Япония тадбиркорлари Фарғона, Андижон, Наманган вилоятларидаги инвестициявий муҳит билан танишишди
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Япония ташқи савдони ривожлантириш ташкилоти JETRO ўртасидаги келишув доирасида Японияда кичик ва ўрта бизнес вакиллари учун яна бир вебинар ўтказилди.
Вебинар Ўзбекистон Республикасининг Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятларида бизнес юритиш учун яратилган қулай шарт-шароитларни кенг ёритиш мақсадида ташкил этилди.
Тадбирда JETRO аъзолари бўлган Япония кичик ва ўрта бизнес вакиллари – Япония ташкилотлари, корхона ва компанияларининг 90 дан ортиқ вакиллари иштирок этди.
Вебинар доирасида Фарғона, Андижон, Наманган вилоятлари раҳбарияти ушбу ҳудудларда бизнес юритиш афзалликлари, ҳудудларнинг махсус иқтисодий зоналарида хорижий инвесторлар учун берилаётган солиқ имтиёзлари ҳамда бўлажак япон инвесторлари учун яратилган имкониятлар ҳақида тақдимотлар ўтказди.
Япония томонидан Ўзбекистондаги JETRO ваколатхонаси раҳбари Д.Такахаши Япония бизнеси нуқтаи назаридан мамлакатимизнинг, жумладан, Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятлари бозорларининг ўзига хос хусусиятлари ҳамда ушбу ҳудудларга инвестициялар киритишда Япония бизнесини қўллаб-қувватлаш тадбирлари ҳақида тақдимот ўтказди.
Вебинар якунида ўзаро манфаатли ҳамкорлик истиқболларини батафсил муҳокама қилиш учун JETRO вакиллари бошчилигидаги Япония ташкилотлари ва компаниялари раҳбарларидан иборат делегациянинг ушбу ҳудудларга ташрифини ташкил этиш имкониятлари қайд этилди.
Маълумот учун: жорий йилнинг 20 май, 29 июнь ва 28 сентябрь кунлари JETRO билан шу каби вебинарлар Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Навоий вилоятларида яратилган ишбилармонлик шароитларини ёритиб бориш мақсадида ўтказилди.