June 23, 2020

Трамп иммиграция чекловини йил охиригача узайтирди

Шу йил 22 апрел куни AҚШ Президенти Доналд Трамп AҚШга келиш учун иммиграцион визалар берилишини 60 кунга тўхтатиш ҳақида фармон чиқарган эди. Бугун Трамп бу чекловларни йил охиригача узайтириш ҳақида янги фармон чиқарди. Бу фармон билан чекловлар янада кенгайтирилган.

Хуллас, деярли барча турдаги ишчи визалар ва иммиграцион визалар берилиши тўхтатилди. Фақат қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш соҳаларида ишловчилар ҳамда "Au Pair" дастури асосида келадиган ишчилар бу чекловдан озод қилинган.

"Грин карта" ютиб олганлар ҳам энди келаси йилгача кутишларига тўғри келади. Йил охиригача уларга виза берилмайди.

"J" визаси билан келадиганларнинг аксариятига ҳам тақиқ қўйилди. Одатда, бу виза билан алмашинув дастурлари асосида талабалар келар эди.

Aллақачон AҚШга келган ва шу йерда яшаб ишлаётган иммигрантларга бу чеклов амал қилмайди. Улар статусларини бошқа тоифага ўзгартиришлари мумкин. AҚШ фуқароси бўлган шахсларнинг хориждаги оила аъзоларига ҳам тааллуқли эмас. Уларга иммиграцион визалар бериш давом етади. Шунингдек, тақиқ талаба, сайёҳлик каби ноиммиграцион визаларга ҳам амал қилмайди.

Трамп маъмурияти бу чекловлар мамлакатдаги иш ўринларини америкаликлар учун ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширилаётгани айтади.

Каналга обуна бўлиш: @sammigration