ДУЁНИНГ ЭНГ БОЙ ОДАМИ ЖЕФФ БЕЗОС ҲАЁТИНИНГ 10 ТА ҚОИДАСИ
Мислсиз бойликка эришган миллиардер ўз ҳаёти давомида амал қилиб келадиган қоидалар.
30 ёшида Жефф Безос Уолл-Стритдаги сердаромад ишини ташлаб, китоблар савдоси билан шуғуллана бошлади. Бугун у – сайёрадаги бадавлат одам ва медиамагнат. “Relentless” компанияси ҳақида эшитганмисиз? Қизиқ, таржима қилинганида “шафқатсиз” маъносини берадиган номга эга ташкилот нима билан шуғулланиши мумкин. Ҳайрон қоласиз, бироқ бу компанияни биласиз. Браузерингизга www.relentless.com деб ёзинг. Бу корпорация эгасини танишингиз аниқ. Бу Жефф Безос – дунёдаги бадавлат одам ва Амазон онлайн компаниясининг асосчиси.
#1: тўйиб ухлаш
Жефф Безос ҳар куни 8 соатдан кам ухламайди. Wall Street Journal нашрига берган интервьюсида миллиардер уйқу стрессни енгиб ўтишнинг энг яхши чораси эканини айтиб ўтганди. Безос ҳеч қачон эрталаб уйғотувчи соатлардан фойдаланмайди. Тўйиб ухлаб, кейин уйғонишни маъқул кўради. Ҳаттоки, иш пайтида уйқуси келиб қолса, бир оз мизғиб олишни ҳам канда қилмайди.
#2: мазали нонушта
Безос кунни яхши кайфиятда бошлаш муваффақиятнинг сабабларидан бири деб билади. Шунинг учун у ҳар доим тонгги рационини хилма-хил қилишга интилади. Бир сафар қайсидир топ-менежер нонуштага саримсоқ пиёзли йогуртда пиширилган саккизоёқни тановул қилишини эшитиб қолиб, бу овқатни еб кўрган. Ўша менежерни яхшироқ тушуниш учун. Кейинчалик бу менежер Безос компаниясида иш бошлагани алоҳида мавзу.
#3: оила ва иш баланси
Жефф Безос оила ва ишни бир-бирига аралаштирмайди. У бош билан ишга шўнғиб, меъёридан ортиқ меҳнат қилишга қарши. Лекин шу билан бирга иш вақтида оила аъзолари қўнғироқларига жавоб бермайди.
“Агар мен уйда бахтли бўлсам, ишхонада яхши раҳбарга айлана оламан. Агар ишда самарадорликни таъминласам, уйда яхши кайфиятдаги ота ва турмуш ўртоқ бўламан”, - дейди Безос.
Албатта, бундай катта масштабдаги бизнесмен ҳар кун соат 6 дан кейин уйга жўнаб қолмайди. Шунчаки, у ҳамиша оила аъзолари учун вақт топишга ҳаракат қилади.
#4: яхши аёлга уйланиш
Безоснинг фикрича, яхши турмуш ўртоқ ҳаётда катта натижаларга эришишга ёрдам беради. Жесс Безос миллиардерлар рўйхатида биринчи поғонада юришига унинг хотини Маккензининг ҳам ҳиссаси катта бўлган. Гарчи шу йилнинг 5 июль куни Безос 25 йиллик турмушдан сўнг Маккензи билан ажрашганига қарамай, у рафиқасидан миннатдор эканини ҳамиша таъкидлайди. Дарвоқе, ажримдан сўнг Маккензига 39 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги маблағ тегди. Ҳозирда у дунёнинг энг бой аёллари рўхйтаида 3-поғонада.
#5: вазифаларни тартиблаш
Пала-партишлик иш унумини сўндиради. Шу сабабли Безос ҳамма вазифаларни тартиб билан бажаришга ҳаракат қилади. Бир вақтнинг ўзида бир неча юмуш билан шуғулланмайди. Ва буни бошқаларга ҳам маслаҳат бермайди.
#6: ўз фикрида собит қолиш
Безоснинг фикрлари турфа хил. Баъзан унинг фикрларини эшитган инсонлар ҳайратга тушишади, унинг ғоялари муваффақият келтиришига ишонмаганлар ҳам кўп бўлган. Шунга қарамай, Жефф ҳамиша ўз фикрида собит қолган ва ҳозирги даражага эришишга муваффақ бўлган. Масалан, унинг китобларни интернет орқали сотиш фикри Amazon компаниясини очишга туртки берган бўлиб, ҳозирда бу компанияга тегишли интернет-дўконда китболардан ташқари яна бошқа кўплаб маҳсулотлар сотилади.
#7: тежамкор бўлиш
Қаҳрамонимиз миллиардер бўлишига қарамай, жуда ҳам тежамкорликни ёқтиради. Ҳаттоки, рақобатчилари орасида “зиқна” деган ном ҳам орттириб олган. Мисол учун, унинг компаниясида Google’да бўлгани сингари ходимлар учун текин массаж кабиналари ёки бепул теннис кортлари йўқ. Унинг ходимлари ишхонада ҳаттоки, кофени ҳам пулга сотиб олиб, ичишади. Баъзилар, айнан мана шу жиҳати Безосни миллиардерга айлантирган дейишади.
#8: янги ғоялар ўйлаб топиш
Жефф Безос биргина Amazon компанияси билан чекланиб қолмаган. У 2000 йили Blue Orgin космик компаниясини ташкил қилди. Ҳозирда мазкур компания космосга туристларни юбориш билан шуғулланади. Унинг илк мижозлари келаси йилдан бошлаб Ер орбитасига чиқишлари мумкин бўлади. Биринчи мижозлар қаторида Безоснинг ўзи ҳам бор.
2013 йили эса Жефф Безос 250 миллион АҚШ долларига The Washington Post нашриёт уйини харид қилиб, медиамагнатга айланди. Аммо Безос газетанинг йўналиши ва ижодий ишларига аралашмайди.
#9: кўп китоб ўқиш
Безос бежизга бизнесини китоб сотишдан бошламаган: у мутолаа қилишни жуда севади. Ўз ходимларини ҳам кўп китоб ўқишга ундайди. Масалан, америкалик ёзувчи Насим Толибнинг “Қора оққуш: Мавҳумлик белгиси остида” китобини барча ўқиб чиқиши шарт деб билади. Мазкур китобда дунёни ўзгартириб юборган ноёб воқеалар ва кашфиётлар ҳақида ҳикоя қилинади.
#10: таваккал қилиш
Безос таваккал қилишдан қўрқмайди. У ўз вақтида Уолл-стритдаги яхши маош тўланадиган ишдан воз кечиб, ўз бизнесини бошлашга аҳд қилган. Бунга ҳам китоб сабабчи бўлган. Кадзуо Исигуронинг “Куннинг қолган қисми” китобини ўқиб чиққандан сўнг у ҳаётини тубдан ўзгартириб юборган қарорга келади. Китоб қари сарой хизматчисининг хотираларидан ташкил топган.
“Мен 80 ёшга етганимда ўз вақтида таваккал қилмаганим учун афсусланишим мумкин. Гарчи мағлубиятга учрасам ҳам, уриниб кўришим керак. Шунда қариганимда “ҳеч бўлмаса уриниб кўрдим-ку” деган фикр билан ўзимни юпатаман, деб ўйладим”, - дейди Безос китобдан олган таассуротлари билан ўртоқлашар экан.
Бизнесменнинг яна бир олтин қоидаси бор: “Мендан кўпинча “Нимага бундай қиляпсан?” деб сўрашади. Менинг уларга доимий жавобим: “Нимага уриниб кўрмаслик керак?”
Каналимизга уланинг ва дўстларга улашинг
👉 @uzeltexsanoat