September 24, 2020

ЮТУҚЛАР ЎЗИМИЗНИКИ, КАМЧИЛИКЛАРЧИ?

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг сифатли ижросини таъминланиши албатта муносиб инсон ресурсларига ҳамда тегишли куч ва воситаларга боғлиқлиги кун тартибидаги асосий масалалардан бўлиб қолмоқда.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва унинг ҳудудлардаги филиаллари доимий равишда ўрганишлар, мониторинглар ва таҳлилларни ўтказиб, амалётда юзага келаёган муаммоларни бартараф қилишга қаратилган таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқмоқда.

Жумладан, Наманган вилоятидаги давлат органлари ва ташкилотларида кадрлар билан ишлаш тузилмаларида фаолият кўрсатиб келаётган ходимларнинг маълумоти ва мутахассисликлари, эгаллаб турган лавозимига муносиблиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 октябрдаги 795-сон қарори билан “Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари Классификатори” талабларига мувофиқлиги таҳлил қилинганда қуйидаги ҳолатлар аниқланди.

Жумладан, давлат идораларида фаолият кўрсатаётган 127 та ходимдан 85 таси олий маълумотли, 42 таси ўрта-махсус маълумотли, 1 таси ўрта маълумотли ходимлар тизимда ишламоқда. Шундан 66 нафари эркакларни, 61 нафари аёлларни ташкил қилмоқда.

Мазкур классификаторга кўра, Кадрлар бошқармаси (бўлими) бошлиғи лавозимида олий маълумотли шахслар ишлаши мумкинлиги белгиланган бўлсада, ўрганишлар натижаси шуни кўрсатмоқдаки, Соғлиқни сақлаш бошқармасининг туман (шаҳар) бирлашмаларидаги Кадрлар бўлими бошлиғи лавозимида 12 та идоранинг 11 тасида ўрта-махсус маълумотли ходимлар фаолият кўрсатаётганлиги маълум бўлди.

Шунингдек, Классификаторда Ижтимоий ривожланиш ва кадрлар бўйича бош мутахассис лавозимида Олий маълумотли шахс ишлаши белгиланган бўлсада, Норин-Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси, Наманган вилояти экология ва атроф муҳитни мухофаза қилиш бошқармаси, Наманган вилояти ҳудудий стандартлаш ва метрология бошқармаси, Наманган вилояти қурилиш назорати инспекциясининг Кадрлар бўйича бош инспектор лавозимида ўрта-махсус маълумотли шахслар фаолият кўрсатиб келмоқда.

Шунингдек, ходимларнинг мутахассислиги бўйича ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, Наманган давлат университетидаги ходимлар бўлими муҳандиси лавозимида пахта махсулотларини тайёрлаш ва ташкил этиш товаршунослиги бўйича ўрта-махсус ихтисосига эга ходим ишлаб келмоқда.

Наманган муҳандислик-қурилиш институти кадрлар бўлими бошлиғи лавозимида олий маълумотли, консервалаш технологияси мутахассислигига ҳамда институтнинг кадрлар бўлими инспектори лавозимида ўрта-махсус маълумотли, модельер-конструктор мутахассислигига эга бўлган ходимлар ишламоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 октябрдаги ПФ-5843-сон “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармонига асосан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат хизматини ривожлантириш агентлиги давлат фуқаролик хизматчиларининг иш берувчилар билан ўзаро муносабатларида уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, уларнинг меҳнат фаолияти ва ижтимоий ҳимояси учун муносиб шарт-шароитлар яратишга кўмаклашиши белгиланган.

Хусусан, Наманган вилоятидаги давлат органлари ва ташкилотларидаги кадрлар билан ишлаш тузилмаларида ходимлар учун алоҳида хизмат хонаси ажратилганлиги, тизимда ишлаётган ходимларга тегишли бўлган шахсий йиғмажилдларни сақлаш учун сейф ёки металл шкафларнинг мавжудлиги, замонавий оргтехника воситалари, телефон тармоғи, интернет алоқалари, канцтоварлар билан таъминланиши, иш юритишга оид қўлланмалар, кодексларнинг мавжудлиги каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Қайд этиш лозимки, 127 та тузилманинг 8 тасида Кадрлар билан ишлаш учун алоҳида хизмат хонаси мавжуд эмаслиги маълум бўлди. Жумладан, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Наманган вилояти бошқармаси, Наманган вилоят қурилиш соҳасида худудий назорат инспекциясида хизмат хоналари ажратилмаган.

Шунингдек, туман ташкилотлари бўйича Учқўрғон туман қишлоқ хўжалиги бўлими, Мингбулоқ туман ирригация бўлими, Мактабгача таълимнинг Поп, Тўрақўрғон, Норин ва Наманган туман бўлимларида Кадрлар билан ишлаш учун алоҳида хизмат хоналари мавжуд эмаслиги маълум бўлди.

Кадрлар билан ишлаш тузилмаларида оргтехника воситалари билан таъминланганлик ҳолати бўйича ҳам ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, 127 та тузилманинг 10 тасида замонавий компьютер техникаси, 60 тасида сканер, 65 тасида нусха кўчирувчи аппарат, 19 тасида принтер, 114 тасида UPS қурилмаси, 117 тасида Веб камера мавжуд эмаслиги маълум бўлди.

Шунингдек, телефон алоқа линиялари ва ускуналари билан таъминланиш ҳолати ҳам қониқарли эмас. Хусусан, 127 та тузилманинг 60 тасида телефон алоқаси йўқлиги аниқланди.

Интернет тармоғига уланилганлиги, интернетдан фойдаланиш аҳволи ва унинг ёрдамида миллий қонунчилик базасидан фойдаланиш имконияти, қолаверса Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 31 октябрдаги ПҚ-4502-сонли “Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва мазкур қарорнинг ижроси таъминлашга қаратилган Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 декабрдаги 971-сон “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексида меҳнат шартномаларини рўйхатдан ўтказиш, электрон меҳнат дафтарчаларини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисида”ги Низом ижроси ўрганилганда, 17 та тузилмада интернет тармоғи мавжуд эмаслиги натижасида амалдаги қонунчиликда ходимлар билан ишлашга оид бўлаётган ўзгариш хусусида жамоада тушунтириш ишлари олиб борилмаслиги, ходимларга оид тегишли маълумотлар “ЯММТ ИДАК” дастурига ўз вақтида киритилмаслигидан далолат бермоқда.

Бундан ташқари, кадрлар билан ишлаш тузилмаларида тегишли қўлланмаларнинг мавжудлиги, амалдаги кодекслар, хусусан, меҳнат, оила, маъмурий жавобгарлик ва жиноят кодексларидан фойдаланиш ҳолати ўрганилганда 53 та тузилмада кодексларнинг йўқлиги, 26 тасида эса иш юритишга оид қўлланмалар мавжуд эмаслиги маълум бўлди.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 177-моддасида иш берувчининг бурчлари белгиланган бўлиб, унга кўра иш берувчи ходимлар меҳнатини ташкил қилиши, қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда, меҳнат шартномасида назарда тутилган меҳнат шароитларини яратиб бериши, меҳнат ва ишлаб чиқариш интизомини таъминлаши, меҳнат муҳофазаси қоидаларига риоя этиши, ходимларнинг эҳтиёж ва талабларига эътибор билан қараши, уларнинг меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаб бориши белгиланган.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 октябрдаги 795-сон қарори билан тасдиқланган “Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари Классификатори”нинг малака талабларига асосан кадрлар тузилмаларига ходимларни тайинлашда ягона амалиётнинг йўқлиги, шунингдек уларга яратилган шарт-шароитнинг етарли эмаслиги зиммасига юклатилган вазифа ва функцияларнинг етарли даражада амалга оширишга имкониятларни пасайтиради.

Отабек РАҲИМОВ,

Давлат хизматини ривожлантириш

агентлиги Наманган вилояти

филиали бош инспектори