ЭЛЧИ
Демак ҲАММА ЎҚИШИ ШАРТ!!! Номли рубрикамизни иккинчи сонини сизларга тақдим этаман.
Биринчи сонида сизлар билан “Гарсияга Мактуб” номли ҳикояни жойлаштирган эдим. Кўпчиликни қизиққанини ва ўқиб чиққанларни сонини кўриб хурсанд бўлдим. Сабаби инсон ўзи ўрганган ёки ўқиб ундан кўп фойдали маълумотлар олган бўлса, уни ўзгаларга ишлиниши керак деб ўйлайман. Сабаби маънавият ва маърифат фақатгина кутубхонада сақланиши лозим эмас. Уни қўлдан қўлга, инсонлардан бошқа инсонларга доим ўтиб ҳаракатланиши лозим. Бир давлатда 1000 та кутубхона бўлиши мумкин лекин аҳолиси дунёқараши ва маънавияти паст бўлиши мумкин, аксинча кутубхонаси кўп эмас балки етарли бўлиши мумкин, лекин фуқаролари маънавиятли ва маърифатли бўлиши мумкин.
Бугун сизларга тақдим этадиган ҳикоям номи ЭЛЧИ, муаллиф Умар Сайфиддин. Уни ўзбек тилига Жаҳонгир таржима қилган. Ушбу ҳикояни менга ўқишга тавсия этишди. Фақат буни топиш жуда қийин бўлди. Сабаби Тафаккур журналида 1995 йил чиққан экан. Нигора Умаровадан базўр топдим. Бир нафасда ўқиб ва уқиб чиқдим. Ростини айтсам ўзим мазза қилдим. Иккита катта саволга жавоб олдим. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ёшлар куни муносабати билан йўллаган табригида “Афсуски, ёшларимиз ҳаётидаги катта-кичик ҳар бир муаммога жиддий қараб, аниқ амалий ечим топиш, ёшлар билан бевосита ишлаш, доимий мулоқот қилиш ўрнига дабдабали тадбирлар ўтказиш, кампаниябозликка берилишдек яроқсиз иш усулидан ҳали ҳам бутунлай қутулганимиз йўқ”.
Савол нимага бугун ватанпарвар ёшларимиз ва фуқароларимиз камайиб кетмоқда. Хизмат сафари билан жойларга чиққанда, аҳоли билан учрашганимизда бунга гувох бўлмоқдамиз. Давлат менга ҳали буни қилиб берсин, ҳали буни қилиб берсин деган кўп шикоятларни эшитамиз. Тўғри бугун Президентимиз муаммоларни жойларда ўрганган ҳолда аҳолига ёрдам беришимиз кераклигини айтмоқда. Лекин биз ҳам давлатга нимадирни фидо қилишимиз керакку. Бу баланд парвоз гап эмас. Мени таниганлар яхши билади мен бундай нарсадар йироқ инсонман. Лекин нимага бугун фидоий ва ватанпарвар ёшларни тарбиялашда орқада қолмоқдамиз. Ҳоҳлаган ривожланган давлатларни босиб ўтган тараққиёт йўлини ўргансангиз фидойилик, ватанпарварлик ва ватан менга нима берди эмас, мен ватанга нима бердим деган фуқаролар билан ушбу машаққатли йўлни босиб ўтган.
Иккинчи олган жавобим, бунда бугунги кунда давлат хизматида ишлаётган айрим инсонларни лаганбардорлик, амалпарастлик ўз манфаатини ҳамма нарсадан устун қўйиш каби иллатларни ўзида мукаммал ўзлаштирган ходимларни мавжудлигидир. Ушбу ҳикоя қаҳрамони Муҳсин Чалабий каби инсонларни тарбиялашимиз керак. Унинг қуйидаги гаплари “Чунки мен бўйин эголмайман, қўлу либос четларини ўпишга одатланмаганман. Бугунги мансабдорлар ўз мавқеига эгилиб-букилиб, иккиюзламачилик ва хушомадлар ила қўлу этакни, ҳатто оёқларни ўпиб эришганлар. Уларнинг арзандаю яқинлари, улар ҳомийлигида кун кечираётган кимки бор — бари тубан иккиюзламачи, ахлоқсиз хушомадгўй, виждонсиз лўттибоз, жирканч текинхўрлардир. Атрофларида довюрак, қадр-қимматини билувчи ҳалол инсонни кўрсалар борми, қутуриб, хусуматга тўлиб-тошиб, уни йўқ қилиш пайига тушадилар”. Бу гаплар бугун бизда ҳам учраб туриптику. Албатта бугун жамиятимизда фидойи ва ватанпарвар ёшларимиз бор, лекин шундай иллатлар мавжудлиги учун уларни йўқотиб қўймаяпмизми?
Роуэн (Гарсияга мактубдаги) ва Муҳсин Чалабий каби ёшларни тарбиялаш учун нима қилишимиз кера? Ёшлар Иттифоқи шундай нарсалар ҳақида кўпроқ ўйласа яхши бўларди, Президентимиз таъкидлаганидек мажлисбозликлар ўрнига.
Демак ҳикояни тақдим этаман. Ўйлайманки уни ўқиб тугатганингиздан сўнг ўзингизга камида 5 та савол берасиз. Агар маъқул келса дўстларингизга илининг. Таржимон ва муаллифдан узр сўраган ҳолда баъзи жойларини қисқартирдим.
ЭЛЧИ
(Умар Сайфиддин)
Улкан гумбазли вазирлар саройининг салқин ва нимқоронғи мажлис толори одатдагидан сокин. Ташқарида баҳорий нафас. Бўзранг офтоб нурлари кошинларнинг яшил нақшларида товланади.
Парқу ўриндиқларга чўккан ҳорғин вазирлар оёқлари остида ял-ял ёнган гиламнинг турфа нақшларини томоша қилиш билан банд, мадорсиз қўли узун оппоқ соқолини тутамлаган шайхулаъзамнинг нурсиз кўзлари, гўё жуда олис ҳам тушунарсиз нарсалар ҳақида ўй сураётгандек, бўшлиққа қадалган.
– Пошшолар, биз жасур бир инсонга муҳтожмиз, — деди у. — Эрон шоҳининг олтину олмос, зар либосларга бурканган элчиси подишоҳимизнинг қўлини ўпишга мушарраф бўлолмай, ул зоти олийларининг тиззасини ўпди, холос. Шубҳа йўқки, Эрон шоҳи ҳам бизнинг элчимизга худди шу йўсинда муносабатда бўлғай.
Вазирлар маъқуллади:
– Албатта.
– Турган гaп.
– Шак-шубҳасиз...
Гумонлари вазирларнинг фикри билан ҳамоҳанг эканидан дадиллашган шайхулаъзам энди сўзларини очиқроқ изоҳлашга ўтди:
– Алалхусус, элчилик қилгучи одам ўта жасур бўлмоғи, керак бўлса, ўлимга ҳам тик бормоғи шарт. У давлатимиз шаънига оғир ботгучи ҳар бир хатти-ҳаракатга қарши чиқмоғи, ўлим тахдид солиб турганда ҳам ҳақоратларга бўйин эгмаслиги лозим.
Барча унинг гапига қўшилди:
– Ҳа, ха!
– Ҳақ гап!
– Тўғри!
Шайхулаъзам соқол тутамлашни қўйиб қўлларини тиззаларига тиради, бошларида шукуҳли тожлар солланиб турган вазирларга бир-бир қараб чиқдида, сўзида давом этди:
– Бале, шундай экан, жасур бирини топинг. Мен бундай эрни на амалдорлар, на сарой, ва на ҳатто мажлис аҳли ичинда учратдим. Сиз ҳам фикр қилинг.
Тақводор, тинчликсевар, беозор подшоҳ ҳукмдорлик қилаётган улкан дав- латнинг кичик мияси ҳисобланмиш мажлис аҳли сукутга чўмган эди.
Элчини етти йилдан сўнг кўпдан-кўп қабиҳликлари учун турк султони Ёвуз томонидан оғир жазоланган Эрон шоҳи Исмоил Сафавий (Шоҳ Исмоил 1502-24 йиллар Эронда ҳукмдорлик қилган) ҳузурига жўнатиш лозим эди.
Қулаб, кули кўкка соврилган Оққўйлилар салтанати харобаларида шоҳ Исмоил қароқчи давлат қуришга муваффақ бўлди. Йўлидаги биронта дарахтни ҳам айланиб ўтмаган бу зулмкор шоҳ ота-боболари қасосини олгани учун ҳам кибру манманликни касб этган эди. У мислсиз ваҳшийликлари билан дунёга донг таратган; бир гал паноҳ истаб келган тарафдорларини базмга чақириб, базм сўнгида уларни дошқозонда тириклайин қайнатган, маглуб бўлган ўзбек султонининг бош чаноғида май ичиб кўнгилхушлик қилган эди. Дарҳақиқат, дунё ҳали бундайин золимни кўрмаган эди.
Боязиднинг тинчликсевар, тақводор вазирлари шоҳнинг бу ваҳшийликларини титроқ билан эсларди. Куни келиб бу ёвуз турк чегараларига ҳам ҳужум қилиб, шарқий вилоятларни босиб олиши мумкинлиги барчага аён эди. Ўтган йили у Зулқадрия (Зулқадрия — қадим Онадўлининг жануби-шарқидаги кичик давлат) ҳокими Алауддавланинг қизини танмаҳрамлик- ка сўради. Сўрадию, Алауддавладан рад жавобини олди. Жаҳолатга минган Исмоил қўшин тортди. У турк салтанати ҳудудларидан ўтиб, ҳимоясиз Зулқадрия чегараларига ҳужум қилди, Диёрбакир, Харпут қалъаларини эгаллаб, Алауддавланинг ўгли ва икки набирасини асир олди. (Алауддавланинг ўзи киши етмас тоғларга қочиб жон сақлади.) Шоҳ Исмоил бандиларни сихга тортиб кабоб қилишни буюрди, сўнг ҳеч тап тортмай ундан танаввул қилди. Шарқда бундай даҳшатли воқеани илк бор эшитишл��ри эди. Уруш қилиш ниятидан йироқ подшоҳ Анқарага Яҳё пошшо бошчилигида қўшин юбориш билан чекланди.
Лекин, шоҳ қонхўрлигига яраша айёр ҳам эди. У Усмонли ерларидан бесўроқ ўтгани учун афу истаб, Истанбулга тез-тез элчи юбориб турди. Ўша замонлар Трабзон ҳокими бўлган валиаҳд Ёвуз отасидек сабрли эмасди: у Табриз чегарасидан ўтиб, Бойбурт ва Эрзинжонга қадар бўлган ерларнинг кулини кўкка совурди, ҳатто шоҳ Исмоилнинг укасини асир ҳам олди. Исмоил элчиси энди бу ҳужумдан норозилигини билдирмоқда, Усмонли тупрокдарига қилинган тажовуз умуман турк салтанатига эмас, фақат Алауддавлага қарши қаратилганини исботлашга уринмоқда ёди.
Бу кун мажлис аҳли маккор ва қонхўр Эрон шоҳи ҳузурига кимни элчи қилиб жўнатишни билмай танг қолган эди. Чунки ўзини Усмонли султонига тенг қўйган, ҳатто Шарқда улкан салтанат қуришга муваффақ бўлган бу кибрли шоҳ элчини турли йўллар билан камситишга ҳаракат қилиши, қаршилик кўрсатгудек бўлса, қозиққа ўтқизиши, тириклайин терисини шилиб олиши, хуллас, ваҳшийларча ўлдириши мумкинлиги ҳар кимга кундек равшан эди.
Шайхулаъзамнинг ўнг томонида қабр тошидек қимир этмай турган қизил тожли кавук (Кавук — султонлик амалдорларининг эски бош кийими) ҳаракатга келиб, аста шайхулаъзам тарафга бурилди.
– Бундай масъулиятли ишнинг уддасидан чиқадиган кишини биламан, — деди кавук кийган уламо. — Отаси қадрдон дўстим эди. Лекин у давлат хизматига киришдан қатъий бош тортган.
– Ким экан у?
– Муҳсин Чалабий.
Шайхулаъзам бу исмни илк бор эшитиб тургани учун ҳам сўради:
– Шу яқин атрофда яшайдими?
– Худди шундай.
Касб-кори нима?
– У анча ўзига тўқ, деярли ҳар вақт китоб мутолааси билан машғул. Танимаслигингизга асос бор, афандим. Ном чиқарган хонадонларга асло қадамранжида этмас. Шуҳрат кетидан қувмайдиганлар тоифасидан ул...
– Боиси не?
– Билмадим. Балки, юксалиш муқаррар суратда қулаш билан интиҳо топишини англаб етганидандир...
– Ажаб...
– Лекин у жасур инсон. Ҳақ ишга жонини ҳам аямайди. Кўп бор ҳарб сафарларида қатнашган. Юзидаги чандиқлар шу сафарлардан ёдгор...
– Бундай ишга розилик беришига аминмисиз?
– Айтиш қийин.
– У билан кўришсак, алҳамдулиллаҳ, рози бўлғусидир...
– Чақиртирсангиз, ҳузурингизга келмасми, деган истиҳолам бор.
– Бу деганингиз не?
– Келмаслиги ҳам эҳтимолдан холи эмас. Бу дунёдан этак силтаган у. Унинг учун шоҳу гадо баробар.
– Ҳеч қурса, ватанини севар?
– Шак-шубҳа йўқ...
– Ундоқ бўлса, бу ерга уни ўз номимиздан эмас, Ватан номи ила даъват этурмиз.
– Уриниб кўрмоққа ижозат бергайсиз, афандим.
Шу оқшом шайхулаъзам ишбошисининг қўлига мактуб тутқазиб, Муҳсин Чалабийнинг Истанбулнинг Осиё қисми — Ускудордаги уйига жўнатди. Но¬мада давлат миқёсидаги зарур маслаҳат юзасидан шайхулаъзам ҳузурига келиш илтимоси битилган эди.
Муҳсин Чалабий келганини билдирганларида шайхулаъзам бомдод намо- зидан сўнг қасрининг эрлар тарафидаги ҳинд матосидан тикилган оғир пардали, мўъжазгина нимқоронғи ҳужрасида котиби қолдирган арзномаларни ўқиш билан банд эди.
– Буюринг, кирсин, — деди у.
Атрофидагилар эҳтироми, хушомадию қуллуқларига ўрганиб кетган шай- хулаъзам бир муддат бу одамнинг тавозе ила оёқлари остига бош қўйишини кутиб турди. У четлари залворли зардўзлик билан безалган нафармон мато қопланган уриндиқда соф олтиндан қуйилган ҳайкалдек қотиб ўтирар, келгиндига таажжуб-ла бошдан-оёқ разм солиб сукут сақлар — қаршисида кўксини кериб, бошини тик тутиб турган одамни умрида илк бор кўриши эди.
Ноқулай жимликни Муҳсин Чалабий бузди:
– Чақирган экансиз, афандим.
– Биласанми...
– Қулоғим сизда, афандим.
– Яқинроқ ўтир, ўғлим.
Муҳсин Чалабий ҳайиқмай, қўрқмай шайхулаъзам ёнига келиб ўтирди. Шайхулаъзам эса ҳамон қулидаги қоғозларни кўздан кечираётгандек бўлиб, «Ким экан ўзи бу? Телбамикин ё?» деган ўйни хаёлидан ўтказарди.
Бироқ Муҳсин Чалабийнинг ақли расо, қолаверса, ҳеч кимга муте бўлмай яшаш учун етарли давлати ҳам бор эди. Унинг каттагина қўтони, Чамлижа ўрмони ортидаги ери манаман деган бойнинг мулкидан қолишмасди. У ҳалол яшар, ҳеч кимнинг олдида буйин эгмас, камбағалу бечорага, касалман-ду бошпанасизларга ёрдам бериб келар эди. Хонадонидан меҳмон аримасди. У художуй, аммо сира мутаассиб эмасди. Муҳсин Чалабий она юртини ҳаддан зиёд севар, ватанини Каъбадек муқаддас билар эди. Эътиқоди — Оллохдан узгасига сажда қилмаслик, қулнинг қулига итоат этмасликдан иборат эди. Унинг фазилату илмиға ҳайрон эдилар. Замондоши, таниқли олим Ибн Комол у ҳақда «Менинг устозим шу!» деган эди. Муҳсин Чалабий, биронта қасида ёзмаган ва ҳатто ўқимаган бўлса ҳам, қалбан шоир эди. У қирқлардан ошган, аммо қаршисида намоён бўлган шон-шуҳратга элтувчи ҳеч бир йўлни танламаган эди. У олтиндан жилоланган, ҳаворанг анвойи гуллар сочилган порлоқ бу йўлларнинг сўнгида инсонни аянчли ўлим кутажа- гини яхши биларди. Инсон — Оллоҳнинг ердаги элчиси, олий ва қудратли мавжудот, деб ҳисобларди у. Оллоҳ инсонни ўз фазилатлари билан сийла- ган. Инсон — ҳар нарсадан юксак. Лаганбардорлик, хушомад — думини ликиллатиб хўжайинининг оёғини ялайдиган итнинг иши, асло инсоннинг эмас! Муҳсин Чалабий барча ҳақоратларга чидаб, эгилиб-букилиб шуҳрат чўққисига эмаклаётган кибрли масхарабозлардан, ер юзида илондек судра- либ юрған ғурурсиз бандалардан нафратини яширмасди. У бундай разолат- ни кўрмаслик учун ҳам инсонлардан узоқлашган, фақат уруш бўлгандагина камбағаллардан ташкил топган қўшинга раҳбарлик қилиш учун узлатни тарк этмоғи мумкин эди.
Муҳсин Чалабийнинг ўзини эркин тутиши шайхулаъзамни анча таажжубга солди, бироқ ғазабини келтирмади.
– Биз Табризга элчи жўнатмоқ ниятидамиз. Боришга розимисан?
– Менми?
– Ҳа.
– Нима учун айнан мени танладингиз?
– Сендан ўзга муносиб одам тополмадик.
– Шу чоққа қадар давлат хизматига кирган эмасман.
– Сабаб?
Бир оз сукутда қолган Муҳсин Чалабий жилмдйди:
– Чунки мен бўйин эголмайман, қўлу либос четларини ўпишга одатланмаганман. Бугунги мансабдорлар ўз мавқеига эгилиб-букилиб, иккиюзламачилик ва хушомадлар ила қўлу этакни, ҳатто оёқларни ўпиб эришганлар. Уларнинг арзандаю яқинлари, улар ҳомийлигида кун кечираётган кимки бор — бари тубан иккиюзламачи, ахлоқсиз хушомадгўй, виждонсиз лўттибоз, жирканч текинхўрлардир. Атрофларида довюрак, қадр-қимматини билувчи ҳалол инсонни кўрсалар борми, қутуриб, хусуматга тўлиб-тошиб, уни йўқ қилиш пайига тушадилар.
Шайхулаъзамнинг тишлари жипслашди, кўзлари қисилди, қўлидаги қогоз ғижимланди. Жахлга эрк берадиган аҳволда бўлмаса ҳам, ғазабга минганида юз берадиган ҳолатда — ёноқлари учиб-учиб туша бошлади. Ҳали шайхул- аъзамлик рутбасига кўтарилмаган, бор-йўғи вилоят ҳокими бўлиб юрган кез- ларида ҳам ҳеч ким у билан бу тарзда очиқ гаплашишга журъат этмаган эди. «Ғирт телбанинг ўзи-ку бу... Акси бўлса-чи? Бетгачопарлигини қаранг! Ахир, бу гаплар дунёнинг мавжуд тартиботи, қонун-қоидасига зид эмасми?» деган фикрлар хаёлидан кечди. Шайхулаъзам кўзлари янада қисилиб, соқчиларни чақириш тараддудига тушганда бехосдан кўнглининг аллақайси тубида мудраб ётган виждон сасини туйди: «Мана, ўзинг ҳам хушомад, иккиюзламачилик, лағанбардорлик йўли билан юксалганлар каби эркин, дангал гапларни кўтаролмайсан. Қаршингда жасур инсонни эмас, оёғинғни ялашга тайёр итни, шармандаларча етти букилған масхарабозни, пасткашни кўрмоқ истайсан».
Шайхулаъзам қисиқ кўзларини очди, қўлида ғижимлаб турган қоғозни четга қўйиб, Муҳсин Чалабийга қаради. Қилич изидан қолган чандиқ ялтираб турган дўнг пешона, оташин ёноқлар, бақувват бўйин, йирик ўркачли бурун, бежирим салла. «Шоҳнома» саҳифаларида учрайдиган қадим паҳлавонларга ўхшаб кетади. Дарҳақиқат, чинакам паҳлавон бу. Пешонасида қилич чуқур из қолдирган бўлса ҳам, у тирик — қаршисида.
Шайхулаъзамга адолат ҳисси бегона эмас эди. Гурури виждон овозига қарши чиқа олмади. «Ҳа, — хаёлидан ўтди унинг, — кўнглимиздаги одам мана шу бўлади». Бундай довюрак зот ватанига, халқига қилинган ҳақоратни кўтармайди, ўлимдан қўрқиб бош эғмайди.
Шайхулаъзам сўзида давом этди:
– Табризга элчи бўлиб борасан.
– Шунча ишончли котибу хўжаларингиз бўлатуриб нега мени юбормоқчи- сиз?
– Шоҳ Исмоилнинг қабиҳликларидан бохабардирсан?
– Ҳа.
– Ватанингни севасанми?
– Севаман.
Қудратли шайхулаъзам қомат ростлади.
– Жуда соз! Эрон шоҳи элчига озор йўқ, деган қоидага амал қилмайди. У бизнинг душманимиз. Жанг майдонида бизни мағлуб эта олмаслигини била- туриб, элчимиз билан ҳисоб-китоб қилиш пайида бўлади. Оллоҳ ғазабидан қўрқмаган бу нобакор элчини азоблаб ўлдиришдан ҳам тоймайди. Магар шундай бўладиган бўлса, элчимизга қилинган ҳақоратни давлатимизга нисбатан ҳақорат деб билгаймиз. Ҳар не бўлмасин, ўлимга тик борадиган инсон керак. У Эрон шоҳидай ярамас махлуққа яраша жавоб бера олмоғи даркор. Агар чиндан ҳам ватанингни суйсанг, ўзингни қурбон қилишга рози бўласан.
– Розиман, афандим. Фақат бир шартим бор.
– Шартинг не?
– Қурбонликка ҳақ тўланмайди, у кўнгилдан чиқади. Акс ҳолда у қурбонлик эмас, шахсий манфаатга эришиш илинжига айланади. Шу боис мен на ҳақ, на мансаб ва на нафақадан умидворман...
– Бу нима деганинг, ўғлим? Шоҳнинг элчиси зар либосларга бурканиб келди. Отларию хизматкорлари ҳам салобатли эди. Элчимизнинг отлари, хизматкорлари, кийим-кечаклари ундан-да салобатли, ундан-да шоҳона бўл- моғи даркор. Бу чиқимлар учун сенга хазинадан бир қанча минг олтин ажратурмиз.
Мурсии Чалабий унга ўгирилиб, иягини олдинга чиқарди.
– Йўқ, хазинадан ҳеч нарса олмайман. Отлару хизматкорлар ташвишини менга қўйиб берурсиз. Илтифотингизга қуллуқ.
Шайхулаъзамнинг кўзлари ҳайратдан чақнади.
– Ўзим эса шундай шоҳона либос кияйки, шоҳ Исмоилнинг тушига ҳам кирмаган бўлсин!
– Ундай кийимни қайдан оласан?
– Зардўз Тур ўғлидан ҳинд матосига гавҳар қадаб, венецианча уқалар билан безалган ҳирқа сотиб оламан.
– Шунча пулни қайдан топасан, ўғлим? — дея таажжубланиб сўради шайхулаъзам.
Унинг таажжубида жон бор. Бир ой муқаддам тикиб бўлинған бу ҳирқа Истанбул аҳли орасида достон эди. Ноёб пушти гавҳар билан безалган бу мўъжиза ҳирқани вазиру вузаро подшоҳга инъом этиш учун сотиб олишга ҳаракат қилгани сари Тур ўғли унинг нархини оширгани оширган эди.
Муҳсин Чалабий қимматбаҳо ҳирқани қандай сотиб олишини тушунтирди:
– Ерни, қўтонни, уйимни ҳам гаровга қўйиб, тужжорлардан ўн минг олтин қарз кўтараман. Икки мингини от-улов ва хизматкорларға сарфлаб, қолган саккиз мингига ўша ҳирқани сотиб оламан.
Шайхулаъзам унинг режасини ақлсизликка йўйди.
– Қайтиб келганингда, — деди у, — ҳирқага ҳожат ҳам қолмайди. Бу либос фақат тантанали маросимларга ярашади. Уни сотиб олсанг, давлатингдан айрилиб, муҳтожликка гирифтор бўласан-ку!
– Асло. Саккиз минглик ҳирқани Тур ўғли етти мингга қайтиб олишга рози бўлади. Бу пулга еримни қайтариб олишим мумкин. Агар қолган қарзларни тўлай олмасам, на илож, отамдан мерос қўтонни сотишга тўғри келади. Ахир, ҳадеб давлатдан олавериш инсофдан эмас, ниманидир фидо этиш керак-ку!
Муҳсин Чалабийнинг сўзларини эшитгани сари шайхулаъзамнинг ҳайрати ортиб борарди. Кўнгли таскин топарди. Ҳукмдорликка нолойиқ золимнинг таъзирини бериб қўядиган муносиб одамни худонинг ўзи етказиб турибди. Шайхулаъзам оғир кавугини силкитиб жилмаярди. Ў, бу қўрқоқ, эҳтиёткор маслаҳатчилар-ей... Ҳаётларию давлатларидан ажраб қолишдан чўчиб нақадар титраб-қақшадилар-а! Агар элчиликни шулардан бирига топширса, дав¬латдан кўра кўпроқ ўз манфаатини ўйлар, инъом илинжида барча ҳақоратларга бардош берар эди.
Муҳсин Чалабийнинг сўзларини эшитгани сари шайхулаъзамнинг ҳайрати ортиб борарди. Кўнгли таскин топарди. Ҳукмдорликка нолойиқ золимнинг таъзирини бериб қўядиган муносиб одамни худонинг ўзи етказиб турибди. Шайхулаъзам оғир кавугини силкитиб жилмаярди. Ў, бу қўрқоқ, эҳтиёткор маслаҳатчилар-ей... Ҳаётларию давлатларидан ажраб қолишдан чўчиб нақа- дар титраб-қақшадилар-а! Агар элчиликни шулардан бирига топширса, дав¬латдан кўра кўпроқ ўз манфаатини ўйлар, инъом илинжида барча ҳақоратларга бардош берар эди.
Шайхулаъзам тушликка таклиф қилганига қарамай, Муҳсин Чалабий изн истади. Шайхулаъзам уни эшикка қадар кузатиб чиқди.
Кейинги олти ой ичида Муҳсин Чалабий катта ери, қўтони, уйи, дўконлари, боғи, полизини гаровга қўйиб, тужжорлардан ўзига керакли маблагни йиғди. Унинг оту хизматкорлари ҳақиқатан ҳам шоҳона эди. Тур ўглидан тилларда достон бўлган ўша ҳирқани сафардан қайтганида етти мингга қайтариш шарти билан сотиб олди. Ёш хотини, икки боласини қариндошининг уйига қўйиб, йўқлигида рўзгорга етарли пул қолдирди. Сўнг подшоҳнинг ёрлигини ёнига солиб, йўлга тушди. Йўл юргани сайин янги элчининг ҳаша мати-ю кўрки, айниқса, пушти гавҳар безак берилган ҳирқа ҳақидаги овоза- лар ортиб борди. Бу овоза бутун Онадўлига ёйилиб, Эронга ҳам етди. Ниҳоят, Муҳсин Чалабий тантана билан Табриз қалъасига кириб борди. Бу кичик пойтахтнинг ясан-тусану дабдабага, ялтироқлигу турфа безакларга ўлгудек ўч аҳолиси истанбуллик элчининг ҳирқасини кўриб лол қолди. Шaҳарда, саройда, базмларда ҳам асосий мавзу элчининг ҳирқаси эди.
Шоҳ Исмоилнинг ўзи пушти гавҳар ҳирқа ҳақида эшитган-у, сира кўрмаган эди. Шунданми, кўнглида турк элчисига нисбатан кек оловланди. Негадир ундан ўч олгиси келди. Муҳсин Чалабийни қабул қилишдан олдин тахт ортига жаллодларни қўйди, тахт олдидаги кимхоб тўшаклару ипак гиламларни олиб ташлашни буюрди. Шоҳнинг ўнг тарафида вазирлар, чап тарафида сарбозлар саф тортган эди.
Муҳсин Чалабий равоқ остидаги эшикдан эркин, дадил қадамлар билан кириб келди. Одатдагидек боши тик, кўкси баланд; У ёнидан султон ёрлиғини олиб тавоф қилди-да, қирмизи, яшил, зангор, бинафшаранг ипаклару олтин уқаларга бурканиб, ваҳший қушларга хос совуқ хотиржамлик билан олтин тахтда ҳурпайиб ўтирган шоҳга узатди. Шоҳнинг юзи мурдадек оқар- ди: элчи ҳатто оёғини ўпмади! Ақлини мислсиз ғазаб чулғади-ю, бироқ ўзи- ни босиб, ёрлиғни қўлига олди.
Муҳсин Чалабий тахтдан узоқлашиб, атрофға боқди. Ўтирадиган жой йўқ эди. Ўзича табассум қилар экан, «Гап бу ёқда денг! Шоҳ олдида эҳтиромла тик туришимни хохлабдилар-да! Бу ҳақоратга қандай жавоб қилсам экан?» деб ўйлади. Бирдан хаёлини яшин тилиб ўтгандек бўлди. Муҳсин Чалабий шартта эгнидаги пушти гавҳарли ҳирқани ечди-да, тахт қаршисига — ерга тўшади. Шоҳ Исмоил, унинг вазирларию қўмондонлари элчига ҳайрат-ла боқиб турарди. У эса қимматбаҳо ҳирқага чордона қуриб, сўзлай бошлади. Овозидан жинлару аждарларнинг ажиб тасвирлари билан безалган олтин гумбазлар титраб кетди:
– Ёрлиғини қабул қилиб олганингиз буюк подшоҳим Ўғуз Қорахон насли- дандир. Дунё яралгандан бери унинг аждоддаридан ҳеч қайсиси қул бўлмаган. Уларнинг барчаси подшоҳу хон ўтганлар. Дунё яралгандан бери аждодлари ҳукмдор ўтган подшоҳнинг элчиси ёт подшоҳ қаршисида тик турол- майди. Зотан, дунёда менинг подшоҳимга тенг келадиган ҳукмдор йўқ...
Муҳсин Чалабий баланд овоз билан содда турк тилида сўзлаётганда шоҳ қизариб-бўзариб ўтирди (Шоҳ Исмоил, унинг яқинлари ҳам асли турк қабилаларига мансуб бўлиб, турк тилини тушунарди). Ҳаяжондан қўлидаги очишга улгурмаган ёрлиғ тит- рарди. Тахт ортида турган жаллоддар шай — қилич яланғочлаган эдилар. Муҳсин Чалабий эса сўзида давом этарди. Шоҳнинг аъёнлари, вазирлар, саркардалар, жаллодпар, ҳукмдорларининг сабрига ҳайрон эдилар. Баъзилари ҳатто норозилик ошкор эта бошлаган эди. Сўзини тугатган Муҳсин Чалабий кетишга рухсат ҳам сўрамай ўрнидан турди-да, эшик томон йўнал- ди.
Шоҳ Исмоил тош каби қотган эди. Бир неча йил бурун Чалдиронда дарз кетган ғурури бугун бор-йўғи битта туркнинг оловли нигоҳлари остида эриб битди. Муҳсин Чалабий чиқиб кетаётган пайт шоҳ ўзи сингари ҳайратдан қотиб қолган мулозимларидан бирига:
– Ҳирқасини бериб юборинг, — дея олди, холос.
Навкарларнинг бири ерда ётган ҳирқани кўтариб турк элчисига етиб олдида:
– Ҳирқангизни унутдингиз. Олинг, марҳамат, — деди.
Муҳсин Чалабий тўхтади, юзида табассум жияваяанди. Сўнг эшик томон бурилди-да, шоҳ эшитар қилиб деди:
– Йўқ. Мен уни унутганим йўқ. Уни сизга қолдираман. Саройингизда буюк подшоҳнинг элчисини ўтқизишга на гилам, на тўшак кўрдим. Бунинг устига, турк ерга тўшаган нарсасини ҳеч замон қайтиб эгнига илмайди. Наҳот шундан бехабар бўлсангиз?
Муҳсин Чаяабий кечаю кундуз демай от чоптирди. Ускудорга етганида сариқ чақаси ҳам қолмаган эди. Шунда у шоҳона кийинган хизматкорларига қараб:
– Ўғилларим! — деди. — Отларни ҳам, зебу зийнатларни, эгнингиздаги кийиму қимматбаҳо тошлар билан безалган ханжарларни сизга тортиқ этдим. Шунга розимисиз?
– Розимиз! Розимиз!
– Оллоҳ рози бўлсин, умрингизни зиёда қилсин!
Муҳсин Чалабий шу жавобни олиб уларни тарк этдию елкасидан тоғ ағдарилгандек бўлди. Уйини четлаб, денгиз қирғоғида қайиққа ўтирдида, сарой томон ошиқди. Шайхулаъзам билан юзлашиб, брлиғни шоҳга топширгани, ўзини зинҳор ҳақоратга қўймагани, шоҳнинг жавобини ҳам кутмай Истанбулга қайтганини бирма-бир сўзлаб берди. Элчи бурчини шараф билан адо этганига шубҳаланмаган шайхулаъзам ундан йўл таассуротларини сўраб-суриштирди.
Муҳсин Чалабий кеталтган чоқ шайхулаъзам сўраб қолди:
– Ҳирқанг қани? Мен уни сотиб олмоқчиман.
– Уни олиб келмадим.
– Эронда сотдингми?
– Йўқ.
– Ўғирлатдингми?
– Йўқ.
– Ундай бўлса, нима қилдинг?
– Ҳеч нарса.
Шайхулаъзам ҳар қанча қичаб, савол кетидан савол бермасин, ҳирқанинг қайга ғойиб бўлганини билолмади. Муҳсин Чалабий қилган ишлари билан мақтаниб юрадиган инсонлардан эмас эди.
Чалабий шу оқшом Ускудорга қайтиб кетди. У эртаси кун ҳирқани қайтиб олиш учун етти минг олтин кўтариб келган зардўз Тур ўғлига ҳам ҳирқа ҳақида лом-лим демади, Истанбул аҳли ҳар қанча уйдирма тўқиб чиқармасин, пушти гавҳарли ҳирқанинг асл тақдиридан бехабар қолди. Табриз қасридаги воқеа унутилиб, сирлигича қолиб кетди. Аммо, бир вақтлар давлати ошиб-тошган Муҳсин Чалабий қарзларидан бир амаллаб қутулди-ю, еру қўтонини қайтиб олишга қурби етмай, даромадидан ажради. Эронға бориб келган отию қимматбаҳо тошлар билан безалган айилини сотиб, Қўзғунжуқдан бир парча ер олди. Етиштирган ҳосилини бозорда сотиб рўзғор тебрата бошлади.
Одамлар кейинчалик: «Бечора, умрининг охиригача Ускудор бозорида сабзавот сотиб кун кўрди, қисмати аччиқ, ҳаёти оғир кечди, лекин ҳеч кимнинг олдида бўйин эгмади», деб гапириб юрдилар. Э, одамлар... У бор давлатини юрти учун бир дақиқада қурбон этганини улар қайдан ҳам билсин!..
ЖАҲОНГИР таржимаси.
Отабек Хасанов
Сиёсий фанлар доктори (PhD)