Ҳудудий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш натижасида 116,3 мингта иш ўринлари яратилди
АОКАда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Г.Ботирова иштирокида брифинг бўлиб ўтди.
Кун тартибида: «ИТСВда ҳудудий инвестиция дастурларининг ижроси».
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 2021 йилда тасдиқланган ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида яратиладиган янги иш ўринлари тўғрисида маълумот берилди.
2021 йилда янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича тасдиқланган дастурга асосан, ҳудудий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш натижасида 200 мингдан ортиқ янги иш ўринларини яратиш белгиланган.
Шу боис, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш, шунингдек, ҳудудларнинг ўсиш нуқталаридан келиб чиққан ҳолда ривожлантириш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларида янги қувватларни ишга тушириш учун, йил бошидан «лойиҳабай» назорат тизими йўлга қўйилиб, ҳафталик қўл бошқаруви механизми жорий қилинган.
Мазкур тизим орқали ҳар бир ишга тушириладиган лойиҳаларга 3 тадан ходим бириктирилади.
- қиймати 50 млрд сўмдан юқори бўлган республика аҳамиятидаги лойиҳаларга Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосарлари ҳамда вазирликнинг тармоқ бошқармалари масъул ходимлари,
- қиймати 5 млрд сўмдан 50 млрд сўмгача бўлган вилоят аҳамиятидаги лойиҳаларга Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ўринбосарлари ҳамда вазирликнинг ҳудудий бошқармалари масъул ходимлари,
- қиймати 5 млрд сўмдан кичик бўлган лойиҳаларга шаҳар ва туман ҳокимлари ўринбосарлари бириктирилиб, лойиҳаларни ўз муддатларида ва сифатли тарзда ишга туширилиши, юзага келган муаммоларни тезкорлик билан бартараф этилиши назоратга олинди.
Шунингдек, Ҳукумат комиссияси томонидан йил давомида янги молиявий манбаларни аниқлаш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, лойиҳаларни нафақат белгиланган муддатларда, балки муддатидан олдин ишга тушириш, янги қўшимча лойиҳаларни аниқлаш каби бир қатор чоралар кўрилди.
Аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш учун, лойиҳаларда юзага келаётган туман, вилоят ва республика даражасидаги масалалар тегишлилигича бартараф қилиниб, қўшимча захира иш ўринлари яратилиб келинмоқда.
Бундан ташқари, Ҳукумат комиссияси томонидан ўтказилган ўрганишларда ҳудудларнинг ўсиш нуқтасидан келиб чиқиб аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда янги экспорт ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун қиймати қарийб 13 (12,9) трлн сўмлик 1 167 та янги лойиҳалар шакллантирилди ва 22 мингта иш ўрни, шунингдек, дастурга киритилган ва ишга тушириш муддатлари 2022 йилга белгиланган қиймати 1,1 трлн сўмлик 71 та лойиҳалар муддатидан аввал жорий йилда ишга туширилиши ҳисобига 2300 дан ортиқ иш ўрни яратилди.
Натижада, жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида қиймати 22,3 трлн сўмлик 4 829 та лойиҳаларда 67,5 мингта иш ўринлари ўрнига, амалда қиймати 41 трлн сўмлик 9 933 та лойиҳаларда 116,3 мингта иш ўринлари яратилишига эришилди.
- муддатидан олдин ишга туширилган 2 234 та лойиҳаларда 29,2 мингта иш ўринлари;
- қўшимча (резерв) тарзда ишга туширилган 2 980 та лойиҳаларда 25,4 мингта иш ўринлари яратилган.
Тармоқлар кесимида гапирадиган бўлсак:
- Саноат йўналишида – 2 626 та лойиҳада 53,3 мингта иш ўрни;
- Хизмат кўрсатиш йўналишида – 4 359 та лойиҳада қарийб 39 (38,9) мингта;
- Қишлоқ хўжалиги йўналишида – 2 948 та лойиҳада 24,1 мингта иш ўринлари яратилди.
Андижон вилояти Андижон шаҳрида «Динар гроуп» МЧЖ томонидан қиймати 116 млрд сўм бўлган трикотаж мато тўқиш ва бўяш лойиҳаси ишга туширилиши натижасида 1000 дан ортиқ иш ўринлари яратилди.
Қашқадарё вилояти Қамаши туманида «Оқработ токзори» корхонаси томонидан қиймати 7,8млрд сўм бўлган узумчиликни ривожлантириш лойиҳаси ишга туширилиб, 300та янги иш ўринлари яратилди.
Ишга туширилган лойиҳалар ҳисобига, йилига қарийб 6 трлн сўмлик саноат маҳсулотлари, 123 млн долларга яқин экспортбоп маҳсулотлар, 269 млн долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилди. Бюджетга 2,6 трлн сўмлик қўшимча тушумлар имконияти яратилди.
Жорий йил аввалида ҳудудий дастур доирасида қиймати 71,3 трлн сўм бўлган
7 001 та лойиҳалар ишга туширилиши ва 151,5 мингта иш ўринлари яратилиши белгиланган эди.
Ҳукумат комиссияси томонидан йўлга қўйилган лойиҳабай назорат тизими ва амалга оширилган қўшимча чора-тадбирлар натижасида йил якуни билан 12 939 та лойиҳалар фойдаланишга топширилиши ва 215,5 мингта иш ўринлари яратилиши кутилмоқда.
Мазкур ишга тушириладиган лойиҳалар ҳисобига йиллик 392 млн долларлик қўшимча экспорт, 503 млн долларлик қўшимча импорт ўрнини босиш ҳамда 6,4 трлн сўмлик қўшимча бюджетга тушум имкониятлари яратилади.
Хулоса қилиб шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳамда ўз вақтида ишга туширилишини назорат қилиш бўйича чора-тадбирлар мажмуи амалга оширилмоқда. Ҳар бир лойиҳага масъуллар бириктирилган. Улар кунлик мониторинг ўтказиш билан бирга, юзага келадиган муаммоли масалаларни ҳал қилиш бўйича тезкор чоралар кўрмоқда.