ИТСВда аёллар ҳуқуқлари ва имкониятлари борасидаги тенденциялар муҳокама қилинди
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида ташкил этилган Аёллар клубида мунтазам равишда Ўзбекистоннинг муваффақиятли ва таниқли аёллари билан учрашувлар ўтказиб келинмоқда. Навбатдаги учрашув меҳмони инсон ҳуқуқлари бўйича ҳуқуқшунос, Жаҳон банкининг ижтимоий ривожланиш масалалари ҳамда Халқаро ҳуқуқшунослар комиссиясининг ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатчиси Дилфуза Куролова бўлди.
Дилфуза Куролова ўзининг интерфаол шаклда сўзлаган нутқида аёллар ҳуқуқлари ва имкониятларини ривожлантириш тенденциялари, халқаро амалиётдаги гендер тенглиги масалалари, шунингдек, давлат идораларида фаолият юритаётган аёллар лавозимларини оширишни қўллаб-қувватлашга қаратилган чоралар ҳақида фикр юритди.
Хусусан, оила ва жамиятдаги гендер ролларини тақсимлаш тамойиллари, давлат хизматидаги ўзаро муносабатларнинг айрим жиҳатлари, халқимизнинг тарихий анъаналари доирасида шаклланган ва авлоддан авлодга ўтадиган хулқ-атвор ва ижтимоий муносабатлар шакллари кўриб чиқилди. Хотин-қизларга нисбатан дискриминациянинг белгилари ва бундай ҳолларда кўриладиган чоралар, ҳар икки жинс вакилларининг тенг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатловчи қонунчилик жиҳатлари, БМТнинг “Хотин-қизларга нисбатан дискриминациянинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги Конвенцияси талабларини ҳаётга татбиқ этиш бўйича кўрилаётган тадбирлар, ижтимоий шерикликни таъминлаш ҳамда мамлакат аёллари ва эркаклари учун тенг ҳуқуқ ва тенг имкониятларни таъминлаш борасида давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Эслатиб ўтамиз, Аёллар клубининг мақсади бошқарув соҳасида аёлларнинг рақобатбардошлигини ошириш ҳамда Вазирликнинг раҳбар ходимлари сафида гендер тенглигини таъминлашдир. Клуб иштирокчилар ўртасида фикр ва тажриба алмашиш учун самарали платформа бўлиб, учрашувлар ва мотивацион тренинглар шаклида фаолият юритади.