February 19, 2019

“ФАРЗАНДИМГА МАКТУБ”

Салом фарзандим. Бугун сенга мактуб ёзмоқдаман. Ушбу мактубим орқали сенга ҳаётимдаги хатоликларни қайтармаслигинг, эришган ютуқларимга менданда тезроқ эришишинг, энг муҳими ҳаётнинг ҳар қандай синовларида ҳам инсонлигингни сақлаб қолишинг учун сенга ёзмоқдаман.

Сен дунёга келганингда менданда бахтли инсон йўқ эди. Илк бор ўзинг мустақил қадам босганингда, тилингда чучукланиб дада сўзини айтганингда, ўзинг мустақил равишда телефон рақамимни териб “қачон ишдан келасиз” деганинг кечагидай менинг ёдимда. Ўшанда менданда бахтли инсон йўқ эди.

Фарзандим ушбу мактубни ёзишимнинг асосий сабабларидан яна бири, бугунги тез ўзгарувчан, технологиялар кун сайин эмас балки сония сайин ўзгариб бораётган бир даврда сенинг келажагинг ва қандай эртанги кунга тайёр бўлишинг ҳақида ёзмоқдаман.

Кечаги берган саволинг, яъни “Дада телевизорда кўрдим, 2030 йилга бориб роботлар одамларнинг ўрнини эгаллар экан, 700 миллион инсон иш ўринларини роботларга топширар экан. Мен унда айни 21 ёшга тўлган, энди университетни тамомлаган бўламан экан. Нима мен ишсиз қоламанми?” деган саволинг мени кечаси билан ухлатмай ушбу хатимни ёзишга мажбур қилди.

Фарзандим дунёда фақат ота-она фарзанди учун ҳеч иккиланмай, бир сония ҳам ўйламасдан жонини фидо қила оладиган мавжудот ҳисобланади. Мисол учун буюк шох, саркарда Бобур Мирзо шунча фарзанди ва давлати бўлиб, фарзанди Ҳумоюннинг дардини Оллоҳдан ўзига сўрайди. Ота-она шу фазилати билан ҳам балки жаннат уларнинг оёғи остидадир. Ҳеч бир ота-она фарзандига асло ёмонликни раво кўрмайди, ўзи бошидан кечирган қийнчиликни у ҳам босиб ўтишини асло хохламайди.

Фарзандим 2030 йилга келиб агар сен ишсиз қолишни, ушбу технологиялар ривожланган замонда инсонийлигингни йўқотишни хохламасанг, ота-онангни дуосини олиб жаннати бўлишни истасанг ушбу насиҳатларимга амал қил.

Энг муҳими кимдир учун ёки нима учундир илм олма. Яъни, баҳо учун, мен учун ёки амал учун. Илм йўли ҳам ибодат кабидир. Масжидга ҳамма кириши мумкин, кимдир томоша қилишга, кимдир атрофдагиларга ўзини кўрсатиш учун. Кирдингми юракдан Оллоҳ учун ибодат қиласан. У ерда алдаб йўлига бу ишни қилиб бўлмайди Худо ҳаммасини билиб туради. Илм ҳам шундай, кирдингми бу йўлга чин юракдан ибодат каби илм ол. Ҳеч қачон эришган ютиғинг билан чекланиб қолма. Имом Ал-Бухорий бобомиз айтганидек “Илмдан ўзга нажот йўқ ва бўлмагай”.

Иккинчи муҳим маслаҳатим, ҳар доим ўз тарбиянгни устида ишла. Буюк олим бўлишинг, 10 та тилда гаплашишинг мумкин, бироқ тарбиянг, ҳулқинг яхши бўлмаса, сени ҳеч ким тан олмайди. Ғарбдан ва ўзга миллатлардан ажралиб турадиган энг муҳим ҳислатларимиздан бири бу тарбиядир. 20 аср бошида Абдулла Авлоний бобимиз: “Тарбия бизлар учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё соадат- ё фалокат масаласидир” деб таъкидлаган. Ҳар доим ўзингдан катталарга ҳурмат билан муносабатда бўл, кичикларга эса иззат кўрсат. Мақтовдан узоқроқ юр, яъни у сени манманликка чорлайди. Ўзингдан кучсизлар устидан асло кулма. Қўлингдан келса ҳаммага ёрдам бер, яхшилик қилиш келмадими, ёмонлик ҳам қилма шунда шу сенинг яхшилигинг бўлади. Ҳар доим ўз нафсингни назорат қилишни ўрган. Ҳамма тарбиясизлик нафсингни жиловлай олмасликдан бошланади. Тўйиб овқатланма, ҳар доим сал очроқ юр ҳам овқатда, билимда барча нарсада шунда сенда янгиликка ҳар доим иштиёқ бўлади. Тўқ қорин фақат уйқу ва дангасаликка чорлайди.

Учинчи маслаҳатим, жисмоний баркамол бўлиб етишгин. Соғлиғинга ҳар доим алоҳида эътибор бер. Ёшлигингдан битта пассив ва битта актив спорт билан шуғуллангин. Мисол пассив спортлардан яъни шахмат билан шуғуллан. Сабаби у сенинг ақлингни чрхлайди, у ҳам ҳаёт қонун қойидаларига ўхшайди. Битта хато қилсанг, ёки хато қилишингни кутадиганлар жуда кўп, шу захоти сени жазолайди. Шахматда ким ютади, кимки 4-5 беш қадам олдиндан ўйлайдиган, ҳар бир ҳаракатни олдиндан ҳисоблаб чиқадиган ва қабул қилган қарорини натижаси нима билан тугашини аниқ биладиган ўйинчи ғолиб бўлади. Ҳаёт ҳам шундай, агар ҳаёт қонуниятларини яхшилаб ўрганиб чиқиб кейин ўйинга киришсанг, камдан кам ютқазасан. Шунингдек, ҳаёт ҳам оқ қора йўлаклардан иборат, бир куни хурсандчилик, иккинчи куни қоронғулик бўлади. Агар қоронғуликка тушганда ўзингни йўқотиб қўйиб ўрниингдан қайта тура олмасанг сени устингдан босиб ўтишади. Шунинг учун айтишади “кучли инсон ютқазмаган эмас, балки йиқилиб яна туриб курашиб ва ютган инсон”. Шунингдек, албатта битта ёшлигингдан актив спорт турини танла, бу футбол бўладими, сузиш, теннис, кураш ёки бокс. Ушбу спорт турлари сени қадди қоматинга, жисмонан соғлом бўлишига жавоб беради. Сен соғ бўлсанг ўзинг ва билиминг ҳаммага керак бўлади.

Тўртинчи маслаҳатим, албатта овқатланишга қаттиқ эътибор қаратгин. Ҳар ҳил бугунги кундаги кимёвий моддалар қўшилган овқатлар, fast food, газли ичимликлардан ўзингни тийишни ўрган. Яна бир бор айтаман, ҳеч қачон тўйиб овқатланма, озроқ, тез тез овқатланишни одат қил. Мева, сабзавотларни кўпроқ истеъмол қилгин.

Бешинчи маслаҳатим, ҳар доим озода, тоза кийниб юргин. Сочинг, тирноғинг, оёқ кийминга ҳар доим эътибор қаратгин. Доим дастрўмол олиб юр. Уйдан чиқишдан олдин кўзгуга қарашни одат қил. Ҳеч қачон модани орқасидан қувлама, балки ўзингга ярашган, барчани эътиборини тортадиган ранг баранг, очиқ-сочиқ кийинмагин. Шунигдек, ҳар куни бир ҳил кийимда ҳам юрмагин, битта элементни бўлса ҳам алмаштиргин. Инсонлар кийимингга қараб кутиб олишади ва ақлингга қараб кузатиб қўйишади.

Олтинчи маслаҳатим, ҳар куни озгина бўлса ҳам бадиий китоб ўқишни одатларинга киритгин. Сабаби юнонистонлик файласуф Декарт айтганидек “Cogito ergo sum” яъни “мен фикрлаяпман, демак мавжудман”. Шундай экан, бадий китоб сени фикрлашингни, дунёқарашингни кенгайтиришга, ҳар бир муаммога ўзгача ёндошув билан қарашга жавоб беради. Шунинг учун ҳам ҳар куни нимадир ўқи ва албатта менга айтиб бергин. Мен эса ишдан чарчаб келишимга қарамай, ишхонадаги муаммолар кўплигини инобатга олмай ёки айнан бугун раҳбариятдан қаттиқ гап эшитиб асабим бузилганини бир четга суриб сени диққатлик билан эшитаман. Сабби сенга бугун эътибор бермасам, минг ҳил баҳона қилиб сенга вақт ажратмасам, эртага вақтим бўлади, пулим бўлади, нафақага чиқиб ҳеч кимга керак бўлмай қолганимда, кимдир мени гапларимни эшитишни хохлаганимда сен ёнимда бўласан сабаби бу қайтар дунё агар сенга бугун вақт ва эътибор қаратсам эртага сен менга шуларни қайтарасан.

Навбатдаги маслаҳатим, фарзандим агар эртага сенинг ўрнингни роботлар эгалашини хохламасанг, албатта ёшликдан санъатга меҳр қўйгин. Фарқи йўқ мусиқа асбобини чалишгами (скрипка, пианино, рубобми), театр студиясида актёрлик тўгарагига борасанми, рассомчиликми албатта керак. Бу сенга ижодкорликни, креативликни, фикрлашда қонуниятни бузиб янгилик киритишга ўргатади. Роботлар эса ҳеч қачон бу ишларни қила олмайди. Шу кўникмаларинг билан сен роботларга янги иш топиб берасан.

Шунингдек, фарзандим тил ўрган. Аввал ўз она тилингни мукаммал ўргангин. Ўз тилингдан сўнг мактаб давридаёқ рус ва инглиз тилини тўлиқ ўзлаштириб олгин. Сабаби дунёдаги адабиётларнинг ва интернетдаги маълумотларнинг қарийб 70 фоизи шу тиллардадир. 21 ёшингда ушбу тилларни ўрганганингдан сўнг янги биронта тил ўрган (хитой, немис, француз ёки корейс тилини). Бу сени мукаммал бўлишинга ва хотирангни яхшилашга хизмат қилади.

Ниҳоят охирги маслаҳатим ҳаётингда бирор жиддий қарор қабул қилишдан олтин етмиш марта ўйлагин, оқибати нима билан тугашини билгин ва албатта ушбу қарор оиланг, ота онанг шаънига зарар етказмаслигига ишончинг комил бўлгандан сўнг қарор қабул қил ва ижросини охиригача етказ. Ҳаётда ўз принципларингни ишлаб чиқ ва уларга амал қил. Ичкилик ва тамакидан, вақтинчалик обрўдан, бемаъни зиёфатлардан ва синалмаган дўстлардан йироқ юр.

Фарзандим ушбу маслаҳатларга амал қилсанг сени буюк келажак кутмоқда. Ватанинга хизмат қилиш бу шарафдир. Ҳар бир қилган ишингдан халқинг рози бўлса ва отангга рахмат деган сўз айтса барча берган тарбиямга рози бўламан. Бир файласуф айтган экан “Бу дунёда энг бахтли ота ким деб савол беришганда, жавоб беришипти, фарзандига берган тарбияни набирасида кўрган отадир”. Мен ҳам шундай бахтли ота бўлишни истайман. Ушбу мактубдаги маслаҳатларимга амал қилиб келажакда ўз фарзандинга ўқиб берсанг демак мен тўғри йўл танлаган бўаламан. Сени доим жонидан ортиқ кўрадиган ва ҳар сонияда сени камолингни ўйлайдиган Падари бузурукворинг Отабек Хасанов*.

* Муаллиф сифатида исми шариф жойига ўз исмингизни қўйишингиз ва фарзандингизга йўллашингиз мукмин. Келинглар биргаликда юртимизга Нажмиддин Комилов айтганидек, КОМИЛ инсонларни тарбиялаб берайлик!!!

Отабек Хасанов

Сиёсий фанлар доктори (PhD)

@liderlar