Салоҳиятли кадрлар тараққиёт пойдевори

Сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат хизмати фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хўжалик бошқаруви органлари томонидан давлат бошқаруви ва хўжалик функцияларини бирга қўшиб олиб бориш амалиётидан воз кечиш, давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ҳамда ижтимоий таъминлашнинг замонавий тизимини яратиш бўйича зарурий чоралар кўрилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг асосий вазифаларидан бири давлат фуқаролик хизматчиларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш фаолиятини мувофиқлаштириш ва доимий такомиллаштириш ишларини олиб боришдан иборат. Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, агентликнинг Наманган вилояти филиали томонидан вилоятдаги малака ошириш ва қайта тайёрлаш марказлари фаолияти таҳлил қилинди.

Унга кўра, Наманган вилоятида ҳозирги кунда ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширувчи 4 та муассасалар фаолият олиб бормоқда. Ушбу муассасаларда 1 йилда 10 698 нафар олий ва ўрта маълумотли кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш имкониятлари мавжуд.

Жумладан: Наманган вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази - Наманган вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга ихтисослаштирилган.

Марказнинг қабул қилиш сиғими 6 000 тани ташкил этади. Марказда 2018 йилда 34 та йўналишда 7063 нафар, 2019 йилда 32 та йўналишда 6117 нафар, 2020 йилда 25 та йўналишда 2993 нафар тингловчиларнинг малакаси оширилган. Шунингдек, қайта тайёрлов курсларида 2018 йилда 4 та йўналишда 780 нафар, 2019 йилда 3 та йўналишда 759 нафар, 2020 йилда эса 5 та йўналишда 213 нафар тингловчилар қайта тайёрлов курсларига қабул қилинган. Битирувчиларга малака оширганлиги ёки қайта тайёрлов курсларини ўтаганлиги тўғрисида сертификат берилади.

Наманган давлат университети ҳузуридаги Олий маълумотли кадрларни касбий ва педагогик қайта тайёрлаш маркази - олий маълумотли кадрларни педагогик ва касбий қайта тайёрлашга ихтисослаштирилган.

Мазкур даргоҳнинг йиллик сиғими 600 нафарни ташкил этади. Қайта тайёрлов курсларида 2018 йилда 418 нафар, 2019 йилда 1305 нафар, 2020 йилда 461 нафар (масофавий) олий маълумотли кадрлар 6 та йўналишдаги мутахассисликлар бўйича таҳсил олган.

Марказ битирувчиларига педагогик ва касбий қайта тайёрлов курсларини тамомлаганлиги ва курс ўтаганлик тўғрисидаги давлат намунасидаги диплом берилади.
Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш маркази Наманган филиали - ўрта тиббиёт ходимларини малакасини ошириш ва ихтисослаштиришга мўлжалланган.

Йиллик сиғими 3795 тани ташкил этади. 2020 йилда филиалда 32 йўналишда малака ошириш, 46 йўналишда ихтисослаштириш курслари фаолият олиб борган.

Филиалда 144 соатлик малака ошириш курси, 216 соатлик бирламчи қайта тайёрлаш (ихтисослаштириш), 288 соатлик, 432 соатлик, 576 соатлик қайта тайёрлаш ўқув курслари мавжуд. Малака ошириш курсларида 2018 йилда 4307 нафар, 2019 йилда 4448 нафар, 2020 йилда 1539 нафар ўрта тиббиёт ходимларининг малакаси оширилган.

Шунингдек, 2018 йил мобайнида 1494 нафар, 2019 йил мобайнида 2263 нафар, 2020 йил мобайнида эса 497 нафар тингловчилар ихтисослаштириш сертификатига эга бўлган.

Ўзбекистон Республикаси Халқаро Ислом Академияси ҳузуридаги малака ошириш маркази Наманган вилояти минтақавий филиали - Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларидаги диний соҳа ходимлари, имом хатиблар, имом ноиблари, расмий отинойиларнинг малакасини оширишга мўлжалланган марказ ҳисобланади.

Унинг йиллик сиғими 303 тани ташкил этиб, 2019-2020 -ўқув йилида филиалда 308 та тингловчи малака оширган. Уларнинг 301 нафари курсни тўлиқ ўтаганлиги тўғрисида сертификатга эга бўлган. Шунингдек, ўткан давр мобайнида филиалда 565 та расмий отинойилар 72 соатлик ўқувларга жалб қилинган.

Юқоридаги таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази халқ таълими педагогларининг ҳар 3 йилда малака ошириш курсларига жалб қилинишини ҳисобга олганда қуввати талабгорларни тўлиқ қамраб олишга етарли ҳисобланар экан.

Вилоятда соғлиқни сақлаш тизимида бугунги кунда 26 185 нафар ўрта тиббиёт ходимлари фаолият юритиб келмоқда. Ўрта тиббиёт ходимларининг штатлар сони эса 17 000 тани ташкил этади. Бу эса қарийиб 2 баробарга кўп ходимлар ишламоқда дегани. Янада соддороқ қилиб айтганда, аксарият штатларда 1 ўринда 2 кишидан ходим ишлайди. Филиалнинг қабул қилиш сиғими эса умумий штатлар сонидан келиб чиқиб, 3795 та этиб белгиланган. Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш маркази Наманган филиалидаги йиллик сиғим кадрлар эҳтиёжини қондирмайди. Бу эса жойларда ўрта тиббиёт ходимларининг кўпчилигини соҳадаги замонавий билим ва малакани ўз вақтида ўзлаштирмасдан фаолият олиб боришларига сабаб бўлмоқда. Шунга кўра, марказнинг йиллик сиғимини умумий штатлар сонидан келиб чиқиб эмас, балки умумий ходимлар сонидан келиб чиқиб режалаштириш вақти келмадимикан?

Таҳлилларга кўра, Фарғона водийсида жами 565 та масжидлар мавжудлиги ҳисобга олинса, Ўзбекистон Республикаси Халқаро Ислом Академияси ҳузуридаги малака ошириш маркази Наманган вилояти минтақавий филиалнинг йиллик сиғими мақсадга мувофиқ тақсимланганлигини англаш қийин эмас.

Вилоятдаги 4 та малака ошириш ва қайта тайёрлаш марказларидан фақатгина биргина марказнинг раҳбари илмий унвонга эга эканлиги ушбу йўналишда фаолият юритадиган илмий салоҳиятли раҳбар кадрларга ҳам эҳтиёж юқори эканлигидан дарак бермоқда.

Малака ошириш ва қайта тайёрлаш марказларида замон талабларига мос кадрларни тайёрлаш ва уларни малакасини оширишга етарли имкониятлар яратиш, айниқса, раҳбар ва педагогларнинг илмий салоҳиятига алоҳида аҳамият бериш келгусида инсон ресурслари ва кадрлар салоҳиятини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Зеро, жамият равнақида кадрлар салоҳияти жуда муҳим ва етакчидир.

Дилноза АКРАМОВА,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги
Наманган вилояти филиали инсон ресурслари ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш бўлими бош инспектори