Саноат кўргазмалари / Промышленная ярмарка
November 15, 2021

1 578 турдаги маҳсулотлар. 803 нафар ташкилотлар, қарийб 769 млр сўмлик 459 шартномалар.

Қарши шаҳрида бўлиб ўтган "Ҳудудий тармоқлараро саноат ярмарка"си натижалари қандай?


Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Электрон кооперация портал маркази ва Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида Қарши шаҳрида "Ҳудудий тармоқлараро саноат ярмарка"си ташкил этилди.

Тадбирда нефть ва газ, электр энергияси, кимё, текстиль, чарм-пойабзал саноати ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган йирик корхоналар иштирок этди.

Ярмаркада 187 та тармоқ таркибидаги корхоналар ва 616 та худуд иштирок этиб, 1 578 турдаги маҳсулотлар намойиш этилди. Тадбир доирасида иштирокчилар томонидан Электрон кооперация портали орқали 768,9 млрд сўмлик 459 та ўзаро ҳамкорлик шартномалари имзоланди. Шунингдек, ҳозирда импорт қилинаётган маҳсулотларни келгусида ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга қаратилган 269 та техник жиҳатдан ҳамкорлик қилиш меморандумлари имзоланди.

Ярмаркада асосий эътибор маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш, саноатда кооперация алоқаларини ривожлантириш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар, шу жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турларини ўрганиб чиқиш, келгусида саноат кооперациясини йўлга қўйиш ва иш кўламини кенгайтириш учун буюртмалар портфелини (шартнома ва меморандумлар) шакллантиришга йўналтирилди.

Тадбирда саноат кооперацияси асосида ўзлаштиришга таклиф этилган импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар, уларга бўлган йилллик эҳтиёж, техник талаб ва кўрсаткичлари ҳақида тақдимотлар ташкил қилинди.

Шунингдек маҳаллийлаштириш лойиҳаларини молиялаштириш инструментлари, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни стандартлаштириш ва сертификатлаш билан бирга тадбиркорлик фоалиятини амалга оширишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига юридик, методик ва маслаҳат хизматларини кўрсатиш бўйича амалий ёрдам кўрсатилди.

Саноат ярмаркаси давомида йирик саноат ва ҳудудий корхоналар билан ҳамкорликда янги турдаги маҳсулотларини саноат кооперацияси асосида маҳаллийлаштириш бўйича келишувларга эришилди.

Иштирокчилар томонидан Давлат харидларига маҳаллий саноат корхоналарини кенг жалб этиш дастлабки ривожланиш босқичларида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун буюртма портфелини шакллантириб, ишлаб чиқариш фаолиятининг узвийлигини таъминлаш воситаси бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.

Маҳаллий бозордаги тенг имкониятлар соғлом рақобатни ривожлантириб, импорт маҳсулотлари билан рақобатлаша оладиган товарларни ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларининг шаклланишига асос бўлади.

Бу жараённинг кейинги ривожланиш босқичида эса жаҳон бозорида юқори ишлаб чиқариш салоҳиятига эга, рақобатбардош экспортер маҳаллий корхоналар ёрдамида «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» брендининг кенг ёйилиши, мамлакат имижининг шаклланишига имкон беради.»

Кўргазмада тақдим этилган импорт қилинаётган маҳсулотлар намуналарини тадбиркорлик субъектлари томонидан ўзлаштириш бўйича B2B шаклида музокаралар олиб бориш ва ҳамкорлик битимлари тузиш жараёнларида ИТСВ ҳузуридаги ЭКП мутахассислари томонидан амалий ёрдам кўрсатилди.

Таъкидлаш жоизки,пандемия туфайли жаҳонда ишлаб чиқариш ҳажмларининг кескин пасайиши барча мамлакатларда иқтисодий ўсишнинг сусайишига олиб келди. Ушбу мураккаб бир даврда маҳаллий саноат корхоналарини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш иқтисодий барқарорликка эришишнинг муҳим омили ҳисобланади. Шу ўринда, Ўзбекистон Республикаси Электрон кооперация портали маркази томонидан амалга оширилаётган ишларнинг ўрни алоҳида аҳамият касб этади. Хусусан, Электрон кооперация портали маркази электрон тижоратда инновасион технологияларни жорий қилиш орқали ишлаб чиқарувчилар учун маҳсулотларини онлайн намойиш қилиш, буюртмачи ва етказиб берувчи ўртасида масофадан туриб шартнома тузиш ва тезкор молиявий операцияларни амалга ошириш имкониятларини яратди.

Мазкур тадбирларнинг барчаси албатта ҳудудлар, тармоқ корхоналари ва кичик тадбиркорлик субъектлари ўртасида кооперация алоқаларини ривожланишига кўмак беради ва келгусида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Бугунги кунда, порталда жами 74 585 та корхоналар қамраб олинган, савдо қилинаётган маҳсулотлар сони эса 184 258 та етган. Жорий йилнинг 10 ойи мобайнида умумий қиймати 7 264,7 млрд. сўмлик 34 158 та ўзаро ҳамкорлик шартномалари тузилган.