинлардан завқ ҳузур олишдан узоқ, бўлиши зарур. (Саккизинчи), у хақ ва хақиқатни, одил ва хақгўй одамларни севадиган, ёлғонни ва ёлғончиларни ёмон кўрадиган бўлиши зарур. (Тўққизинчи), у ўз қадрини билувчи ва номус-ориятли одам бўлиши, пасткашликлардан юқори турувчи, туғма олийҳиммат бўлиши, улуғ, олий ишларга интилиши зарур. (Ўнинчи), бу дунё молларига, динор ва дирхамларга кўз тикмайдиган (мол-дунё кетидан қувмайдиган) бўлиши зарур. (Ўн биринчи) табиатан адодатпарвар бўлиб, одил одамларли севадиган, истибдод ва жабр-зулмли, мустабид ва золимларни ёмон кўрувчи, ўз одамларига ҳам, бегонларга ҳам зиддият қилувчи, барчани адолатга чақирувчи, ноҳақ жабрланганларга мадад берувчи, барчага яхшиликни ва ўзи суйган гўзалликларни раво кўрувчи бўлиши зарур. Ўзи ҳақ иш олдида ўжарлик қилмай, одил иш тутгани ҳолда ҳар қандай ҳақсизлик ва разолатларга муросасиз бўлиши зарур. (Ўн иккинчи), ўзи зарур деб ҳисоблаган чора-тадбирларни амалга оширишда қатъиятли, саботли, журъатли, жасур бўлиши, қўрқоқлик ва ҳадиксирашларга йўл қўймаслиги зарур.
Мана шу барча хислатларнинг бир одамда жамланиши амри маҳол, зеро бундай туғма фазилатлар соҳиби бўлган одамлар жуда кам учрайди ва улар нодир инсонлардир. Мабодо фозиллар шаҳрида шундай баркамол инсон топилиб қолса, унда юқоридаги фазилатлардан олтитаси, ёки бештаси камол топганида ҳам, у одил ва заковатда беназирлиги туфайли фозиллар шаҳрига раҳбарлик қила олади. Баъзи маҳалларда фозиллар шаҳрида бундай одам йўқ бўлиб қолганида ҳам (вафот этганида, ёхуд бошқа жойга кетган вақтида — М.М.) ана шу имом (ҳоким) ёхуд унинг издошлари (агар мазкур имомдан кейин бирин-кетин шаҳарга бошлиқ бўлсалар) чиқарган қонун ва тартибларга амал қилинади.
Аввалги имом ўрнига келган кейинги раҳбарда ҳам юқорида айтилган ҳислатлар — фазилатлар ёшликдан шаклланган бўлиши зарур. Ана шунда бу кейинги имомда яна олтита фазилат ҳосил қилиниши зарур:
Биринчи — донишмандлик.
Иккинчи — аввалги имомлар ўрнатган қонунлар ва тартибларни хотирида яхши сақлаб қолиш ва уларга амал қилиши учун қувваи ҳофизага эга бўлиш.
Учинчи — агар аввалги имомлар давридан бирор (ёки бир қанча) соҳага тааллуқли қонун қолмаган бўлса, бундай қонунни ўйлаб топиш учун ижод, ихтиро қилиш қувватига эга бўлиш.
Тўртинчи — ҳозирги ҳақиқий аҳволни тез пайқаб олиш ва келгусида юз берадиган, аввалги имомлар кўзда тутмаган воқеаларни олдиндан кўра билиш учун башоратгўйлик ҳислатига эга бўлиш. Бу ҳислат унга халқ фаровонлигини яхшилаш йўлида керак бўлади.
Бешинчи — аввалги имомлар ўрнатган қонунларга, шунингдек, аввалгилардан ибрат олиб, ўзи тузиб чиқарган қонунларга халқ амал қилиши учун қизғин сўзлаш — нотиқлик хислатига эга бўлиши.
Олтинчи — зарур ҳолларда ҳарбий ишларига моҳирона раҳбарлик қилиш учун етарли жисмоний қувватга эга бўлиши ҳам жанг қилиши, ҳам саркарда сифатида жангу-жадалга раҳбарлик қилиш учун ҳарбий санъатни яхши билиш.
Мабодо шу хислатларнинг барчасини ўзида жамлаган бир одам топилмаса, лекин икки киши биргалашиб, шу хислатларга эга бўлишса (яъни бири — донишманд, иккинчиси — қолган ҳислатлар соҳиби бўлса) шу икковини фозиллар шаҳрига раҳбарликка қўйиш зарур. Мабодо бир гуруҳ одамлар биргаликда ана шу ҳислатларга эга бўлишса (яъни — бирида бу, иккинчисида у, учинчисида яна бошқа ҳислатлар бўлса) ана шу фозиллар гуруҳини юрт раҳбарлигига қўйиш зарур. Шу гуруҳ аъзолари биргалашиб, ўзаро келишиб ҳаракат қилса ҳар бири фозил ҳоким бўлиши мумкин. Мабодо бирор замонда фозиллар шаҳрида ҳокимлик қилаётган бир ёки бир неча кишида бошқа зарур ҳислатлар бўлсаю, аммо, донишмандлик бўлмаса, фозиллар шаҳри яхши ҳокимсиз қолади, бундай шаҳар ҳалокатга юз тутади.
Манба: Абу Наср Фаробий “Фозил одамлар шаҳри” асари. Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти. 159-161бетлар.
Тайёрловчилар: Отабек Хасанов, Улуғбек Хўжақулов, Даврон Юсупжонов.