Картошка баҳона…
1985 йили раҳматлик отам бирданига шошилинч равишда нафақага чиқдилар. У киши ишхоналарида зарур ходим бўлганликлари учун кўпчилик ҳайрон бўлди. Отамиз ўзимизда ва бир қанча хориж мамлакатларида ўз касблари орқали машҳур эдилар ва эришган ҳурматлари ҳам шунинг орқасидан эди.
Уйдагилар ҳам бир оз ҳайрон бўлганимизга жавобан у киши: “биринчидан, нафақа ёшидан ошдим, иккинчидан, қачонгача ҳар куни ишга кеч қолдимми-йўқми деб юраман, энди дам олишга ҳақлиман” дедилар. Мени бу жавоб қониқтирмади ва ўзимча ишхоналарида кўнгилларини қолдирадиган бирон сабаб бўлган бўлса керак, деган гумонга бордим.
Бир куни менга даладаги амакиларини бирга бориб кўриб келишимизни айтдилар. Мен эрта билан отамларни олиб амакилариникига, Кўктерак яқинидаги уйларига олиб бордим. Отамизнинг амакилари аёллари билан ёлғиз яшашар эди. Уларнинг фарзандлари бўлмагани учун улардан биз ва ўша қишлоқда яшайдиган қариндошлар хабар олиб туришар эди. Чол-кампирнинг ёшлари 85 дан ўтган, бизнинг уйимизда туришга ҳеч розилик беришмас эди. Олиб келганимизда ҳам зўрға бир кеча туришар, гўё ҳовлимиз девори нафасларини бўғарди. Ўзларининг уйлари эса даланинг қоқ ўртасида бўлиб, умуман девори булмаган ва қўни-қўшнилар уйлари ҳам узоқ эди. Амакимникига борганимизда амаки курси атрофида ўтирар, буви касал аҳволда ётган эканлар.
Ўша куни кечгача далада булдик. Амаки билан ҳазил-мутойиба қилиб, кўнгилларини олдик. Эртасига отам мени чақириб: “Ҳозир анча эркинман. Кеча кўрдинг, амакиникида қанча ер бўш ётибди. Шу далага бориб, ўша ерда деҳқончилик қилмоқчиман. Мен учун у ер жуда азиз, ўша ерда туғилганман, отам вафотларигача ўша ерда турганман. Доим ўша ерда туриб, деҳқончилик қилишни кўнглим қўмсар эди, лекин мана энди қариганимда имконим бор” дедилар. Мен ишонқирамадим, сабаби улар деҳқончиликни билмас эдилар. Машҳур инсон ҳамма нарсани йиғиштириб деҳқончилик қилишлари биз учун ҳам ғалати ҳол эди. Мен эътироз билдириб, бунга ҳеч қандай муҳтожлик йўқ-ку десам ҳам улар ўз фикрларида қатъий булдилар ва менга картошга уруғи топиб келишни буюрдилар. Мен айтганларидек, уруғлик олиб келдим-да эртасига отамларни олиб, қишлоққа олиб бордим. Уруғликни бир жойга туширдим ва олиб борган бошқа озиқ-овқатларни ҳовлига олиб кириб қўйдим.
Отам менга: “Сен энди кетавер, бирор хафтадан кейин хабар оларсан” дедилар. Мен икки кун ўтгандан кейин кечқурун қишлоққа бордим. Отам ҳовлидаги супада амакилари билан чақчақлашиб ўтиришган экан. Мен четда турган уруғлик солинган қопларга қараб, “Картошкани ҳали экмабсиз-ку” дедим. Отам кулдилар-да: “Шунинг учун бир ҳафтадан кейин келгин дегандим-да” дедилар. Мен уларга бирон деҳқондан ёрдамчи гаплашиб берай десам, рад этдилар.
Уч кундан кейин яна бордим ва кираверишда қўшниларидан бири чиқиб келаётганини кўриб, бориб саломлашдим. Қўшни очиқ чеҳрали киши экан, мен билан бир оз сўрашиб: “Биз жуда қойил қолдик отангизга. Бутун умрлари шаҳарда ўтган, бир кун ҳам деҳқончилик қилмаган инсон шунча ерни кетмон билан чопиб картошкани рисоладагидек қилиб экканларини қаранг” деди. Кейин билсам аввалги борган куним кўрган қоплардаги картошкани шу қўшни берган экан, мен олиб берган уруғликни эса отам ўша куниёқ экиб булган эканлар. Мени хижолат қилмаслик учун индамаган эканлар.
Шу алфозда ёз ўта бошлади. Мен вақти-вақти билан хабар олиб турдим. Орада амакининг аёллари оламдан ўтдилар, биз ҳамма маросимларни ўтказдик. Бу орада картошка ҳам етилиб, ҳосил оладиган вақт етиб келди. Отам: “Мана энди сизлар ҳам ҳиссангизни қўшадиган вақт келди, фалон куни келинглар, менга картошкани қазиб олишга ёрдам беринглар” дедилар. Айтган кунлари эрталаб мен, аёлим, опаларим ва поччалар билан далага бордик. Отам экин майдонида картошкани қазиб қопларга солаётган эканлар. Териб қўйилган саккиз қопни опаларимга: “Буни сизлар учун териб қўйдим, машиналарингизга солиб кетаверинглар, қолганини ўғлим билан келиним теришади” деб уларни ишдан озод қилдилар.
Биз аёлим билан ишга тушиб кетдик, картошкани челакка солиб, бир олма дарахтининг тагига олиб бориб тўкавердик. Кечгача ҳамма ҳосилни териб, уйиб қўйдик. Отам иккита бўш қоп олиб келдилар-да шунга картошка солиб машинамга қўйишни буюрдилар. Мен: “Айтмабсиз-да, келишимда қоплардан олиб келардим, яна 7-8 қоп керак” дедим. Отам: “Бизга шу икки қоп етади, қолганлари қўшнига қолади” дедилар. Отам бояги қўшнини чақирдилар-да, уюм турган картошкага ишора қилиб: “Буни сизга қолдирдик, биз керагини олдик. Энди мен ҳам уйга боришим керак, сиз амакидан хабар олиб туринг, биз вақти-вақти билан келиб турамиз” дедилар.
Биз вақти-вақти билан амакидан хабар олиб турдик. Амаки ҳам вақт соатлари етиб, оламдан ўтдилар, уларнинг ҳам ҳамма маросимларини қилдик. Бошқа картошка экиш масаласига қайтмадик.
Отам яна ўз касблари бўйича фаолиятни давом эттирдилар. Аввалгидан кўра ишга кўпроқ банд бўлдилар, ҳар кунлари баракали, унумли бўлиб, ишхоналарида ҳам азиз булиб, жуда кўп хориж мамлакатларига таклиф қилиндилар ва умрларининг охиригача одамлар эътиборида бўлдилар. Отам сермазмун умр кўриб, 89 ёшда оламдан ўтдилар.
Уларнинг ҳаёт ва ижодлари ҳақида ҳужжатли фильм яратиш даврида фильм ижодкорлари менга мурожаат қилиб, туғилган қишлоқларига олиб боришимни илтимос қилишди. Мен албатта рози бўлиб, уларни ҳам ўша қишлоққа олиб бордим. Гуруҳ ўз ишини бошлаб, лавҳаларни суратга олишаётган пайтда ўша қўшни киши олдимизга келиб, саломлашди ва менга: “Мени танияпсизми?” деди. Мен: “Ҳа, Сиз амакининг қўшниси эдингиз” дедим. Шунда у киши: “Отангиз қандай ажойиб инсон эдилар, ўша йили картошка баҳона чол-кампирга қараш учун келганларини биласизми?” деди мени ҳайрон қолдириб. “Нега ундан кейин ҳам, олдин ҳам бу ишни қилмаганларини ўйлаб кўрмадингизми? Бир куни қарасам отангиз уй ичидан тувак кўтариб чиқиб, ҳожатхонада бўшатдилар-да, чайиб яна олиб кириб кетдилар. Эртасига шу иш яна қайтарилди. Билсам кампирнинг тагига тувак қўйиб, кейин таҳорат килдилар эканлар. Чунки кампир оғир ахволда ўзини эплолмас эди. Мен жуда қаттиқ таъсирландим. Кечқурун олдиларига келиб: “Сиз машҳур одамсиз, мол-дунёнгиз етарли, бирон-бир одамни шу ишларга ёллашингиз мумкин-ку” дедим. Улар бир жилмайдилар-да кейин жиддий оҳангда: “Мен фарзандларимга ҳам айтсам бу ишни қилишади, одам ёллаш менга қийин эмас, лекин қариган одамга меҳр керак, айниқса фарзанди бўлмаган инсонларга. Ўйлаб кўринг, шу ҳолатида уларнинг кўнглидан нималар ўтади. Мен буни меҳр билан қиламан, менда бу ишдан сесканиш бўлмади. Қолаверса, буни болаларимга ҳам билдирмадим ва бу ерда туриш учун картошка экишни баҳона қилдим” дедилар”. Бу гапни хайратланиб эшитдим, кўзимга ёш келди.
Кўп нарсадан воз кечиб, одамлар эътиборидан ўзларини четга олиб, шу қари инсонларга меҳр беришни ҳар нарсадан устун қўйган отамнинг фазилатларини ҳозирда фарзандларимга гўзал хулқ намунаси қилиб гапириб юраман.
Алишер Алиматов
Манба: ziyouz.uz