April 8, 2020

Эпидемиологик вазият сабаб 351 та ижро ҳужжатлари кейинга қолдирилди

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 03.04.2020 йилдаги “Коронавирус панедемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чоралари тўғрисида”ги Фармонига кўра, карантинга олинган шахсларга (карантин коидаларини бузганлик учун қўлланилган жаримадан ташқари) нисбатан қўлланилган жарималарни тўлаш карантин муддати тугагунга қадар узайтирилиши белгиланган.

Юртимиздаги эпидемиологик вазият сабабли Мажбурий ижро бюроси Андижон вилояти бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан иш юритувидаги карантинга олинган шахсларга нисбатан мавжуд бўлган жарима ундириш билан боғлиқ барча ижро ҳужжатлари бўйича карантин муддати тугагунга қадар мажбурий ижро ҳаракатлари тўхтатилган.

Шунингдек, ундирувни турар жойлардаги (яшаш хонадонидаги) мол-мулкига қаратиш, шу мақсадда уларни хатлаш ва олиб қўйиш, ижро ҳужжатида қўрсатилган муайян ашёларни қарздор жисмоний шахсдан олиб қўйиш ва ундирувчига топшириш, қарздорни қўчириб киритиш, ер участкасини олиб қўйиш ва ўтказиш, иморат (қурилма)ни бузиб ташлаш ҳамда болани олиб бериш ва топшириш бўйича ижро ҳаракатлари вақтинчалик карантин тугагунга қадар кейинга қолдирилиши белгиланди.

Юқоридаги ижро ҳаракатлари фақат кечиктириб бўлмайдиган ҳолатлардагина карантин қоидаларига қатъий риоя қилиниб амалга оширилиши мумкин.

Кўрилган чора-тадбирлар натижасида суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш йўналишида жами 351 та, жумладан 78 та қурилма бузиш, 91 та мажбурият юклаш, 17 та ер олиб бериш, 13 та даъвони таминлаш, 35 та уйдан кўчириш, 57 та уйга киритиш, 26 та бола олиб бериш, 3 та бинодан чиқариш ва 31 та мол мулкларни олиб бериш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари бўйича ижро ҳаракатлари амалга оширилиши вақтинчалик карантин муддати тугагунга қадар кейинга қолдирилди.

 

МИБ Андижон вилояти бошқармаси