ҒУРУРНИ ҚАДРЛАЙЛИК
ҲАММА ЎҚИШИ ВА КЎРИШИ ШАРТ – 6...
Ассалому алейкум ҳурматли гурух аъзолари ва дўстларим!! Демак, “ҲАММА ЎҚИШИ ШАРТ!!!” номли рубрикамизнинг олтинчи сонини сизларга тақдим этаман.
ҒУРУРНИ ҚАДРЛАЙЛИК
Ҳеч ўзингизга савол берганмисиз нима учун ҳар бир давлат ўзининг байроғига эга бўлиши лозим? Нима учун байроқ давлат рамзи ҳисобланади? Нима учун спортчилар ўз мамлакатининг байроғи бошқа давлатлариникидан бир қарич баландроқ туриши учун 10 йиллаб тайёргарлик кўради? Нима учун ўзга давлатларда юрганингизда ўз юртингиз байроғини ўзга давлатда хилпираб турганини кўрсангиз юрагингиз бошқача уриб тўхтаб қоласиз?
Ўйлайманки ҳар бир инсон қачондир ўзига шу саволлар билан мурожаат қилган. Бугунги кунда дунё харитасида 202 тадан ортиқ давлатлар бўлса, ҳар бири бир-бирига ўхшамайдиган ва ўз миллий маъносига эга байроқларига эга. Албатта, байроқ бу ҳар бир инсоннинг ўз ватанининг рамзидир. Уни кўрганингизда ғурурланасиз, айниқса спорт соҳасида сизнинг байроғингиз бошқа давлатларга нисбатан баландроқ турса.
Яқинда Жакартада бўлиб ўтган Осиё чемпионатида 21 марта баланд туриб хилпираганида ва уни кетидан сизнинг мадҳиянгизни барча эшитганида, ушбу юрт фарзандлигингиздан фахрланиб кетасиз, ватанпарварлик туйғуси ошиб кетади. Ушбу спортчиларга ва уларнинг ота-онасига таъзим қилгингиз келади. Ушбу байроқ хилпираши учун ушбу спортчи туну кун йиллаб ўзини устида ишлаган ва байроғимиз қадрини у ич-ичидан яхши билади.
Тарихга назар ташласак, ҳар бир буюк империя қурган инсонларнинг ўз давлатининг ўз байроғи бўлган. 100 минглаб аскарлар ягона мақсад ва ягона байроқ остида бирлашган. Амир Темур бобомиз давлатининг байроғига назар ташласак мовий рангда бўлган. Ҳар бир жангга киришдан олдин биринчи қаторда баланд кўтарган ҳолда байроқ юрган. Минглаб аскарлар ушбу байроқ ҳеч қачон ерга тушмаслиги, оёқ ости бўлмаслиги учун жонларини фидо қилган. Амир Темур таъкидлаганидек, давлатимиз байроғи ҳар доим баланда хилпираши керак, то душман билсин бу юртда ватанпарвар инсонлар кўплигини ва бу ўғлонлар ҳеч қачон ўз давлатини байроғини пастга туширмаслигини.
Бугун ушбу мавзуда ёзишимга сабаб ижтимоий тармоқларда тарқалган видео бўлди. Унда энг улуғ ва энг азиз байрамимиз бўлган Мустақиллигимизниннг 27 йиллигини нишонлаш куни баъзи бир ёшларимиз томонидан кечаси осмонда хирпираб, ҳеч кимга қарам эмасмиз деган маънода мағрур бўлиб осилиб турган байроқларимизни ечиб оёқ ости қилганнини кўриб кайфиятим бузилди. Наҳотки бугун баъзи ёшларимиз шу даражада тубан бўлса. Бир тарафда туну-кун ухламасдан илмдами, спортдами, ҳарбий соҳадами меҳнат қилиб байроғимизни хилпирашини бир қарич баландроқ кўтариши учун, дунёга кимлигимизни яна бир бор исботлаш учун машаққатли меҳнат қилаётган ёшларимизни ҳаёти буларга ўрнак бўлмаса. Бугун биз баландпарвоз гаплар билан ёшлар-бизнинг келажагимиз, улар буюк давлат қуради деб турган бир пайтда ўз байроғига ҳурматсиз бўлган, байроғини янада баландроқ кўтариш ўрнига уни маънавиятсизлик, маърифатсизлик сари пастга туширадиган ёшлар билан қандай қурамиз.
Яна бир савол туғилади. Видеода кўриниб туриптики бу марказий кўчаларимизда юз берган. Ўз-ўзидан савол туғилади, наҳотки атрофдаги инсонлар шунчалар бефарқ бўлса, биронта инсон ёки ҳайдовчи тўхтаб “болам бу нима қилган ишинг, ўз юртингни ҳам байроғини ўғирлагандан кўра ўлганинг яхши эмасми”, йўқ ҳаммамиз бунда вақтда ё кўрмиз ё соқовмиз. Сен менга тегма мен сенга тегмайман. Амир Темур бобомиз айтгандек “Азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз ва лоқайд кишидан афзалдир”. Лоқайдлик миллатни тубанликка етаклайди. Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Беҳбудий ва қанчадан-қанча зиёли ота боболаримиз шу мустақил байроғимиз юксак хирпирашу учун қатоғон бўлиб кетмадими.
Нимага АҚШ, Жанубий Корея ва Сингапур каби давлатлар боғчаларида ҳар куни эрталаб байроқ кўтариш маросимидан кунни бошлайди ва бу ишни ҳар бир фарзанд навбатма-навбат амалга оширади. Шу йўл билан ёшликдан шу байроқ хилпираши ва юксалиши билан унга ватанпарварлик туйғусини сингдиради.
Бу байроқ билан бўлиб ўтган ҳолат биз зиёлиларни кўзимизни каттароқ очишга сабаб бўлиши керак. Яъни халқимизни, ёшларимизни маънавияти, миллий ғурури, ватанпарварлигини ошириш йўлида қиладиган ишларимиз талаб даражасида эмаслиги, натижаси пастлиги, тарғибот ишларимиз фақат тадбир ва қарсакдан иборат бўлиб қолаётгани, амалий аҳамияти эса нолга тенг эканлигини кўрсатиб турипти. Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек “миллий тикланишдан миллий юксалиш сари интилишимиз зарур”. Бунинг учун барчамиз масъулмиз.
Отабек Хасанов
Сиёсий фанлар доктори (PhD)