Bayram tadbirlari
August 22, 2022

ҚЎШАЛОҚ БАЙРАМ ТУҲФАСИ

Мустақиллигимизнинг 31 йиллиги арафасида қуриб фойдаланишга топширилаётган объектлар сони кундан-кунга ортиб бормоқда. Булар нафақат давлат тасарруфидаги ташкилотлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари томонидан ҳам кўплаб маиший ҳамда хизмат кўрсатиш шахобчаларидир.

Бундай бир-биридан чиройли ва маҳобатли бинолар мустақиллик шодиёналари арафасида ишга туширилаётгани аҳолига қувонч бағишлаш билан бир қаторда, шаҳар ва туманлар кўркига кўрк қўшмоқда.

Жумладан, Марҳамат туманида анча йиллардан буён тадбиркорлик билан шуғулланиб келаётган тадбиркор Дилшодбек Абдураимов томонидан «Наврўз» МФЙ, Мустақиллик кўчасида  қуриб битказилган «Visol» тантаналар саройи ҳам шулар сирасидандир.

Марҳамат тумани ҳокими Б.Юлдашев ташаббуси ҳамда тадбиркор Д.Абдураимов ҳомийлигида бугун ушбу тўйхонада Марҳамат туманидаги кам таъминланган, ижтимоий кўмакка муҳтож 10 та оила фарзандларининг хатна тўйлари ўтказиб берилди.

Тўй болаларнинг ҳар бирига бош-оёқ сарпо, велосипед каби турли совғалар туҳфа қилиниб, тўй дастурхони безатилди.

Байрамда иштирок этган туман маданият бўлими санъаткорларининг куй-қўшиқлари ҳамда мусиқа ва санъат мактабларининг ўқувчилари томонидан ижро этилган бир-биридан бетакрор рақслар эса иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашди.

Марҳамат тумани ҳокимлиги
Матбуот хизмати.