Мавҳум тасаввур
- Виждон, - дея сўз бошлади пан Лацина. - Менимча ҳозир бу сўз сал бошқачароқ маънода ишлатилади. Балким, уни эндиликда “мавҳум тасаввурлар” тоифасига киритса бўлар, ҳайтовур, сизу бизга барибир эмасми? Билмадим, сизлар фабрикант Гирке воқеасини эшитганмисизлар, йўқми, уни жудаям бой ва обрўли, қад-қомати келишган, паҳлавон келбатли жаноб дейишарди.
Анчадан бери сўққабош экан. У ҳақда ҳеч ким бошқа ҳеч нарса билмасди. Хуллас у ана шундай одамови, сирли ва ўзига хос киши эди. У қирққа кирганида эндигина ўн еттига тўлган, қўғирчоқдеккина дўндиқчани севиб, унга уйланди. Юрагида қўри, белида қуввати бор экан-да бояқишнинг. Ҳақиқий гўзалликдан гоҳида одамнинг юраги ғаш тортади, баъзан нимагадир ичинг ачиша бошлайди, баъзан қалбингга недир нафосат оқиб кирганини сезмайсан, ишқилиб шунақа-да! Гирке ана шундай латофатли қизга уйланганди – у жудаям бадавлат, қўли узун одам эди-да!
Келин-куёв асал ойини ўтказиш учун Италияга жўнаб кетишди. У ерда ғалати бир ҳодиса юз берди. Венециядаги машҳур черков минорасига чиқишгач, Гирке у ердан пастга қараган – айтишларича у ердан ҳаммаёқ жуда чиройли кўринаркан, - шунда Гиркенинг ранги оқариб, хотинига юзланган-да, худди арраланган дарахтдек унинг оёқлари остига қулаб тушган. Шундан бери Гирке янада одамови бўп қолди. У ўзини худди ҳеч нарса бўлмагандек тутишга ҳаракат қилса-да, ташқи кўриниши анчайин ўзгарган, безовталиги яққол сезилиб турарди.
Хуллас, ўшанда хотини жуда қаттиқ хавотирга тушган ва эрини олиб дарров уйга қайтган. Уларнинг уйи жуда чиройли, ҳашаматли бўлиб. Деразалари шаҳар хиёбонига қараб турарди. Гиркенинг руҳиятидаги ўзгаришлар ҳам ана шундан кейин бошланди. У ҳар доим деразаларнинг ёнидан кетмас, уларнинг ёпилган-ёпилмаганини текшириб юрарди. Кутилмаганда ўтирган жойидан сапчиб турарди-да, яна деразалар томонга югурарди. Ҳатто, кечалари ҳам худди арвоҳдек бутун уй бўйлаб изғир, ҳамма саволларга боши тинимсиз айланаётгани, деразалар очиқлиги ва уларни дарҳол тамбалаб олиши кераклигини айтиб ғўлдирарди. Шунда хотини ҳамма деразаларга панжара ўрнатиш кераклигини айтди. Бу тадбир бир неча кунгагина асқотди. Гирке бироз тинчланди, аммо, кўп ўтмай, дераза панжараларининг мустаҳкам ёки омонат эканини билиш учун силкитиб кўришга тушди. Бу пайтда барча деразаларга мустаҳкам пўлат тўсиқлар қотирилган, эр-хотин бу ерда худди қамоқхонадаги маҳбуслар мақомида эдилар. Гирке маълум муддат хотиржам юрди. Аммо, кейинчалик зинапоялардан тушаётганда ҳам боши тинимсиз айлана бошлаганини ҳис этди. У энди фалажга учрагандек зинапоя тутқичларини ушлаб аранг юрар, бу аснода нақ қора терга ботиб кетар, зинанинг қоқ ярмида ўтирганча худди безгак тутгандек қалтирарди. Шу даражада оғир эди бечорага.
Табиийки, имкон даражасида шифокорларга мурожаат қилинди. Уларнинг бири ишонч билан бош айланиши организмнинг кучли зўриқиши натижасидир, деса, бошқаси қулоқ соҳасидаги қандайдир касаллик белгиси сифатида баҳолади. Яна бирови қабзият деб ташхис қўйса, тўртинчиси мия ярим шарлари фаолиятининг бузилиши билан боғлади.
Яна бир таниқли мутахассис уни турфа қийноқларга солиб, янгича усуллар билан даволаб кўрмоқчи бўлди. Яхшиямки, Гирке ҳали бақувват, соғлом, иродали йигит экан, ҳаммасига чидади. Аммо, ҳозир у ўрнидан ҳам қўзғалолмай қолганди. Ҳатто полга қараши билан кўз олди қоронғилашиб, боши тинимсиз айланарди. У эндиликда фақат, кўзларини ҳам очмасдан, креслосида ҳаракатсиз ўтирар ва елкаларини силкитиб унсиз йиғларди.
Ўша пайтларда аллақандай янги доктор, невропатолог Шпитц ҳақидаги гап-сўзлар аён бўлганди. У айнан мавҳум тасаввурлар бўйича мутахассис экан. Унинг таъкидлашича, ҳар қандай одамда ҳаёти давомида онг остида хилма-хил қўрқинчли тасаввурлар, нохуш хотиралар, соғинч ва эҳтирослар, сақланиб қолар, вақти вақти билан улар уйғониб, одамнинг руҳиятида тушуниксиз зиддиятлар, асабий зўриқиш ва касалликларни келтириб чиқараркан. Агар шифокор ана шу мудҳиш тасаввурни аниқлаб, миядан сиқиб чиқара олса, бемор ўзини енгил ҳис қилиши, ҳатто бутунлай соғайиб кетиши ҳам мумкин экан. Фақат, шифокор руҳий таҳлил ёрдамида беморнинг ишончини тўла-тўкис забт этолсагина, уни азоблаётган эски хотира, тасаввур, ёхуд тушдаги алаҳсираш асоратини илғай оларкан Шундан сўнг шифокор айтар эканки: “оғайничалиш, бир пайтлар сизнинг ҳаётингизда шундай-шундай иш бўлган экан-у (бу жуда уятли бирор иш бўлиши ҳам мумкин) шу нарса сизнинг хотирангизда қайта-қайта жонланавериб. Ҳоли-жонингизга қўймаяпти экан, бизнинг бу руҳий жароҳат деб аталади. Энди биз бу жароҳатни топдик. Сиз ундан тамомила қутулдим деб ҳисоблайверинг, валлоҳу аълам энди сиз соппа-соғсиз, дер экану, шу билан олам гулистон.
Лекин тан олиш керакки, шу дўхтир чин маънода мўъжиза яратди. Сиз айнан мавҳум тасаввурлардан қанчадан-қанча бойлар азият чекишини ақлингизга ҳам сиғдиролмайсиз. Бу нарсалар камбағалларни кам безовта қилади. Хуллас, Шпитцнинг мижозлари ўзига хос эди. Хулласи калом Гиркени тиббиёт оламининг казо-казолари текшириб кўриб, бирор илож тополмагач, шу Шпитцга мурожаат қилишди. Шпитц эса, бу ҳақда эшитиши билан бош айланиши айнан асаб билан боғлиқ экани, бу хасталикдан осонгина қутулиш мумкинлигини айтди. Фақат, шу Гирке деганлари билан гаплашиш осон кечмади. Бемор унинг саволларига чайнала-чайнала аранг жавоб қайтарди, кейин эса, докторни эшикни орқасидан беркитишни буюрди. Шпитц қаттиқ ҳаяжонда эди. Бунақа руҳий тушкунлик беморнинг обрў-эътиборига ҳам соя соларди-да! Бу ҳолат асаб касалликлари орасида жуда камёб ҳодиса саналарди. Иккинчи тарафдан, бечора, ўн гулидан бир гули очилмаган пани Ирма... шундай қилиб, бизнинг дўхтир шу ишга жон-жаҳди билан киришди. “Мен Гиркедаги ўша мавҳусм тасаввур ёхуд мудҳиш хотирани топишим ва ундан халос этишим керак, буни уддалолмасам, тиббиётни тарк этиб, дўконга бориб, хотинларнинг ички кийимини сотганим бўлсин” дея ўзига ўзи аҳд қилди дўхтир Шпитц.
У руҳий таҳлилнинг янги усулини қўллашга қарор қилди. Даставвал, Гиркенинг яқин қариндош-уруғлари, ака-укалари, тоғаю аммалари, божаю қайноғалари билан танишиб, уларнинг ишончига кириб олди. Тажрибали дўхтир диққат билан тинглай билиши керак. Қариндош-уруғлар дўхтирнинг назокати, хушмуомалалиги, самимиятига тан беришди. Алалоқибат, дўхтир бирданига жиддий қиёфага кирди-да, бир нуфузли идорага мурожаат қилиб, маълум бир манзилга иккита ишончли масъул ходимни жўнатишни сўради. Ходимлар ишни унинг фойдасига ҳал этиб қайтгач, Шпитц уларни рози қилиб, тўппа-тўғри Гиркенинг уйига йўл олди. У ҳамон нимқоронғи хонада, қимирлашга ҳам мажол тополмай ўтирарди.
-Жаноб, - деди унга дўхтир Шпитц. - Сизни ортиқча безовта қилиб ўтирмайман. Истамасангиз, саволларимга жавоб бермаслигингиз ҳам мумкин. Мен қандай бўлмасин, бошингиз айланиши сабабини билишим керак. Сиз қандайдир мавҳум тасаввурни онгингизга ҳайдаб киритгансиз. У эса, сизнинг соғлиғингизни бутунлай издан чиқараётир.
-Сизни ким чақирди, ўзи дўхтир? - хириллагудек бўлиб, унинг сўзини бўлди Гирке ва қўлини қўнғироқ тугмасига юборди.
-Сабр, - деди дўхтир, бир дақиқа сабр қиласиз. Венециядаги черков минорасига чиққанингизда, бошингиз айланишидан сал аввалроқ, - яхшилаб эсланг, жаноб, - нимани ҳис қилгансиз?
Гирке қўлини тугмадан олмай, турган ерида қотиб қолди.
-Сиз, - давом этди дўхтир, - сиз ўзингизда жуда даҳшатли, ақлга сиғмайдиган бир ёввойи хоҳиш – ёш ва гўзал хотинингизни ана шу минорадан итариб юбориш истагини ҳис этгансиз. Аммо, сиз уни телбаларча севардингиз, ва шунда ичингизда кучли бир зиддият пайдо бўлди ва у кучли руҳий изтироб туфайли заифлашди. Шунда сиз мувозанатни йўқотиб, йиқилиб тушдингиз, тўғрими?
Жимлик чўкди. Фақат, қўнғироқ тугмасига узанган қўл шалвираб тушди.
-Ўшандан бери, -сўзида давом этди дўхтир. - сиз ана шу тушуниксиз бош айланишга мубтало бўлдингиз. Шундан бери сиз деразаларни тамбалаб, юқоридан пастга қарашга ботинолмай қолдингиз. Чунки, сиз қачондир пани Ирмани пастга ташлаб юборишингиз мумкинлигидан ўлгудек қўрқардингиз.
Гирке худди ваҳший ҳайвондек наъра тортди.
-Ҳа, - дўхтир сўзида давом этарди. - Энди эса, жаноб, ўз-ўзидан савол туғилади: бу мавҳум, ёпишқоқ тасаввур сизда қаердан пайдо бўлди? Сиз, жаноб Гирке, ўн саккиз йил аввал ҳам уйланган эдингиз. Биринчи хотинингиз Альп тоғларига саёҳатингиз пайтида вафот этган. У Хоэ Ванд тоғига чиқаётган пайти пастга қулаб тушган ва унинг барча мол-мулки сизга мерос қолган.
Хонада фақатгина Гиркенинг жон ҳолида ҳансираб нафас олиши эшитиларди.
-Гирке! - тантанавор хитоб қилди доктор Шпитц. - тан олинг, биринчи хотинингизни ўзингиз ўлдиргансиз. Сиз уни жарликка итариб юборгансиз. Шунинг учун, - қулоқ солинг, - шунинг учун сизга худди иккинчи, севимли хотинингизни ҳам шу тариқа ўлдириб юбориш керакдек туюлаверган. Шу сабабли сиз баландликдан ўлгудек қўрқиб қолгансиз. Шунинг учун сизни муттасил бош айланиши безовта қиляпти.
-Дўхтир! - ўзини тўхтата олмай, ўкириб юборди бемор. - Дўхтир, айтинг, энди мен нима қилай? Нима қилай, айтинг?
Дўхтир Шпитцнинг юзи бирдан ҳамдард тус олди.
-Жаноб, - деди хўрсиниб, - Агар мен тақводор одам бўлганимда, сизга қонун олдида бош эгиб, тегишли жазойингизни олишни маслаҳат берган бўлардим. Аммо, одатда, шифокорларнинг аксарияти менга ўхшаб, Худога ишонишмайди. Нима қилиш кераклигини ўзингиз ҳал қилинг. Тиббий нуқтаи назардан сиз, менимча соппа-соғсиз. Қани ўрнингиздан туринг-чи, пан Гирке!
Гирке бўрдек оқариб ўрнидан турди.
-Хўш, қалай, - сўради дўхтир. - Энди бошингиз айланмаяптими?
Гирке бош чайқади.
- Ана кўряпсизми, - деди дўхтир. -Энди бошқа асар-аломатлар ҳам ўз-ўзидан йўқолади. Бошингиз айланиши айнан ўша мавҳум тасаввур натижаси эди, холос. Биз уни аниқладик, энди ўз-ўзидан йўқолиши табиий. Бемалол деразадан пастга қарашингиз мумкин. Қалай? Зўрми? Менимча, бошингиз айланмаяпти. Ҳаммасидан қутулдингиз, пан Гирке! Сиз, менинг шифокорлик амалиётим давомидаги энг ноёб ҳодисасиз. - Дўхтир Шпитц хурсандчиликдан қарсак чалиб юборди. - Сиз мутлақо соғломсиз. Пани Ирмани чақирсам бўладими? Йўқ? Тушундим, демак, сиз унга сюрприз қилмоқчисиз! Ё раббий. Бечора сизни оёққа туриб кетганингизни кўрса, қанчалик қувонади. Қаранг, фан қандай мўъжизаларга қодир!
Ўз муваффақиятидан чексиз завқ-шавққа тўлган Шпитц сурункасига икки соат вайсашга ҳам тайёр эди. Аммо, ҳозир пан Гиркега осойишталик кераклигини англаб, унга қувватга кириши учун бир-иккита дори-дармон ёзиб, кетишга ижозат сўради.
-Мен сизни кузатиб қўяман, - деди Гирке тавозе билан ва дўхтирни зинапоя майдончасига қадар кузатиб чиқди. - Ажойиб. Бош айланишидан асар ҳам қолмабди.
-Худога шукур, - енгил тин олди Шпитц. - Сиз ўзингизни тамомила соғайиб кетгандек ҳис қилаётгандирсиз?
-Худди шундай, - сокин жавоб қайтарди Гирке зинапоядан пастга тушиб кетаётган докторни кузатиб қоларкан.
Дўхтир кўча эшикни ёпиши билан орқадан қаттиқ гурсиллаган овоз эшитилди. Гиркенинг зинапоя тагидан топишганида, жони узилган, аъзойи бадани моматалоқ бўлганди. У йиқилган пайтда боши зинапоянинг пўлат панжарасига зарб билан урилган экан.
Дўхтир Шпитцга шу ҳақда хабар қилишганида, у ғалати нигоҳ билан анчагача бўлиққа тикилиб қолди. Кейин ўз беморларини қайд қилиб борадиган журналини очди-да, Гиркенинг фамилияси қаршисида шу кунги сана ва “Suisidum” сўзини битиб қўйди. Энди бу, сизу биз тушунадиган тилда “ўзини ўзи ўлдириш” деган маънони англатса керак.
Рус тилидан Рустам ЖАББОРОВ таржимаси
Манба: ziyouz.uz