April 30, 2021

КОРЕЯ РЕСПУБЛИКАСИДА ИШЛАШ ИСТАГИДА БЎЛГАН ФУҚАРОЛАР ДИҚҚАТИГА

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Корея Республикасининг Канвондо провинциясининг Янггу, Инже, Хонгчон, шунингдек Кёнгсангпукдо провинциясининг Йонгянг округлари администрациялари (маҳаллий ҳокимликлари) ўртасида эришилган келишувларга мувофиқ, 5 ойлик мавсумий ишлар тизими (Е-8 визаси) доирасида фуқароларни вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилиш мақсадида тузилган гуруҳ томонидан;

✅ 2021 йил 3 май куни Наманган вилояти “Ишга марҳамат” мономарказида эркаклар учун;

✅ 2021 йил 4-5 май кунлари Фарғона вилояти “Ишга марҳамат” мономарказида эркаклар учун;

✅ 2021 йил 7 май куни Самарқанд вилояти “Ишга марҳамат” мономарказида эркаклар учун;

✅ 2021 йил 8 май куни Қашқадарё вилояти “Ишга марҳамат” мономарказида эркак ва аёллар учун танлов ўтказилади.

Танловда иштирок этиш ниятида бўлган фуқаролар учун Корея томонидан қуйидаги талаблар қўйилган:

  1. Вилоят ҳудудида охирги 3 йил давомида доимий рўйхатда туриб истиқомат қилиши;
  2. Корейс тилини билиши (суҳбат корейс тилида бўлиб ўтади);
  3. Эркаклар 35-45, аёллар 27-40 ёш оралиғида бўлиши;
  4. Оилали бўлиши (ажрашмаган);
  5. Мавсумий ишлар бўйича (қишлоқ хўжалиги) тажрибага эга бўлиши;
  6. Соғлом, юқумли касалликларга чалинмаган бўлиши;
  7. Судланмаган бўлиши;
  8. Корея Республикаси ҳудудига кириш учун тақиқ бўлмаслиги;
  9. Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқишга тақиқи мавжуд бўлмаган ва хорижга чиқиш паспортига эга бўлиши лозим.

Эслатиб ўтамиз❗️

Фуқаролар ўзлари билан фуқаролик ва хорижга чиқиш паспортидан 1 нусхадан (рангли шаклда) ҳамда 1 дона 3,5-4,5 фотосурат олиб келиши шарт.

Танловда иштирок этиш мутлақо бепул.

Танлов жараёни “YOU TUBE” канали орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилади.

Танловдан муваффақиятли ўтган фуқаролар кореялик вакиллар томонидан ўрнатилган тартибда кетишдан олдинги ўқитиш ва 14 кунлик мажбурий карантинда сақланади.

☎️ Қўшимча маълумот олиш учун 1282 қисқа рақами ва (71) 202-33-55 рақамларига қўнғироқ қилишингиз мумкин.

Эслатиб ўтамиз❗️

🛑 Корея Республикасига Е-8 визаси бўйича вақтинчалик меҳнат қилиш учун жўнаб кетган ҳамда белгиланган муддатда Ватанга қайтмаган фуқаролар (ноқонуний Корея ҳудудида бўлган) 3 томонлама шартномада белгиланган тартибда Корея Республикасида ноқонуний бўлган ҳар бир ой учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари (тахминан 2300 АҚШ доллари) ҳамда Корея Республикасининг иммиграция қонунчилигига мувофиқ 30 млн. корейс вонигача (тахминан 27 000 АҚШ доллари) миқдорида жаримага тортилишига сабаб бўлиши тўғрисида огоҳлантирамиз.

🛑 Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳужжатлар топшириб, суҳбатдан ўтган фуқаролар виза олишига кафолат бермайди, виза тақдим этиш масаласи Корея томонидан ўрнатилган тартибда кўриб чиқилади.