April 12, 2021

Мисвокка доир улуғлар баҳси

Имом Марғиноний раҳимаҳуллоҳ “Ҳидоя”да қуйидагиларни баён қилади: «Рўзадорга нам мисвокни наҳорда ҳамда заволдан кейин ишлатишнинг зарари йўқ. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам (бирор вақтни) истисно қилмасдан: “Рўзадорнинг энг яхши фазилати мисвок ишлатишдир” деганлар (Имом Ибн Можа ривояти).

(Муаллифнинг “нам мисвок” деб қайдлашига сабаб Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг “Нам мисвок рўзадорга макруҳ бўлади”, деган сўзларидир.)

Имом Шофиъий раҳимаҳуллоҳ эса: “Заволдан кейин ишлатиш макруҳдир. Чунки бунда мақталган асарни – оғиздаги ҳидни кетказиш бор. Бу асар (намоён бўлиб туриш жиҳатидан) худди шаҳиднинг қонига ўхшайди”, дейди.

(Имом Шофиъий раҳимаҳуллоҳ Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Рўзадорнинг оғзидан чиқадиган ҳид Аллоҳ таоло наздида мушкнинг ҳидидан кўра суюклироқдир”, деган ҳадисларига ишора қилиб, ўша мақталган ҳидни кетказиш макруҳ деб ҳисоблайди. Қолаверса, шаҳиднинг қони ҳам ювилмайди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаҳиднинг қони тўғрисида бундай дейдилар: “Ранги қоннинг ранги, ҳиди мушкнинг ҳиди кабидир”. Шу жиҳатдан рўзадорнинг оғзидаги ҳид худди шаҳиднинг қони каби намоён бўлиб туриши керак. Агар у мисвок билан кетказиладиган бўлса, гўё шаҳиднинг қонини ювиб ташлашга ўхшаб қолади.)

Биз айтамизки: У (рўзадорнинг оғзидан келадиган ҳид) ибодатнинг асари бўлиб, уни яшириш ўринлидир. (Дарҳақиқат, ибодат яширин қилинса, риёдан холи бўлади. Бу эса унинг ажрини янада зиёда қилади. Одатда рўза тутган кишининг оғзидан нохуш ҳид келиб туради ва бу рўзанинг аломати ҳисобланади. Риёдан эҳтиёт бўлиш учун ҳатто ана шу ҳидни ҳам кетказиш мақсад га мувофиқ бўлар экан.) Шаҳиднинг қони эса, аксинча, зулмнинг асаридир. Шунинг учун уни намоён қилиш керак.

Ривоят қилган ҳадисимизга биноан, мис вокнинг ўзидаги намлик билан сувда ҳўлланган намлик ўртасида фарқ йўқ (яъни, мисвокдаги намлик рўзага зарар қилмайди)» (2-жуз, 11–118-бетлар).

Робиа ибн Омир розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рўзадор ҳолларида жуда кўп марта мисвок қилганларини кўрдим” (Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривояти).

Имом Шавконий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ҳақиқат шуки, рўзадор учун куннинг аввали ва охирида мисвок ишлатиш мустаҳаб бўлиб, бу жумҳур имомларнинг йўлидир”.

Юқоридагилардан хулоса қилинадиган бўлса, мисвок мўмин киши учун жуда фойдали покланиш воситаси экан. Шу билан бирга, у Аллоҳ таолонинг розилигига олиб боради. Зеро, Ислом поклик асосига қурилган.

Дарҳақиқат, рўзадор киши оғзидан келаётган ҳидни “бу рўзанинг аломати, Аллоҳ учун севимли” дея хотиржамликка берилмай, мисвок ёрдамида уни кетказиши мустаҳаб саналади. Натижада ҳам ўзига, ҳам атрофидагиларга ноқулайлик туғдирмайди. Чунки рўзадорнинг оғзидан келадиган ҳид одатда ёқимсиз бўлиб, инсон табиати уни хушламайди. Маълумки, динимиз мўмин кишининг доимо ҳар жиҳатдан покликка аҳамият беришини талаб этади. Ибодатларни ва уларнинг асарларини яшириш кўпроқ ажру савобга эришиш ҳамда Аллоҳ таолонинг розилигини топишга сабаб бўлади.

Абдулазиз РАҲМИДДИН тайёрлади

“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 4-сонидан

@rabboniyat