Осиё тараққиёт банки вакиллари билан МҲХСни Ўзбекистонда жорий этиш бўйича учрашув ташкиллаштирилди
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида МҲХСга ўтиш жараёни ва уни мамлакатда қўллаш шароитларини муҳокама қилиш учун учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Молия вазирлигининг масъул мутахассислари, МҲХС бўйича маслаҳатчи Ян Ричи бошчилигидаги Осиё тараққиёт банки вакиллари ҳамда турли давлат бошқарув органлари мутахассислари ва Ўзбекистон олий ўқув юртлари ўқитувчилари иштирок этдилар.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 февралдаги № ПҚ-4611-сонли "Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори мазмун-моҳияти ва унинг амалга ошириш механизми масаласига алоҳида эътибор қаратилди ва МҲХСга ўтувчи ташкилотлар томонидан 2021 йил 1 январдан МҲХС асосида бухгалтерия ҳисобини ташкил этишда юзага келган вазифаларни, давлат бошқаруви органлари томонидан бирдамликда амалга оширилиши лозимлиги, доимий ўзаро ҳамкорлик орқали назарда тутилган ислоҳотларни амалга ошириш кераклиги таъкидлаб ўтилди.
Тадбир давомида МҲХСга ўтиш даврида мутахассисларни тайёрлаш ва давлат тилидаги МҲХС ҳужжатларини тан олиш муддатлари билан боғлиқ масалалар ҳам кўтарилди.
Учрашув якунида иштирокчилар тадбирнинг ташкил этилганлиги учун ўз миннатдорчиликларини билдирдилар ва ҳамкорликнинг ушбу шаклини янада ривожлантириш бўйича ўз таклифларини билдирдилар.
Молия вазирлиги
Ахборот Хизмати