ТИРИШҚОҚ ЮН СУ
ҲАММА ЎҚИШИ ШАРТ – 3...
Ассалому алейкум ҳурматли гурух аъзолари!! Демак, “ҲАММА ЎҚИШИ ШАРТ!!!” номли рубрикамизнинг учинчи сонини сизларга тақдим этаман.
Биринчи сонида сизлар билан “Гарсияга Мактуб” номли ҳикояни ўқигандик, иккинчи сонда “Элчи” номли ҳикояни жойлаштирган эдим. Кўпчиликнинг қизиққанини ва ўқиб чиққанларнинг сонини кўриб хурсанд бўлдим. Бу эса яна ижод қилиш учун менга илҳом берди.
Бугунги рубрикамизда кўтариладиган масала, бу албатта, жамиятимизда доим кун тартибида турадиган ва ҳаммага алоқаси бор бўлган мавзудир. 17 июль куни халқ таълими тизимини янада ислоҳ қилиш мавзусида Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида йиғилиш ўтказилди. Унда кўтарилган асосий масала, албатта, бу мактаб тизимини яхшилаш, педагогларнинг жамиятдаги мавқеини ошириш, фарзандларимизга сифатли билим беришдир. Агар Жанубий Корея, Япония, Сингапур, Хитой ва Малайзия давлатларининг ривожланиш тарихига назар солсак, уларнинг бугунги кун ҳолатига етишишига, албатта, таълим соҳасидаги ислоҳотлар сабабчидир. Бугун биз фарзандларимизни билимга чанқоқ, ўзини устида доим ишлайдиган, ёшликдан китобга меҳр қўйишни ўргатмасак, эртага ҳеч қандай ривожланиш ва буюк келажак ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Таълим тизимининг энг муҳим ва зарур унсури бу – ўз устида ишлашни ўргатишдир. Нимага бу муҳим? Биринчидан, инсониятга бу Одам Ато ва Момо Ҳаводан мерос бўлиб қолган. Сабаби – улар Жаннатдан қувилиб ер юзига келганида, уларнинг устози бўлмаган ва улар ўз устида ишлаган, яъни барча нарсани ўзи ўрганган. Шу-шу инсонга ўз устида ишлаш кўпроқ самара бериши мерос бўлиб қолган. Иккинчи муҳимлиги, ўз устида ишлаш кўникмасини ёшликдан одатга айлантирмас экансиз, умрингиз фарзандингизга дарс қил, китоб ўқи, ёдла билан ўтади. Хитойда бунинг оддий ечимини топишган экан. Бугунги тақдим этиладиган ҳикоямиз “Тиришқоқ Юн Су” деб номланади. Хитойда барча болалар учун Юн Су – қаҳрамон. Деярли ҳар бир ота-она фарзандига ушбу ҳикояни ўқиб берар экан.
Демак, бугунги “Тиришқоқ Юн Су” ҳикояси илк бор ўзбек тилига Умарова Нигора томонидан чин юракдан, меҳр билан (4 кун деганда базўр вақт топиб) таржима қилинди. Ўйлайманки, уни ўқиб тугатганингиздан сўнг ўзингизга камида 2 та савол берасиз. Агар маъқул келса, дўстларингизга илининг. Энг муҳими, биринчи навбатда фарзандингизга ўқиб беринг.
ТИРИШҚОҚ ЮН СУ
Бир замонлар Фучжоу яқинида Юн Су исмли болакай яшаган экан. Унинг отаси вафот этиб, онаси билан ёлғиз қолишган экан. Уларнинг уйлари бўм-бўш, фақирликда турмуш кечирар эканлар. Айрим пайтларда уйларида бир сиқим гуруч ҳам топилмас экан.
Юн Су таълим олиш ёшига етибди, лекин унда на қоғоз, на сиёҳ, на ёзиш учун чўпқалам бор экан. Шундай бўлса-да, Юн Су “ўқийман”, дея қатъий аҳд қилибди ва қашшоқликка чап бериш йўлларини излай бошлабди. У билардику, қашшоқликдан, ночорликдан қутилишнинг ягона йўли бу илмдир. Сабаби агар келажакда боллари ўзига ўхшаб камбағалликда яшашини хохламаган.
Эртасига эрталаб бадавлат қўшнисининг ёнига келиб, шундай дебди: “Эшитишимча, уйингизга хизматкор излаётган экансиз. Илтимос, мени ёлланг! Тўғри, ёшим катта эмас, лекин шунга яраша кўп нарса ҳам сўрамайман: ҳар замонда ўғилларингиз қандай ўқиётганини кўриб турсам бас, шунинг ўзи кифоя”.
Бой “текин хизматкор топилди”, деб ҳурсанд бўлиб, розилик берипти.
Юн Су бойнинг уйида эртадан кечгача меҳнат қилар экан. Ҳамма ифлос ва оғир ишлар унинг зиммасида экан. Лекин Юн Су аҳён-аҳёнда хўжайини фарзандларининг китобларига кўз ташлаш имконига эга бўлар экан. Баъзида эса унга дарсларни тўлиқ тинглаш ҳам насиб қилар экан: ўқитувчи келганида Юн Су бурчакка беркиниб олиб, дарсни кузатар ва шу тариқа билим олар экан.
Бир йилдан кейин у сўзларни мустақил таҳлил қила бошлабди. Лекин бахтга қарши у ёзишни билмас экан! Ёзадиган нарсаси ҳам йўқ экан. Юн Су “нима қилиш мумкин?”, дея ўйланиб қолибди ва ечимини топибди.
Юн Су онаси билан денгиз бўйидаги кичкина уйчада яшар экан. Денгиз тўлқинлари қирғоқдаги қумни кун давомида текислар экан. Шундан фойдаланиб, ��н Су узун таёқни олиб, қирғоққа келибди. Чаққонлик билан қумга сўз ёзибди. Тўлқин келиб, сўзни ювиб кетибди. Болакай яна ёзибди – бошқа тўлқин сўзни яна ювиб кетибди. Бу тарзда у қалам ва қоғозсиз битмас-туганмас сўзлар ёзиши мумкин эканлигини тушунибди.
Лекин энди унда китобга эҳтиёж пайдо бўлибди.
Кунлардан бирида Юн Су бой хўжайинининг ёнига бориб, шундай дебди: “Мен хонадонингизда текин хизмат қилдим – энди менга ҳақ тўлашингизни сўрамоқчиман: менга китобларингизни ўқишга рухсат берсангиз, мен яна бир йил сизга бепул ишлаб беришга розиман”.
Хўжайин бундай наф келтирадиган хизматкорни йўқотиб қўйишдан қўрқиб, рухсат берибди.
Энди Юн Суда китоб ҳам бор экан. Кўпинча у қоронғи тушгунча ишлашга мажбур бўлар, тундагина ўқишга вақт топар экан. У шунчалик йўқсил бўлган эканки, ҳатто чироқ учун ёғ ҳам сотиб ололмас экан.
Бироқ Юн Су таслим бўлмабди. У ой ёруғида ўқиб, ёзишга одатланибди. Ой бўлмаганида эса Юн Су кечаси ялтираб кўринадиган қуртларни ўтлар орасидан териб олиб, уларни қоғоз фонусга солиб қўяр экан. Шу ҳашоратларнинг кучсизгина ёруғи остида тиришқоқ Юн Су тунда мутолаа қилишни давом эттирар экан.
Орадан кўп йиллар ўтибди. Юн Су ўз ниятига етибди – буюк олим бўлиб етишибди. Ва ҳали-хануз одамлар камбағал кичкинтой Юн Сунинг тиришқоқлигини ёдга олишар экан.
Отабек Хасанов
Сиёсий фанлар доктори (PhD)