January 19, 2022

МИБ Андижон вилоят бошқармаси : ижро ҳужжатининг ижросини таъминлашда қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилмаган!

Жорий йилнинг 18 январь куни “Youtube” интернет тармоғида “Мақсад тадбиркорни синдиришмикан?” номли видеомурожаат жойлаштирилган. Унда тадбиркор “Нилуфар” МЧЖ томонидан "Буюк ипак йўли" банкига гаров эвазига қўйилган мулкини аукционда арзон нархда сотилганидан норозилигини билдирган.

Мазкур видеомурожаат Мажбурий ижро бюроси Андижон вилояти бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилди.

Аниқланишича, фуқаролик ишлари бўйича Хўжаобод туманлараро судининг 15.09.2021 йилдаги қарздор “Nilufar” МЧЖ дан АТИБ “Ипак йўли” Андижон филиали фойдасига 244 275,21 АҚШ доллари, 1 672 460 874 сўм қарз ҳамда 17 150 сўм почта ҳаражатларини ундириш ва ундирувни Рахимов Нурмухаммадга тегишли бўлган Хўжаобод тумани, Навоий кўчасидаги 593,0 кв.м ер майдонида жойлашган, 20 хонадан иборат, икки қаватли маъмурий бинога ҳамда бошқа мол-мулкларга қаратиш белгиланган.

Мазкур ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Ҳўжаобод туман бўлими иш юритувига 11.10.2021 йилда келиб тушган.

Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 54-моддаси, тўртинчи хатбошида “Кредит бўйича қарздорликни сўндириш ҳисобига ундирув қаратилаётган гаровга қўйилган мол-мулк қўшимча баҳоланмайди ҳамда тижорат банк ва қарз олувчи ўртасида тузилган гаров (ипотека) тўғрисидаги шартномада кўрсатилган нарх бўйича реализация қилинади” деб белгиланган.

Мазкур маъмурий бино тарафлар ўртасида тузилган гаров шартномаларига кўра жами 101 080 АҚШ долларига гаровга кўйилган. Гаров шартномалари АТИБ “Ипак йўли” Андижон филиали, “Nilufar” МЧЖ, “TEXNO MEBEL INVEST” МЧЖ ва мулк эгаси Н.Рахимов томонидан имзоланиб, нотариал тартибда тасдиқланган.

27.10.2021 йилда давлат ижрочиси томонидан фуқаро Н.Рахимовга тегишли маъмурий бино “Nilufar” МЧЖ таъсисчиси Қ.Холбердиев, мулк эгаси Н.Рахимов, кадастр палатаси Ҳўжаобод туман филиали ходими М.Мадрахимова ва холислар иштирокида хатланиб, кўздан кечирилган.

27.10.2021 йил ҳолатига 101 080 АҚШ долларининг сўмга нисбатан қиймати 1 079 906 374 сўмни ташкил этиши ҳақида банк маълумотномаси олиниб, мулк электрон онлайн-аукционда сотилиши ҳақида Н.Рахимовнинг яшаш манзилига хабарнома юборилган.

Кредит қарздорлигини тўлаш чораси кўрилмаганлиги сабабли
10.11.2021 йилда маъмурий бинони сотиш учун Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги “Электрон-онлайн аукционларни ташкил этиш маркази” давлат унитар корхонасига буюртма берилган.

Давлат унитар корхонаси томонидан 13.12.2021 йилда ўтказилган аукцион савдосида мулк сотилмаганлиги сабабли такрорий аукцион савдоси 28.12.2021 йилга белгиланган ҳамда 28.12.2021 йилда ўтказилган электрон онлайн-аукцион савдосида 971 915 736 сўмга сотилган.

Савдодан келиб тушган маблағлар суд ҳужжати бўйича йўналтирилган.

Мазкур ижро ҳужжатининг ижросини таъминлаш жараёнида давлат ижрочиси томонидан қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилмаганлиги маълум қилинади.

Мажбурий ижро бюроси

Андижон вилояти бошқармаси