«O‘ZLITINEFTGAZ» АЖ “Техник кун” халқаро конференциясида иштирок этди
2024 йилнинг 13-15 март кунлари пойтахтдаги Hilton меҳмонхонасида “Ўзбекнефтгаз” ва Россия Федерациясининг Нефть ва газ технологик ташаббуслари институти (ИНТИ) билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси ёқилғи-энергетика корхоналарида халқаро тажрибадан фойдаланган ҳолда янги замонавий стандартларни жорий этиш масалаларига ба-ишланган “Техник кун” халқаро конференцияси бўлиб ўтди.
Конференцияда нефть ва газ, энергетика ва автоматлаштириш соҳаларига ихтисослашган йирик хорижий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган ва тақдим этилаётган геология-қидирув, технологик ускуналар ва логистика хизматларига ички ва ташқи бозорда талабни оширишнинг замонавий тамойиллари ва ечимлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, тадбир давомида мутахассисларга ИНТИ томонидан геология-қидирув, бурғилаш, қазиб олиш, қайта ишлаш, босим остида ишлайдиган қурилмалар, ротор ва насос ускуналари, энергетика, автоматлаштириш, қурилиш ыоида ва меъёрлари каби 170 дан ортиқ йўналишларда ишлаб чиқилган стандартлар бўйича тақдимотлар ўтказилди.
Тадбирда "O‘ZLITINEFTGAZ" АЖ Бошқаруви Раиси У. С. Назаров ҳам маъруза билан иштирок этди. "Технологик суверенитет. Стандартлаштириш ва мувофиқликни баҳолашнинг роли" мавзусидаги шўъба йиғилишида турли компаниялар ва корхоналарнинг спикерлари ИНТИ стандартларини ишлаб чиқиш истиқболларини муҳокама қилдилар. У.С. Назаров ИНТИ стандартлари масаласига тўхталиб, улардан фойдаланишнинг афзалликларини таъкидлади ҳамда Ўзбекистон Республикаси нефть ва газ корхоналарида жорий этилган стандартларни қўллаш, шунингдек уларни ривожлантиришнинг зарур мезонлари бўйича долзарб масалаларни илгари сурди.
Конференция натижалари бўйича замонавий халқаро стандартларни Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси стандартлари билан унификациялаштиришга қаратилган қарорлар қабул қилинди. Тадбир якунлари бўйича "Ўзбекнефтгаз" АЖ, Ўзбекистон стандартлар институти ва ИНТИ ўртасида нефть ва газ соҳасида стандартлаштириш ва мувофиқликни баҳолашни ривожлантириш бўйича меморандум имзоланди.