ФАОЛ ИНВЕСТИЦИЯ + БАРҚАРОР ИҚТИСОДИЁТ = ИНСОН КАПИТАЛИ
(ҲАММА ЎҚИШИ ШАРТ № 11)
Дунё тажрибаси ва амалиёти шуни кўрсатмоқдаки, инсон капиталига йўналтирилган маблағлар бошқа омилларга нисбатан бир неча баробар кўпроқ фойда келтиради. Бугунги кунда шиддат билан ўзгариб бораётган даврда инсон капиталига инвестиция йўналтиришни устувор вазифа сифатида танлаган мамлакатлар юксак тараққиётга эришмоқда.
Дарҳақиқат, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Ривожланган мамлакатларда таълимнинг тўлиқ циклига инвестиция киритишга, яъни, бола 3 ёшдан 22 ёшгача бўлган даврда унинг тарбиясига сармоя сарфлашга катта эътибор берилади. Чунки ана шу сармоя жамиятга 15-17 баробар миқдорда фойда келтиради. Бизда эса бу кўрсаткич атиги 4 баробарни ташкил этади. Бинобарин, инсон капиталига эътиборни кучайтиришимиз, бунинг учун барча имкониятларни сафарбар этишимиз шарт.”1
Хорижий тажрибани кўрадиган бўлсак, Кореяда 130 887 АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция билан 2 169 152 АҚШ доллари ёки ҳаражатга нисбатан 17 баробарни, АҚШда 231 263 АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция билан 3 105 898 АҚШ доллари ёки ҳаражатга нисбатан 13 баробарни ташкил этган. Ўзбекистонда бу кўрсатгич бугун бор йўғи 4 баробарни ташкил этади.
Мазкур йўналишда Президентимиз жорий йил 24 ва 28 май кунлари илм-фан ва олий таълим соҳасини ривожлантириш бўйича олий таълим ва илмий тадқиқот муассасалари раҳбарлари, академиклар, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан бўлган учрашувда тўртта йўналиш бўйича доимий комиссиялар тузилиб, мазкур комиссияларнинг вазифалари, комиссия аъзоларининг иш тартиби ва масъулиятини белгилаб берди. Кун тартибидаги асосий масала инсон капиталини ривожлантириш, унга сармоя киритиш тизимини қайта кўриб чиқиш лозимлигини айтиб ўтди.
“Бу ишлардан асосий мақсад мамлакатимизда инсон капиталини ривожлантириш. Хом ашё ва уни қайта ишлаш билан узоққа бориб бўлмайди. Қолаверса, ишлаб чиқаришда қўшимча қиймат олиш учун ҳам инновациялар керак. Шу боис илм-фан тараққиётимизнинг муҳим йўналиши, таянчи бўлади”, – деди Президентимиз йиғилишда.
Бугунги кунда хорижий тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этган мамлакатлар рейтингига қарайдиган бўлсак, АҚШ 275,4 млрд. долл. билан
1 ўринни, Хитой 136,3 млрд. долл. билан 2, Гонгконг 104,3 млрд. долл. билан 3, Бразилия 62,7 млрд. долл. билан 4, Сингапур 62,0 млрд. долл. билан
5 ўринни банд этган.
Ушбу давлатларнинг интеллектуал салоҳияти ҳам жуда юқори, хусусан, Сингапур 107,1 IQ коэффицент билан биринчи, Хитой 105,8 коэффицент билан иккинчи, Гонгконг 105,7 коэффицент билан учинчи, Корея 104,6 коэффицент билан тўртинчи ўринларни банд этган.
2018 йил якунлари бўйича инсон капитали индекси бўйича эса, Сингапур 0,88 коэффицент билан биринчи, Япония 0,84 коэффицент билан иккинчи, Корея 0,84 коэффицент билан учинчи, Гонгконг 0,82 коэффицент билан тўртинчи, Финляндия 0,81 коэффицент билан бешинчи ўринларни банд этган.
Бундан 20 йил аввал тўғридан-тўғри инвестициялар ишчи кучи арзон мамлакатларга киритилган, арзон ишчи кучи ҳисобига маҳсулот тан нархини арзонлаштирар эди. Бироқ бугунги кунда тўғридан-тўғри инвестициялар хорижий арзон ишчи кучи бўлган мамлакатларга эмас, балки интеллектуал салоҳияти ҳамда инсон капитали юқори салоҳиятга эга бўлган мамлакатларга киритилмоқда. Сабаби бугунги кунда инвесторлар томонидан олиб кирилаётган технологиялар ишлатиш учун ҳам юқори салоҳият, инноваторлик, профессионализм талаб қилинади.
Мазкур масалалар 2019 йил Швейцариянинг Давос шаҳрида ўтказилган бутун жаҳон иқтисод форумида ҳам кўтарилган бўлиб, унга кўра, “тўртинчи саноат инқилоби” деб таъриф этилган бугунги кундаги жараён ҳар доимгидек одатий ўзгаришлар билан эмас, балки фундаментал ўзгаришларни келтириб чиқаради. Форум қатнашчиларининг фикрига кўра, бизнес моделлари бўйича бошланган "идеал бўрон" натижасида барча соҳаларда тубдан ўзгаришлар яратилади.
Эскиларнинг ўрнини босадиган янги касблар тоифалари пайдо бўлади. Форум экспертларининг фикрига кўра, 2030 йилга бориб, Ер юзида 800 миллионга яқин иш ўринлари йўқолиб кетиши мумкин, уларнинг ўринларини роботлар эгаллайди. Бу бугунги кундаги ишчи кучининг бешдан бир қисми, демакдир. Аммо йўқолиб кетган касблар ўрнини замонавий, янги касблар эгаллайди. Бунинг учун келажак авлоднинг замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлишига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Ушбу хулосага McKinsey & Co. экспертлари 46 та давлатда 800 та касбни таҳлил қилиш натижасида эришганлар.
Бунинг асосий сабаби, иқтисодиёт соҳаларидаги анъанавий касблар эмас, балки кўникмалар эканлиги билан изоҳланади. Гарвард университети олимларининг тадқиқотига кўра, 85 % муваффақиятнинг сири раҳбарларда SOFT SKILLS мавжудлигидадир.
Бу борада рақобат муҳитида қуйидаги SOFT SKILLS кўникмалар пайдо бўлади, хусусан:
1. Муаммоларни тизимли ҳал этиш;
2. Танқидий таҳлил;
3. Креативлик;
4. Лидерлик;
5. Ҳаракатларни мувофиқлаштириш;
6. Ҳиссий ақл;
7. Ўз фикрларини шакллантириб, уларга асосланган қарорларни қабул қилиш;
8. Натижага йўналтирилганлик;
9. Музокаралар асосида ўзаро алоқалар;
10. Когнитив мослашувчанлик.
“Форбс” журналига кўра, келажакда қуйидаги 10 та топ
СОФТ-СКИЛСлар бошқарувни ҳал этади:
1. Муаммони бошқариш;
2. Тайм-менежмент;
3. Стрессни бошқариш;
4. Мулоқот қобилияти;
5. Компания маданияти;
6. Истеъмолчига йуналганлик;
7. Ҳиссиётни жиловлаш;
8. Шахсий натижадорлик;
9. Фикрни етказа билиш;
10. Форсайт;
11. Ўзгаришларни бошқариш.
Дунёдаги ушбу тенденцияларга мос салоҳиятли инсон ресурсларини тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида 2017 йилдан бошлаб компетенцияларга асосланган ҳолда ўқишга қабул қилиш ва ўқитиш тизими йўлга қўйилган. Замонавий кўникмаларга мос равишда замонавий рахбарларни тайёрлаш жарёни мавжуд. Ўқув жараёнини компетенцияларга асосланган усулда ташкил этиш жуда муҳим. Бунда компетенция назарий билим ва уни амалиётда жорий қилиш кўникмасининг мавжудлигидадир.
Таҳлил қиладиган бўлсак, ушбу кўникмаларни шакллантиришнинг муҳим жиҳатларидан бири китобхонлик масаласидир. Бунга мисол тариқасида Хитойда ҳар бир вояга етган аҳоли жон бошига йилига ўртача саккизта китоб ўқиш тўғри келади. Ўқилган китобларнинг 58 фоизи қоғоз шаклида, қолган 42 фоизи электрон шаклга тўғри келади.
2016 йил якуни бўйича дунёда энг кўп аҳолига эга бўлган Хитой ҳалқининг 79,9 фоизи китоб ўқиган ва бу мунтазам ўсиш тенденциясига эга. Бу кўрсаткичга эришишда мамлакатнинг 220 дан ортиқ шаҳарларида китобхонликни тарғиб қилиш ишлари ўз самарасини берган.
Ҳар йили дунё мамлакатларини китобхонлик рейтинги эълон қилинади. 2017 йил якунларига кўра, Хитой, Испания ва Россия давлатлари фуқаролари ҳафтасига 7-9 соат китоб мутолаа қилишар экан. Шунингдек, ушбу тадқиқотда аҳоли сонига нисбатан китоблар савдоси сони ҳам таққосланар экан. Алам қиладигани шуки, биз кучли 100 таликга ҳам кирмаганмиз. Кучли 20 таликдаги давлатлар билан давлат бошқарувида инновацияни аниқлайдиган рейтингни солиштирсак аксарият давлатлар мос келади. Бундан шу хулосага келиш мумкинки, китобхонлик ривожланган мамлакатларда инновацион ғоялар билан ўзаро боғлиқ.
Бугунги кунда мамлакатимизда инсон капиталини ривожлантириш бўйича бир қанча муаммолар мавжуд, хусусан:
таълим даражасининг етишмаслиги, яъни Ўзбекистонда инновацион ривожланишга тўсқинлик қилади. Таълимга йўналтирилган инвестициялар ривожланган мамлакатларга қараганда 10 баравар паст. Буларнинг барчаси ўқитувчилар иш ҳақининг пастлиги (ривожланган мамлакатлардаги ўқитувчиларникидан 30 баробар паст), моддий-техник базасининг сустлиги ва компьютер синфларининг етишмаслиги билан изоҳланади;
• халқ таълими вазирлиги тизимида ўқитувчиларнинг 60 фоиздан ортиғи академик малакага эга эмас;
• умумий таълим муассасаларида жойларнинг етишмаслиги ва инфратузилманинг паст сифати мактаб тизимининг асосий муаммоларидан бири ҳисобланади;
• асосий воситаларнинг эскириши, юқори даражада бўлган эски таълим инфратузилмаси: 3644 та мактаб (38%) капитал таъмирга муҳтож, мактабларнинг фақат 37%да замонавий компьютер техникаси мавжуд, 7% эса Интернет тармоғидан фойдаланиш имкониятига эга;
• олий маълумотга эга бўлиш даражаси паст - 2017 йилда абитуриентларнинг 10 фоиздан камроғи олий ўқув юртларига ўқишга кирган;
• олий таълим муассасалари ўртасида соғлом рақобатнинг мавжуд эмаслиги.
Мамлакатимиз ривожланишининг янги босқичида инсон капитали салоҳиятини ошириш борасида муайян ишлар ҳам амалга оширилди, жумладан:
Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди;
олий маълумотлиларнинг улушини кўпайтириш бўйича квоталар кенгайтирилиб, уларни молиялаштириш салмоғи ошди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасида олий ўқув юртларида талабалар сони:
Битирувчиларни олий таълимга қамраб олиш 2016 йилда 57 907 тани ташкил қилган бўлса 2018 йилда бу кўрсаткич 66 316 тага етди.
51 та олий ўқув юртида сиртқи таълим шакли, 22 та олий ўқув юртида махсус сиртқи таълим шакли, 9 та олий ўқув юртида кечки таълим шакли ташкил этилди;
Тўртинчидан, янги таълим йўналишлари жорий этилди, хусусан, 2016/2017 ўқув йилида 15 та янги таълим йўналиши ва 14 та мутахассислик, 2017/2018 ўқув йилида 8 та йўналиш ва 10 та мутахассислик, 2018/2019 ўқув йилида 66 та янги бакалавр йўналиши ва 48 та магистратура мутахассислиги жорий қилинди.
Ҳозирги кунда ўрта таълим муассасаларини битирган ўқувчилар бир вақтнинг ўзида 3 тагача олий ўқув юртига ҳужжатларини топширишлари мумкин.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш мумкинки, мамлакатимизга тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш, иқтисодий барқарорликни таъминлашда инсон капиталининг ўрни беқиёс. Шундан келиб чиқиб, мамлакатимизда инсон капитали салоҳиятини ошириш борасида қуйидагилар таклиф этилади:
1. Ҳар бир таълим муассасаларида, хусусан, мактабгача таълим, халқ таълими, олий таълим муассасаларида ўзининг кичик инновацион лабараторияларини ташкил этиш.
2. Таълим муассасалари ўз хусусиятларидан келиб чиқиб, ўз талабалари томонидан ўқиши шарт бўлган 100 та китоблар рўйхатини тузиб, китобхонликни шакллантириб бориш.
3. Таълим муассасалари ўзининг 3, 5 ва 7 йиллик Форсайт, яъни келажакдаги истиқболли режаларини ишлаб чиқиши ва шундан келиб чиқиб, шиддат билан ўзгариб бораётган дунё талабларига мос бўлган мутахассисларни тайёрлаш.
4. Ўқиш ва амалиётни бир-бирига боғлаш мақсадида саноат ва ишлаб чиқариш компаниялари раҳбарларини олий таълим муассасалари ректорлар кенгаши аъзолигига киритиш.
5. Саноат ва ишлаб чиқариш компаниялари ўзининг 3, 5 ва 7 йиллик стратегияларини ишлаб чиққан ҳолда уларга келажакда қандай кўникмаларга эга бўлган мутахассислар кераклигини алоҳида шакллантириб бориш лозим. Бунда ҳар бир талаба олдиндан билиши лозим: у қайси ташкилотда ишламоқчи у ерда ишлаши учун қандай компетенцияларни ўзида шакллантириши керак.
Муаллиф: сиёсий фанлар бўйича PhD доктори Отабек Хасанов
Тайёрлади: Т.Хусанов, З.Ахмедов, Ш.Давлетов.
- Президентнинг 2018 йил якунлари бўйича Олий Мажлисга Мурожаатномасидан