Гиёҳвандлик-аср вабоси, ундан ёшларимизни асрайлик!
Гиёҳвандлик инсониятни жисмоний ва руҳий жиҳатдан тубанликка элтувчи, ақл-идрокдан маҳрум этиб, икки дунё хорлигига етакловчи офатдир. Гиёҳванд моддалар инсонни айни куч-қувватга тўлган даврида алкоголга нисбатан 4-6 баробар тезроқ ҳалокатга учратади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1987 йил 7 декабрдаги қарорига асосан, 26 июнь «Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни» деб эълон қилинган. Шунингдек, БМТ томонидан “Наркотик моддалар тўғрисида”ги, “Психотроп моддалар” ҳамда “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши қураш тўғрисида”ги конвенциялар қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикасининг “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида” Қонуни қабул қилинган.
Қора ажал
Афсуски, гиёҳвандлик касалига мубтало бўлганлар сони йилдан йилга ошмоқда. БМТ маълумотларга кўра, дунёда 200 миллиондан ортиқ киши (бошқа статистикага кўра 500 миллион) гиёҳвандлик дардига йўлиққан. Унинг аксарият қисмини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Қора ажал оқибатида ҳар йили 200 мингдан ортиқ киши ҳаётдан кўз юммоқда. Дунёда содир этилаётган жиноятларнинг 57 фоизи гиёҳвандлар ҳиссасига тўғри келади.
Гиёҳвандлик босқичлари
Мутахассисларнинг фикрларига кўра, гиёҳванд моддалар истеъмол қилингандан сўнг наркотик сархушлик ҳолати юзага келади. Бунда юқори кайфият, кўп кулиш, телбалик, диққат чалғиши, ланжлик, ҳаракат мувофиқлигининг бузилиши, қадам ташлашнинг ўзгарувчанлиги намоён бўлади. Баъзида беғамлик, хаёлпарастлик, баджаҳллик, жиззакилик, тажовузкорлик кузатилади. Тери қоплами қизаради, кўз хиралашади ва кенгаяди. Ушбу белгилар гиёҳвандликка мойилликнинг 1-босқичи бўлиб, бунда наркотик моддага руҳий мойиллик пайдо бўлади, организмнинг ҳимоя жараёни сусаяди.
2-босқичда гиёҳванд наркотик моддага енгиб бўлмас даражадаги ҳирс қўяди, организм наркотик таъсири остида қолиб, жисмоний қарамлик юзага келади.
3-босқичда организм наркотик моддаларга қарши курашолмай қолади, беморларда гиёҳванд моддаларсиз яшай олмаслик хусусиятлари пайдо бўлади. Кучли оғриқ кузатилиб, наркотикка буткул қарамлик юзага келади.
Наркомания инсон руҳиятини оғир тарзда бузади, организмни ишдан чиқаради. Наркоманга ҳар қадамда ўлим таҳдид қилиб туради, бундай одам организмнинг ҳолдан тойишидан, препарат дозасини тасодифан оширишдан, текширилмаган моддани қабул қилишдан, уколдан зарарланишдан, депрессив ҳолатдан ўлиб қолиши мумкин. Наркоман бўлиб қолган киши бошқа ҳеч нарсага қизиқмай қўяди, куч-қувватдан қолиб, меҳнат қобилиятини йўқотади.
Наркомания турлари
1. Опийнинг кимёвий ҳосиласи - героин наркоманияси. БМТ маълумотларига кўра, инсон ҳаётига энг катта хавф солувчи ушбу оғу таъсирига дунё бўйлаб 10 миллион киши дучор бўлган. Организмга героин моддаси тушганда одамнинг онги хиралашади, ҳис-туйғулари кескин равишда ўзгаради, фикрлари чалкашиб кетади, кўзига ҳар хил қўрқинчли нарсалар кўринади, қўрқади, турли ҳаракатлар қилади, атрофдаги кишиларга ҳужум қилиб, уларга ташланади. Ана шу аломатлар заминида жинсий майл йўқолади ва мижоз кескин сусаяди.
2. Наша моддаларини истеъмол қилишдан келиб чиқадиган гиёҳвандлик. Наркотик моддаларнинг ушбу гуруҳига нашанинг турли навларидан олинадиган сақичсимон моддалар - марихуана, анаша, банг, хусус, харас киради. Нашавандлик ортидан маиший бузуқлик ва ақл идрокнинг камайиши юзага келади. Наркотик моддани кўп қабул қилганда одамнинг кўзига нарсалар катта бўлиб кўринади, ранглар ёрқинроққа ўхшайди. Нашани мунтазам равишда сурункали чекиб юрганда киши шахсияти шунчалик ўзгариб кетадики, у бесаранжом, лоқайд, лапашанг ва одамови, бошқаларга аралашмайдиган бўлиб қолади. Беморда психозлар пайдо бўладики, бу ҳолатни шизофрениядан ажратиб бўлмайди.
3. Кокаиннаркоманияси. Жанубий Америкада ўсувчи кока ўсимлик баргидан тайёрланадиган ушбу модда истеъмол қилинганда дармонсизлик, жаҳлдорлик, мушаклар бўшашуви ва титроқ ҳолатлари кузатилади. Кокаин истеъмол қилиш ваҳимали-депрессив ҳолатга олиб келади. Кокаиндан заҳарланганда кўпинча психозлар, галлютсинатсиялар пайдо бўлади. Кокаинни тез-тез истеъмол қилиб турганда одам организми ниҳоятда ҳолдан тояди, киши озиб кетади, уни уйқусизлик қийнайди, хотираси сусаяди.
4. Руҳий ҳолатни қўзғотувчи, галлютсиногенлар келтириб чиқарувчи моддалар истеъмоли. Бундай беморларда депрессия ҳолатлари кузатилади.
Гиёҳвандлик асоратлари
1. Иқтисодий асоратлар: катта пул сарфланиши, даромадларнинг йўқолиши, ишни йўқотиш, қарзга ботиш, талончилик ва тиланчилик.
2. Маънавий асоратлар: оилаларнинг бузилиши, бефарқлик, тушкунлик, норозилик, худбинлик, маҳдудлик.
3. Жиноий асоратлар: ўғрилик, босқинчилик, одам ўлдириш, уруш ва террор.
Гиёҳвандликнинг тиббий асоратлари
- одамнинг онги хиралашади, ҳис-туйғулари кескин равишда ўзгаради, фикрлари чалкашиб кетади;
- кўзига ҳар хил қўрқинчли нарсалар кўринади, қаттиқ қўрқади;
- жинсий майл йўқолади ва мижоз кескин сусаяди;
- гиёҳванд моддаларни инъектсия йўли орқали қабул қилиниши оқибатида ОИТС билан касалланиш даражаси ортади (ОИТС касаллигига чалинганларнинг 80 фоиздан кўпини гиёҳвандлар ташкил қилади);
- ҳомиладорлик даврида наркотик моддани истеъмол қилган аёллардан дунёга келган болалар жуда безовта бўлади, тиришади, кўп эснайди, ичи кетади, нафас олишга қийналади (бундай чақалоқлар одатда ҳаётининг 2—3-куни нобуд бўлади), чақалоқ фалаж бўлиб туғилади;
- кўз қорачиғи кенгаяди, шиллиқ пардалари қуруқшайди, юрак тез уради, мускул тонуси ортади ва қон босими кўтарилади;
- наркоман наркотик модда тополмаса, касал бўлиб қолади, нохуш сезгилар пайдо бўлади: сўлаги ва кўзидан ёш оқади, тумов бўлади, аксиради, терлайди, титраб-қақшайди, мускуллари зўриқади;
- меъда-ичак иши бузилади, тиришиб, тутқаноқ тутади ва ҳатто оғир психоз бошланади;
- оғиз бўшлиғи, тил қизилўнгач, ўпка саратони, юрак, қон-томир, нафас олиш, ошқозон-ичак, жинсий касалликларга олиб келади.
Наманган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати