Олий таълим тизимидаги коррупция билан боғлиқ муаммолар қандай ҳал этилади?
Коррупция – замонавий жамиятнинг глобал ҳамда кўҳна муаммоси бўлиб, бутун дунёнинг барча давлатларида у ёки бу кўринишда мавжуд.
Ушбу иллат фақатгина юридик аҳамият касб этмасдан, ижтимоий, сиёсий ҳамда маънавий оқибатларни ҳам юзага келтиради. Шунинг учун коррупцияга қарши кураш ҳамда унинг самарали олдини олиш дунёдаги ҳар бир давлатнинг бирламчи устувор вазифаси эканлиги айни ҳақиқат.
Ушбу иллатнинг олдини олишда таълим энг кучли қурол эканлиги ҳақиқат.
Таълим – муваффақиятли давлатчиликнинг асосий пойдевори ҳисобланади. Муваффақиятли давлатни эса пойдеворсиз қуриб бўлмайди.
Афсуски бугунги кунда ушбу масалада ҳамма бир хил фикрда эмас ҳамда таълим соҳаси энг коррупциялашган соҳалардан бири бўлиб қолмоқда. Миллий таълим соҳасида коррупция турли кўриниш ва шаклларда намоён бўлмоқда ҳамда тез ўзгарувчан характер касб этиб этиб келмоқда. Таълим соҳасида коррупцияга қарши олиб борилаётган ислоҳотларга қараганда коррупцион схема ва ёндашувлар жадалроқ модернизация қилинмоқда, бу ўзининг салбий оқибатларини келтириб чиқармоқда.
Таълим соҳасидаги коррупциянинг кенг тарқалган тури бу «пора олиш ва пора бериш»дир.
Статистик маълумотларга кўра, охирги йилларда Ўзбекистон Республикасида таълим тизими соҳаси энг коррупциялашган соҳалардан бири бўлиб қолмоқда.
Олий таълим тизимидаги коррупция билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда уларнинг илдизига назар солиш тўғри бўлар эди. Масалан, иш берувчига билимсиз лекин дипломи бор ходим нима учун керак? Қачонки бизнинг жамиятда инсонлар онгида энг муҳими олий маълумот тўғрисидаги дипломнинг мавжудлиги эмас, балки маълум бир билим ва кўникмаларга эга эканлик ғоясининг устуворлиги таъминланишига эришсак коррупцияга қарши курашда жиддий олдинга қадам ташланган бўлар эдик.
Мамлакатимизда кейинги йилларда коррупцияга қарши курашиш соҳасида муҳим ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга, жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган тизимли чоралар кўрилмоқда.
Ислоҳотларни амалга ошириш доирасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлиги, жамоат ва парламент назоратини таъминлаш механизмлари такомиллаштирилмоқда, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари ислоҳ қилинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ҳам ушбу ислоҳотларни мантиқий давоми десак бўлади.
Ушбу фармоннинг 8-бандида 2019 йил 1 августдан бошлаб эксперимент тариқасида, жамоатчилик ва етакчи экспертларни, шу жумладан хорижий экспертларни жалб этган ҳолда дастлабки босқичда капитал қурилиш ва олий таълим соҳаларида «Коррупциясиз соҳа» лойиҳасини амалга оширишни ташкил этиш вазифаси белгиланди.
Ушбу устувор вазифалар мамлакатимизда олий таълим тизимини бутунлай коррупциядан ҳоли соҳа сифатида шаклланишида ва ривожланишида муҳим ҳуқуқий асослардан бири бўлиб хизмат қилмоқда.
Олий таълим тизимида «Коррупциясиз соҳа» лойиҳаси ОТМларига қабул қилишдан токи олий маълумот тўғрисидаги дипломни бериш вақтигача бўлган жараёнларни, олий таълимдан кейинги таълим босқичини ҳамда Талабалар ўқишини кўчириш, ўқишга тиклаш ва нострификация билан боғлиқ масалаларни ўз ичига олади.
Олий таълим муассасаларида коррупция ҳолатларининг асосий сабабларидан бири бу – ушбу салбий муносабат иштирокчиларининг аниқ ва ишончли эканлиги билан ифодаланади. Яъни ОТМдаги коррупцияда пора олувчи бу – ОТМ профессор-ўқитувчилари ҳамда пора берувчи бу – талаба. Айнан ушбу иштирокчиларнинг бир-бири билан яқин муносабати ушбу турдаги қилмишларнинг аксарият ҳолларда латент бўлиб қолишига сабаб бўлмоқда.
ОТМларида коррупция билан боғлиқ ҳолатлар – ўқув, ўқув-услубий ишлар йўналишида асосан содир этилиши ҳеч кимга сир эмас албатта. Яъни бир нафар талаба ўқишни битиругунга қадар қарийб 60 га яқин фанни ўзлаштириши ҳамда баҳоланиши лозим. Демак ҳар бир фан бўйича жорий, оралиқ ва якуний назоратларни топшириши талаб этилади. Мана шу ҳолатнинг ўзи коррупция хавфи даражасининг ортишига шароит яратади.
Демак, аввало, олий таълим муассасаларида ушбу йўналишдаги биринчи устувор вазифа – мавжуд Давлат таълим стандартлари (ўқув юкламалар), ўқув режалар, дастурларни танқидий ислоҳ этиш ҳамда замонавий стандартлар асосида, умумий фанлар сонини оптималлаштириш лозим бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилинганлиги ушбу йўналишда Тошкент давлат юридик университети ҳаётида бутунлай янги жараёнларни бошлаб берди десак айни ҳақиқат бўлади.
Ушбу фармонда белгиланган устувор вазифалар мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, бугунги кунда ТДЮУда бир қатор ислоҳотлар амалга оширилиши ҳамда 2020-2021 ўқув йилидан умумий фанлар оптималлаштирилиши, ҳамда бир-бирини такрорловчи ва амалиёт билан боғланмаган фанлар ўқув режаларидан чиқарилиши ва амалиётга йўналтирилган мутахассислик фанлари киритилиши юзасидан қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Иккинчи устувор вазифа – талаба билимини баҳолаш жараёнида талаба ҳамда профессор ўқитувчи ўртасида визуал алоқани бутунлай чеклаш лозим. Яъни талаба билимини баҳолаш ушбу фандан дарс машғулотларини ўтадиган профессор-ўқитувчига умуман боғлиқ бўлиши керак эмас.
Ўқитишнинг модул тизими шароитларида талабалар билимини назорат қилиш жараёни, рейтинг натижаларини объективлигини қайта текшириш, уларни таҳлил этиш, расмийлаштириш ва талабалар эътиборига етказиш масалалари аниқ белгилаб бериш лозим. Шунингдек, ҳар бир талаба шахсини аноним сақлаган ҳолда ҳар бир фан доирасида «идентификацион код» билан шифрлаш тажрибасини киритиш ҳамда талаба ва ўқитувчи ўртасида визуал алоқани қисқартириш талабаларнинг билимини холисона текшириш амалиёти йўлга қўйилишига олиб келади.
Учинчи устувор вазифа – ОТМ бутун фаолиятини видеокузатув тизими орқали назорат қилиши тизимини йўлга қўйиш.
Тўртинчи устувор вазифа – ОТМларида факультет деканатлари ҳуқуқ ва мажбуриятларини оптималлаштириш.
Яъни деканат талабалар ҳамда ўзларига бириктирилган кафедраларнинг ташкилий масалаларини мувофиқлаштириши, лекин ўқув, илмий-методик ишлар билан боғлиқ жараёнлардан мустақил бўлишини таъминлаш зарур.
ОТМдаги ўқув, илмий-методик ишларни мувофиқлаштиришни амалга оширувчи мустақил таркибий бўлинмани шакллантириш ҳамда ушбу бўлинмани тўғридан-тўғри ректорга бўйсундириш механизмларини такомиллаштириш давр талаби.
Бешинчи устувор вазифа – ОТМлари фаолиятида тўлиқ шаффофликни таъминлаш. Таълим билан боғлиқ барча жараёнлар электронлаштирилиши ҳамда ортиқча расмий ҳужжатлардан воз кечиш лозим.
Бундай ижобий амалиёт ТДЮУ фаолиятида самарали йўлга қўйилган бўлиб, рейтинг дафтарчаси юритилишидан бутунлай воз кечилди ҳамда талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолаш жараёни Талабалар рейтингини ҳисобга олиш электрон тизими (SRS) орқали амалга оширилиши йўлга қўйилди ва ушбу жараён тўлиқ электронлаштирилди. Бу ҳам ўз-ўзидан профессор-ўқитувчи ва талаба ўртасида визуал алоқани чеклашга хизмат қилди.
Олтинчи устувор вазифа. Коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича ишлар тизимини такомиллаштириш.
Яъни электрон мурожаат тизими ҳамда талабалар фикрини ўрганиш бўйича (feed-back) тизимини кенг жорий этиш.
Еттинчи устувор вазифа, «Коррупциясиз соҳа» лойиҳасини амалга оширишда энг асосий ислоҳотлар айнан кадрлар билан ишлаш йўналишида амалга оширилиши лозим, деб ҳисоблаймиз.
Шундай экан ушбу йўналишдаги устувор вазифа – ходимларни ишга олиш жараёни ҳамда бозор шароитидаги етарли иш ҳақи билан таъминлаш масаласидир.
Биз меҳнатга муносабатни бутунлай ўзгартиришимиз, яъни қанча вақт ишлаганига эмас, натижага қараб ҳақ тўлаш лозимлигини инсонларга сингдиришимиз керак.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Президентимиз ҳам ҳақли равишда таъкидланганларидек, «Яқин ва узоқ истиқболдаги иқтисодий ривожланиш нуқтаи назаридан бизга қайси соҳа учун мутахассис керак бўлади? Шуни ҳозирдан чуқур ўйлашимиз, замон талаби, ислоҳотлар шиддатига мос кадрларни тарбиялашимиз керак, бу масала бизнинг келажагимиз, бизнинг эртанги кунимиз»дир.
Х.Очилов,
Тошкент давлат юридик университети
Жиноят ҳуқуқи ва криминология кафедраси
мудири ю.ф.ф.д.,(PhD)