Брифинг
February 9, 2022

Озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат хавфсизлиги ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) мутахассисларининг маълумотига кўра, COVID-19 пандемияси мавжуд озиқ-овқат хавфсизлиги тизимларининг самарасиз ва ишончсиз эканлигини исботлади.

Мамлакатимизда бугунга қадар мазкур йўналишни такомиллаштириш учун бир қанча ишлар амалга оширилди.

Хусусан, 2020–2030 йилларда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегияси тасдиқланди.

Бундан ташқари,“Миллий озиқ-овқат хавфсизлиги ва соғлом овқатланишнинг 2022–2030 йилларга мўлжалланган стратегияси” ишлаб чиқилган.

Бугунги кунда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш стратегияси ва дастурлари доирасида барча ҳудудларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлайдиган 13 минг корхона, 4,7 минг гектар майдонда 2 165 та иссиқхона, қуввати 628 минг тоннадан ортиқ бўлган 39 та агрологистика маркази, 1 млн тоннадан юқори маҳсулот сиғимига эга бўлган 3 282 та омборхона ва совуткичлар фаолият кўрсатмоқда.

Озиқ-овқат маҳсулотлари импорти бўйича ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан:

2021 йилда озиқ-овқат маҳсулотлари импорти 2,2 млрд долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 25 % ёки 441 млн долларга ошди. 2020 йилда мазкур кўрсатгич 1,7 млрд долларни ташкил қилган эди.

Маҳсулотлар асосан Қозоғистон ($ 881 млн.), Россия ($ 747 млн.), Белоруссия ($ 105 млн.), Украина ($ 59 млн.), Туркия ($ 45 млн.) давлатларидан импорт қилиниб, асосий қисмини қуйидаги махсулотлар ташкил этади:

– буғдой616 млн доллар (2020 йил нисбатан +10 %);

– ўсимлик ва хайвонлардан олинган ёғлар (мисол учун, кунгабоқар ёғи, пальма ёғи, маргарин) – 499 млн доллар (+53 %);

– гўшт маҳсулотлари (товуқ гўшти) – 188 млн доллар (+84 %);

– ун ва ун маҳсулотлари 158 млн доллар (+19 %);

– шакар ва кондитер маҳсулотлари146 млн доллар (-41 %);

– мева-сабзавотлар (картошка) – 142 млн доллар (+73 %);

– сут маҳсулотлари, тухум ва асал 68 млн доллар (+41 %);

– алкогольсиз ичимликлар 48 млн доллар. (+182 %);

– консерваланган мева-сабзавотлар 43 млн доллар (+59 %);

– ёрмалар (гречка, сули ёрмаси, манна ёрмаси) – 14 млн доллар. (+27 %).

Бундан ташқари, Давлат инвестиция дастури доирасида 2021 йилда озиқ-овқат соҳасида умумий қиймати 281,2 млн доллар бўлган 51 та лойиҳани амалга ошириш натижасида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш қуввати 479 минг тоннадан оширилди.

Шунингдек, 2022-2026 йилларда Давлат инвестиция дастури доирасида:

- 1,3 млрд доллар инвестициялар ўзлаштириш режаси билан 117 та лойиҳа амалга ошириш белгиланган бўлиб, ушбу мақсадлар учун 442,7 млн доллар (яъни, 91 та лойиҳа) тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва 300,3 млн доллар (яъни, 10 та лойиҳа) давлат кафолати остидаги халқаро молия институтлари кредитини жалб қилиниши кутилмоқда;

- 117 та лойиҳани ишга тушириш орқали озиқ-овқат маҳсулотлари қуввати 870 минг тонна, гўшт-сут маҳсулотлари75 минг тонна, балиқ консервалари9 минг тонна, паррандачилик1,3 млн бош, мева-сабзавотларни қайта ишлаш178 минг тоннага оширилади;

- Андижон, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида 3 та йирик агрологистика марказларини ишга тушириш орқали қайта ишлаш қувватлари қўшимча 2 млн тоннадан ортади. Жами қувватлар эса 2,9 млн тоннага етказилади.

2022 йилга мўлжалланган Ҳудудий инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 1 млрд доллардан ортиқ бўлган 1 699 та агросаноат лойиҳалари ишга туширилади.

Жумладан:

– озиқ-овқат саноатида 1 098 та лойиҳа доирасида 975 млн доллар инвестициялар ўзлаштирилини кутилмоқда.

Шундан, мева-сабзавотларни қайта ишлаш бўйича 272 лойиҳа (594 млн доллар), чорвачилик бўйича 464 та лойиҳа($ 171 млн.); паррандачилик бўйича 239 та лойиҳа ($ 144 млн.); балиқ етиштириш бўйича 123 та лойиҳа ($ 66 млн.);

– иссиқхоналар ташкил этиш бўйича 358 та лойиҳа ($ 387 млн.), боғдорчилик бўйича – 148 та лойиҳа ($ 70 млн.);

– агрологистика марказлари бўйича 11 та ($ 82 млн.)ва совуткичлар бўйича – 84 та ($ 36 млн.) лойиҳа ишга туширилади.

Мева-сабзавотчилик ва чорвачилик тармоғи лойиҳаларини молиялаштириш учун халқаро молия институтларининг (хусусан, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Халқаро қишлоқ хўжалиги тараққиёти жамғармаси, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги ва Франция тараққиёт агентлигидан) 917 млн доллар кредит маблағлари йўналтирилиши белгиланган.

Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси томонидан 8,7 минг гектар майдондаги кам самарадор анъанавий боғлар ўрнида интенсив боғлар ташкил этилади.

Ўрта муддатли истиқболда эса Жиззах, Қашқадарё, Тошкент вилоятлари ва Фарғона водийси тоғли ҳудудларида ташкил этиладиган сунъий сув ҳавзаларида, ноанъанавий балиқ турларини етиштириш лойиҳалари амалга оширилиши режалаштирилмоқда.

Озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоларини бартараф этиш мақсадида қуйидаги тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган:

- озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажмини, авваламбор ноанъанавий қишлоқ хўжалиги экинлари турини диверсификациялаш асосида кўпайтиришни назарда тутувчи 2022-2030 йилларга мўлжалланган дастур ишлаб чиқилади;

- самарадорлиги паст бўлган эски боғлар ўрнида интенсив
ва юқори ҳосилдор навли боғлар барпо этишни кенгайтириш бўйича янги лойиҳалар портфели шакллантирилади;

- қишлоқ хўжалигига замонавий технологияларни жорий этиш, шу жумладан қишлоқ хўжалиги ерларини айланмага киритиш ва тупроққа лазерли ишлов бериш, сув тежайдиган технологиялардан кенгроқ фойдаланиш ҳисобига ҳосилдорликни ошириш бўйича янги лойиҳа таклифлари шакллантирилади;

- жорий йилнинг 1 мартига қадар юқори қўшилган қийматга эга бўлган ҳамда озиқ-овқат махсулотлари ишлаб чиқариш занжирини ўзида мужассам этадиган саноат стратегияси бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқилади;

- электротехиника ва машинасозлик саноати тармоқлари ҳамкорликда озиқ-овқат саноати технологиялари, иссиқҳона ва боғдорчилик асбоб-ускуналари, металл-конструкция ва жиҳозларни маҳаллийлаштириш бўйича лойиҳаларни шакллантириш ва амалга ошириш чоралари кўрилади.

Мазкур чора-тадбирларни амалга ошириш ҳисобига, кейинги беш йилда:

- мева-сабзавотни қайта ишлаш даражаси 28 фоизга, гўштни қайта ишлаш – 25 фоизга, сутни қайта ишлаш – 32 фоизга етказилиши;

- сув тежовчи интенсив боғлар 3,5 баробарга (204 минг гектар) ҳамда замонавий иссиқхоналар 2,2 баробарга (11 минг гектар) оширилиши;

- агрологистика марказлари сони 73 тага ва уларнинг қувватини
1,1 млн тоннага етказилиши;

- 450 дан ортиқ корхонада халқаро сифат стандартлари жорий этилиши ҳамда озиқ-овқат экспорти географияси 64 та давлатга етказилиши режалаштирилмоқда.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.