July 7, 2020

Иш жойингиз (лавозимингиз)ни сақлаб қолишнинг қонуний йўлларини биласизми?

Ҳар қандай ходим ҳам яхши ҳақ тўланадиган ўз иш жойи (лавозими)ни йўқотишдан қўрқади ёки ходим иш берувчининг қистови ёхуд тазйиқи билан ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзишга мажбур бўлади ва ёки ходим штат қисқариши, яъни «сокращение»га тушиб қолади.

БУНДАЙ ҲОЛЛАРДА ҚАНДАЙ ЙЎЛ ТУТСА БЎЛАДИ?

Биз ушбу мақолада сиз билан юқоридаги ҳолатларда қандай қилиб ўз иш жойингиз (лавозимингиз)ни сақлаб қолишнинг айрим қонуний йўллари билан ўртоқлашамиз.

1.ҲОМИЛАДОРЛИК. Чунки ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди (масалан, сизнинг ўрнингиз штат қисқариши, яъни «сокращение»га тушган тақдирда ҳам, иш берувчи сизни ишдан бўшата олмайди), корхонанинг бутунлай тугатилиш ҳоллари бундан мустасно, бундай ҳолларда меҳнат шартномаси уларни албатта ишга жойлаштириш шарти билан бекор қилинади. Мазкур аёлларни ишга жойлаштиришни маҳаллий меҳнат органи уларни ишга жойлаштириш даврида қонун ҳужжатларида белгиланган тегишли ижтимоий тўловлар билан таъминлаган ҳолда амалга оширади.

Муддати тугаганлиги сабабли меҳнат шартномаси бекор қилинган ҳолларда ҳам иш берувчи ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни ишга жойлаштириши шарт. Ишга жойлаштириш даврида бу аёлларнинг иш ҳақи сақланиб қолади, бироқ бу муҳлат муддатли меҳнат шартномаси тугаган кундан бошлаб уч ойдан ошмаслиги керак (Асос: Меҳнат кодекси 237-моддаси).

Аёллар учун яна бир маслаҳат! Ҳомиладор бўлсангиз, бошқа бир ташкилотга ўриндошлик асосида ҳам ишга киринг! Бир ўқ билан икки қуённи урасиз! Чунки ўриндошлар ўриндошлик асосидаги иш жойи бўйича вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси олиш, аёллар эса, бундан ташқари, ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари олиш ҳуқуқига эгадир. Ҳам асосий иш жойингиздан, ҳам ўриндошлик асосидаги иш жойингиздан ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари оласиз (Асос: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 18 октябрдаги 297-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 18-банди).

Агар иш берувчи сизнинг ҳомиладорлигингиз ёки уч ёшга тўлмаган болангиз борлигини била туриб, ишга олишдан ғайриқонуний равишда бош тортса ёки ишдан бўшатса, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 148-моддаси бўйича жиноий жавобгарлик кутиб турибди! Иш берувчи базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваригача (5 миллион 575 минг) миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Эркаклар-чи? Бола парваришлаш учун таътилга, яъни декретга чиқинг! Болани парваришлаш учун бериладиган таътиллардан боланинг отаси, бувиси, буваси ёки болани амалда парваришлаётган бошқа қариндошлари ҳам тўлиқ ёки уни қисмларга бўлиб фойдаланишлари мумкин (Асос: Меҳнат кодекси 234-моддаси). Агар хоҳласангиз, бундан ташқари, бола уч ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун қўшимча таътил ҳам берилади.

Демак, 3 йиллик меҳнат стажи чўнтагимда деяверинг! Бу 3 йиллик давр мобайнида иш жойингиз (лавозимингиз) сақланади. Бу таътиллар меҳнат стажига лекин ҳаммасини жамлаганда кўпи билан уч йил, шу жумладан, мутахассислиги бўйича иш стажига ҳам қўшилади. Бу 3 йил ичида сизни ишлашга қўймаётган раҳбар ё ишдан кетиши ёки бошқа ишга ўтиб кетиши мумкин! Агар шу муддат давомида ҳам бошлиқ кетмаса, иккинчи фарзандга тайёргарликни бошланг ва яна 3 йил муддатни қўлга киритинг! Лекин иккинчи 3 йиллик муддат стажга қўшилмайди, бироқ иш жойингиз (лавозимингиз) сақланиб қолади.

Бундан ташқари, агар бюджетдан ташқари ташкилотда ишласангиз, бола икки ёшга тўлгунга қадар болалар сонидан ва меҳнат стажидан қатъи назар, ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 70,3 фоизи, яъни 477 569 сўм (илгари – энг кам иш ҳақининг 2 баробари) миқдорида нафақа тўланади. (Асос: «Ишлаётган оналарга болани икки ёшга тўлгунгача парвариш қилиш бўйича ҳар ойлик нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги (рўйхат. № 1113, 14.03.2002 й.) низом).

Агар турмуш ўртоғи ишламаса-чи, эркаклар иш жойидан декретга чиқа оладими? Бундай ҳолатда агар турмуш ўртоғи талаба бўлса ёки болани парвариш қила олиш имкониятига эга бўлмаса (оғир касал, ногиронлиги бўлса) эркаклар бола парваришлаш таътили олишлари мумкин.

2. ФАРЗАНД АСРАБ ОЛИШ. Янги туғилган болаларни бевосита туғуруқхонадан фарзандликка олган ёки болаларга васий қилиб белгиланган шахсларга (эътибор беринг, шахсларга дейилмоқда, яъни жинс аҳамиятга эга эмас) бола фарзандликка олинган (васийлик белгиланган) кундан бошлаб, бола туғилган кундан эътиборан эллик олти календарь кун (икки ёки ундан ортиқ бола асраб олинган (васийлик белгиланган) тақдирда эса етмиш календарь кун) ўтгунга қадар бўлган даврда давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа тўлаган ҳолда таътил берилади ва уларнинг хоҳишига кўра, бола уч ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун қўшимча таътиллар берилади (Асос: Меҳнат кодекси 235-моддаси).

3. ИШ БЕРУВЧИ СИЗНИ ИШДАН БЎШАШГА АРИЗА ЁЗИШГА МАЖБУР ҚИЛСА. Бу ҳолатда нима қилиш керак? Шартта аризани ёзинг-да, орқасидан судга даъво аризасини ҳам ёзинг!

Эслатма! Судга ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги буйруқнинг нусхаси берилган кундан бошлаб бир ой ичида мурожаат қилиш керак. Муддат узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган тақдирда, суд муддатни қайта тиклаши мумкин (Асос: Меҳнат кодекси 270-моддаси)!

Меҳнат шартномасини бекор қилишга ходим шу корхонадаги ишни ҳақиқатда ташлаб кетиш истагини билдирган ёзма аризасига биноан йўл қўйилади. Судлар даъвогарнинг меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги аризани иш берувчининг қистови натижасида берганлиги тўғрисидаги важларини синчковлик билан текширмоғи лозим. (Асос: Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги 12-сонли «Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида»ги қарори 15-банди).

Агар ходим "мен аризани иш берувчининг қистови натижасида берганман", деган даъво билан чиқса, меҳнат шартномасини бекор қилинишининг асослилигини исботлаб бериш мажбурияти иш берувчи масъулиятига юклатилишини эсдан чиқармаслик лозим (Асос: Меҳнат кодекси 111-моддаси).

Демак, иш берувчи сизни ишдан бўшатишнинг асослилигини исботлаб бера олмаса, суд сизни ишга тиклайди.

Ишга тикланганда иш берувчига ходимга етказилган зарарни қоплаш мажбурияти юклатилади.

Зарарни қоплаш:

мажбурий прогул вақти учун ҳақ тўлаш шартлигидан;

меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ёки ходим бошқа ишга ўтказилганлиги устидан шикоят қилиш билан боғлиқ қўшимча харажатлар (мутахассислардан маслаҳат олиш, иш юритиш учун кетган харажатлар ва бошқалар) учун компенсация тўлашдан;

маънавий зарар учун компенсация тўлашдан иборатдир. Маънавий зарар учун тўланадиган компенсациянинг миқдори иш берувчининг хатти-ҳаракатига берилган баҳони ҳисобга олиб, суд томонидан белгиланади, лекин бу миқдор ходимнинг ойлик иш ҳақидан кам бўлиши мумкин эмас.

Ходимнинг илтимосига кўра суд ишга тиклаш ўрнига унинг фойдасига камида уч ойлик иш ҳақи миқдорида қўшимча ҳақ ундириб бериши мумкин (Асос: Меҳнат кодекси 112-моддаси).

4. ҲАРБИЙ ХИЗМАТГА ЧАҚИРИЛСАНГИЗ, ИШ ЖОЙИНГИЗ САҚЛАНАДИМИ?

Агар сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматга кетаётган бўлсангиз, сиз билан меҳнат шартномаси бекор қилинмайди ва Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 22 февралдаги 99-сон қарорига мувофиқ, сафарбарлик чақируви резерви хизматчиларининг иш жойларида уларнинг иш ўрни (лавозими) сақлаб турилади. Шу билан бир қаторда, Меҳнат кодексининг 165-моддасига асосан ҳарбий хизмат вақтида ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланади. Ходим муддатли ҳарбий хизматга чақирилса-чи? Бу ҳолатда Меҳнат кодексининг 106-моддаси 1 банди (ходим ҳарбий ёки муқобил хизматга чақирилган тақдирда) билан меҳнат шартномаси бекор қилинади. Бироқ ҳарбий хизматдан қайтса ёки истеъфога чиқса қўшимча кафолатлар бор.

Ҳарбий хизматга чақирилган (ўтган) ходим резервга бўшатилган ёки истеъфога чиққанидан кейин, башарти, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафидан, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қўшинларидан бўшатилган кунидан бошлаб узоғи билан уч ой ичида ишга жойлашиш масаласида иш берувчига мурожаат этган бўлса, аввалги иш жойида ишга жойлашиш ҳуқуқига эгадир.

Ҳарбий хизматга чақирилган (ўтган), лекин кейинчалик резервга бўшатилган ёки истеъфога чиққан ходим, агар унинг ҳарбий хизматга чақирилган (ўтган) кунидан бошлаб уч ойдан ортиқ вақт ўтмаган бўлса, аввалги иш жойига (лавозимига) қайтиб келиш ҳуқуқига эга (Асос: Меҳнат кодекси 68-моддаси).

Муҳаммадамин Каримжонов, Тошкент давлат юридик университети

Меҳнат ҳуқуқи кафедраси ўқитувчиси