April 14, 2022

Ишга жойлашишнинг осон йўли бор!

Ишонмайсизми? Бу йўл — саводли резюме тузиш ва ўзини кўрсата билиш!

Компаниямизга бир ойда юзлаб резюмелар, иш борасида электрон мактублар келиб тушади. Афсуски, уларнинг аксариятини нотўғри тўлдирилган резюмелар, хатоларга бой хатлар ташкил қилади.

Бир нарсани тушуниб етинг — иш бозори ҳам бозор! Ўзини ақлли, билимдон, чаққон кўрсатганлар ишини тез топади, нони бут бўлади. Икки қатор гап ёзишга эриниб, иш берувчига юбораётган хат мавзуси «салом» бўлса, бундай ходим, минг ақлли бўлмасин, ҳеч кимга керак эмас. Биринчи навбатда сиз ўз билимларингиз, тажрибангизни кўрсатиб беришингиз керак.

Сиз ақлли ва жонкуярмисиз? Иш берувчи назарига тушмоқчимисиз? У ҳолда бизнинг маслаҳатларимизга қулоқ тутинг.

Биринчи қадам: вакансияни синчиклаб ўқиб чиқинг

Ўзингизга савол беринг: шу иш сизга қизиқми? Шундай иш билан шуғулланишни хоҳлайсизми? Агар жавобингиз ижобий бўлса, вакансияни синчиклаб ўқиб чиқинг, нима иш ҳақида гап кетаётгани тўғрисида тасаввурга эга бўлинг.

Биринчи бўлиб ойликка қараманг! Ҳали ҳеч нарсани кўрсатмай туриб, бир нарсани қойил қилмай туриб, ойлик ҳақида ҳатто ўйлашингизнинг ўзи нотўғри.

Агар вакансия бўйича саволларингизга эълондан жавоб топа олмасангиз, унда кўрсатилган телефонга қўнғироқ қилиб ёки эмаил манзилига мактуб жўнатиб, батафсилроқ маълумот олишга уялманг.

Таклиф қилинаётган иш, ишхонанинг жойлашган жойи сизга тўғри келса, вакансияда кўрсатилган талабларга жавоб берсангиз, резюме тайёрланг.

Иккинчи қадам: резюме

Резюме нима ўзи? Бу сўзни барча ишга кирмоқчи бўлган киши билиши керак.

Резюме — ўзингиз ҳақида қисқача маълумот. Бу автобиография ҳам, иншо ҳам эмас. Одатда жадвал кўринишида бўладиган бир варақ ҳужжат.

Ҳужжатда ўз ҳақингизда (туғилган йил, жой ва ҳ.к.), олган билимингиз ҳақида (қаерда ва қачон ўқигансиз), аввал ишлаган бўлсангиз, ишлаган жойингиз ҳақида (қачон, қаерда, қандай лавозимда, нима ишлар қилгансиз) қисқача маълумот беринг.

Резюме намунаси

Давлат идоралари ҳақида билмадим-ку, аммо бизнинг компанияга ўхшаш ёш корхоналарга ота-онангиз, уларнинг қаерда ишлашлари ва бошқа маълумотлар керак эмас.

Резюме — бу иш берувчига сиз ҳақингизда дастлабки маълумотни берувчи ҳужжат. Иш берувчида ижобий биринчи таассурот қолдирсангиз, ишингиз ўнгидан келади, буни унутманг. Шу сабабли резюмега катта аҳамият беринг.

Резюме файлини иш берувчига тушунарли қилиб номланг. Масалан, анвар-содиқов-резюме.доc. Агар файлни резюме.доc деб номласангиз, резюменгиз шундай номланган бошқа файллар орасида йўқолиб кетиш эҳтимоли бор.

Резюме намунасини юклаб олинг

Учинчи қадам: иш берувчига мактуб

Бугунги интернет оламида ҳеч ким қоғозли мактублардан фойдаланмаса керак. Шу сабабли резюменгизни компьютерда тайёрлаб, уни электрон почта орқали жўнатиш керак.

Резюмени жўнатиш учун қуруқ мактуб ва унга бириктирилган резюме файли кифоя эмас. Сизни ишга қабул қилишларини хоҳласангиз, резюменгизга қўшиб чиройли (электрон) мактуб ёзинг.

Хат мавзусида ўз исм-шарифингиз ва қайси вакансияга резюме топшираётганингиз ҳақида маълумот беринг. Масалан: «Анвар Содиқовдан Интернет-журналист вакансиясига резюме»

Аввал салом, баъдаз калом, деб бежиз айтмаган доно халқимиз. Шунинг учун ҳам мактубни ассаломдан бошланг.

Кейинги хатбошида исмингиз нималиги, қайси лавозимга ишга кирмоқчилигингиз ва вакансия ҳақида қаердан маълумот олганингиз ҳақида ёзинг.

Мактубни эса хатни қабул қилиб олувчи кишига нисбатан ҳурмат билдирган ҳолда якунланг.

Иш берувчига юбориладиган эмаил намунаси. Ушбу эмаилга резюменгизни бириктиришни унутманг

Сизга ҳеч ким жавоб қайтармадими?

Резюме жўнатганингизга икки ҳафта бўлди, аммо иш берувчидан дарак йўқми? У ҳолда яна бир қисқа эмаил орқали ундан резюменгиз кўриб чиқилган-чиқилмагани ҳақида сўранг.

Иш берувчиларга кўп резюмелар келгани боис, сизга жавоб бермаслиги ёки кеч жавоб бериши мумкин. Аммо, агар сизнинг резюменгиз саводли тузилган бўлса, унга албатта жавоб беришади ва суҳбатга чақиришади.

Айтмоқчи, резюменгизда кўрсатилган телефонингиз доимо алоқада бўлишига ҳаракат қилинг, эмаил манзилингизни тез-тез текшириб туринг.

Хулоса

Юқорида берган маслаҳатларимизга риоя қилсангиз, сизни 100% ишга олишади дегани эмас. Аммо, саводли резюмени кўрган кадрлар бўлими ходимининг бошқа кишини эмас, балки айнан сизни ишга олиш эҳтимоли ортади.

Ишга кириш ҳақида яна саволларингиз бўлса қуйида уларни беринг ва биз жавоб қайтаришга ҳаракат қиламиз.

Ишларингизга ривож!