June 10, 2020

Корея Республикасидан таътилга келиб, пандемия сабабли кетолмаётган фуқаролар чартер рейслар орқали жўнаб кетди

Пандемия сабабли мамлакатлар ўртасида авиақатновларнинг вақтинча тўхтатилиши оқибатида Корея Республикасида меҳнат фаолиятини амалга ошириш жараёнида меҳнат таътили олиб Ўзбекистонга келган кўплаб фуқаролар иш жойига қайтиб кета олмаётган эди.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан Корея Республикасининг Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати билан олиб борилган ўзаро музокаралар натижасида меҳнат таътилига келган ана шундай фуқаролардан 31 нафари бугун ташкиллаштирилган ҳолда Корея Республикасидаги ўз иш жойларига чартер рейс орқали жўнаб кетди.

Бугунги пандемия сабабли дунё меҳнат бозорида юзага келаётган инқирозли вазиятда фуқароларимизнинг хориждаги иш жойларини сақлаб қолиш мақсадида олиб борилган икки томонлама музокаралар натижасида фуқароларнинг Корея Республикасига кириб бориш учун қатор қатъий талаблар қўйилган. Хусусан, мазкур давлат ҳудудига киришдан олдин фуқаролар Кореяда ўзи ёки иш берувчиси ҳисобидан 14 кунлик мажбурий карантин талабларига риоя қилиш бўйича розилик битимини тузиши, Ўзбекистонда белгиланган тиббий кўрикдан ўтишлари лозим. Шунингдек, Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати томонидан фуқаронинг розилик битимида кўрсатилган ўзини-ўзи яккалаш жойи ўрганилади. Ўрганиш натижасига кўра, фуқаролар томонидан ўзини-ўзи яккалаш жойи карантин қоидаларига тўғри келган тақдирда, уларга Корея Республикасига кириш учун рухсат берилади.

Шу билан бирга, Корея Республикасидаги эпидемиологик вазият туфайли ишчи визасига эга фуқароларнинг мамлакатга кириб боришида чекловлар ўрнатилган бўлиб, ҳар бир чартер рейсда йўловчилар сони 60 нафардан ошмаслиги белгиланган.

Фуқароларнинг Корея Республикасида карантинда бўлиши бўйича тақдим этган маълумотлари Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати томонидан ўрганилганда, уларнинг айримлари ҳақиқатга тўғри келмаслиги, ўзини-ўзи яккалаш жойи белгиланган талабларга жавоб бермаслиги, иш жойига қайтиш ва ўзини-ўзи яккалаш масалалари иш берувчилар билан келишилмагани ёки миграция қонунчилигини бузганлиги сабабли баъзи фуқароларга мамлакатга кириб боришга рад жавоби берилган.

Бу каби ҳолатлар ўз навбатида бошқа юртдошларимиз учун Корея Республикасида иш ўринларининг чекланиши, қонуний тартибда яхши даромад топиш имкониятидан маҳрум бўлишига сабаб бўлиши мумкин. Қолаверса, ўзбекистонлик меҳнат мигрантларига нисбатан ишончлизликнинг юзага келтиради ва Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсидаги имижига салбий таъсир этади.

Таъкидлаш жоизки, дунёдаги бугунги эпидемиологик вазиятда одамлар саломатлигини асраш энг долзарб вазифа ҳисобланади. Шу сабабли Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги пандемия шароитларини инобатга олиб, келажакда тартибли, хавфсиз ва қонунийлик принциплари асосида фуқароларни хорижга ишга жалб қилиш борасидаги ишларини давом эттиради.

Маълумот учун, шу пайтгача Агентлик томонидан 52 мингдан ортиқ фуқароларимиз Корея Республикасига ишга жўнатилган. Шундан 14 мингдан ортиғи айни пайтда ушбу мамлакатда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширмоқда.

Каналга обуна булиш: @sammigration