COVID-19 Ўзбекистон учун рақамли трансформацияга чақирув(ми?)
Бугун етти миллиарддан ошиқроқ дунё аҳолиси кичик бир заррадек касаллик ортидан хавотирли умр кечирмоқда. Кимдир севимли касби билан шуғуллана олмаётган бўлса, яна кимдир яқинларидан йироқда, бошқалар эса ҳаётларини хавфга қўйиб, инсонлар саломатлиги учун туну – кун курашишяпти. Энг тараққий этган АҚШ, Россия, Хитой, Япония, Германия, Италия сингари давлатларнинг кучли билимга эга олиму – шифокорлари ҳам бу дардга чора топа олаётгани йўқ. Барча уринишларнинг ортида, фақатгина сабр ва қаноат билан ушбу вирусни енгиб ўтиш сингари масъулиятли вазифа турибди.
Менинг назаримда, шу кунлар Ўзбекистон учун айрим тажрибаларни синовдан ўтказиш, доим муаммоли масалалар мундарижасининг етакчи ўринларида бўлган IT ва дастурий таъминотлар соҳаси камчиликларини тўлақонли англаш, оғриқли нуқталарни белгилаш ва энг асосийси “инновация, инновацион” деган сўзни ҳуда-беҳуда эмас, балки ўз ўрнида, ижроси билан ишлатишга ўргатмоқда. Яшаб қолиш учун тизимларни рақамлаштириш керак эканлигини исботлаяпти.
Ҳар сафар жаҳон мамлакатларининг иқтисодий аҳволи акс этган таҳлилий журналларни ўқиганимда, қатор рақамли тўлов компаниялари, молия дунёси ва давлат сиёсати бошқарувчиларининг “- банкнот ва нақд пуллардан узоқлашиб, масофавий муносабатларни фаоллаштириш керак” деган сўзлари, ҳуддаки ҳеч қачон бизнинг замин билан кесишмайдигандек туюлар эди. Аммо, ҳукумат раҳбарларидан тортиб, оддий одамларни ҳам “дўппини олиб қўйиб, чуқурроқ ўйлашга” мажбур қилган ҳозирги таҳликали, таъбир жоиз бўлса, фавқулодда ҳолат, ривожланишга вақт ва сабабнинг алоқаси йўқлигини яна бир бор кўрсатди.
Бунинг яққол мисолини шахсан мен мамлакат молия бозоридаги туб бурилишлар, қабул қилинган кескин қарорлар, йиллар давомида “ана бўлади – мана бўлади” деб юрилган хизматларнинг бир зумда жорий этилгани билан изоҳлаган бўлар эдим.
Биринчидан, жаҳон амалиётида кенг қўлланиладиган усул яъни ходимларнинг масофадан туриб ишлаши. Унинг самараси, янги ғояларнинг вужудга келишидаги аҳамияти ҳақида Россиянинг “Тинькофф”, АҚШнинг “Bank of America” сингари таниқли молия институтлари ўз фаолиятлари орқали исботлашган бўлсаларда, бизнинг “шўрлик” банкирлар чиройли муқоваси билан кўзни қувонтирувчи “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси”да (https://lex.uz/docs/142859) белгиланган иш вақтидан ўтиб ҳам ўз “кабинет” ларида ўтиришга маҳкум эдилар. Ҳозир эса мана шу қатъий чорага чек қўйилиб, замонавий АКТ орқали масофавий тарзда фаолият олиб боришяпти. Ҳаттоки, ўз мобил телефонидаги функцияларни ишлатишга қийналаётган ёши катта қўшним, ноутбук орқали умумий базадаги маълумотларни таҳлил қилмоқда.
Иккинчидан, мижозлар банкни, банк ходимлари эса мижозларни ҳурмат қилишни, ўзаро ишонишни бошлашди, менимча. Яъни, ҳозиргача Ўзбекистондаги 30 га яқин тижорат банкларининг деярли барчасида мобил иловалар бўлган бўлсада, ундан бевосита фойдаланувчилар сони жуда ҳам кам эди. Кўпроқ йирик тадбиркорлар, корпоратив мижозлар қўл телефонларида иловаларни учратардингиз. Бугун эса банкларга бўлаётган мурожаатларнинг аксарият қисми, онлайн кредит олиш, омонатларга пул жойлаштириш, турли тўловларни амалга ошириш, қарздорликларни масофавий сўндириш ва ҳаттоки, пул ўтказмаларини амалга ошириш каби амалиётларга тўғри келмоқда. Демакки, одамларимизни ёмон ёки тартибсиз фойдаланувчилар сирасига қўшишдан олдин, ўзимиз таклиф этаётган тезкор, сифатли хизматларимиз ҳақида қайғуришимиз керак экан аслида. Сабаби, кўп банкларнинг онлайн хизматлари ҳали – ҳануз талаб даражасида эмас.
Учинчидан, навбат, оворагарчилик деган ғарбнинг 20 йил аввалги одатларига ҳам қайсидир маънода чек қўйилиб, боз устига банкларда етказиб бериш хизматлари ҳам жорий этилмоқда. Тасаввур қилинг-да, пластик картангизнинг амал қилиш муддати якунланмоқда, сиз ўзингиз мижоз бўлган молия муассасасининг расмий веб – сайтига кириб, янги картага буюртма беряпсиз ва бир неча соат ичида улар уйингизга етказиб беришяпти. Ахир бу бизнинг шароитда “фантастик”-ку.
Бундан ҳам “бомба”си энди сиз уйдан чиқмаган ҳолда онлайн тарзда автомобиль харид қилишингиз ҳам мумкин. Қаранг аслида бизнинг банклар қандай қудратга эга фақатгина эскилар айтганидек “- боши деворга тегиши” керак экандаа.
Шу ўринда, айни борада шахсий қарашларимни ҳам айтиб ўтмоқчиман. Синов ва қийинчиликлар улардан тўғри хулоса чиқариш учун берилади аслида. Катта бир кеманинг юздан зиёд ишчилари бўлгани билан унинг бошқарувини фақатгина бир инсон тартибга солади. Қатъий ирода доим саёқ ҳаёлларнинг чегара билмаслигига қарши курашади. Яхши ҳаёт қуриш учун баландпарвоз гапларнинг ўзи камлик қилади. Шунчаки, ўз ишини уй, автомобиль сотиб олиб, фарзандларини жойма – жой қилиб бўлгунча эмас, ҳар сонияда севиш керак. Габриэл Гарсиа Маркес битганидек “Чала ҳомиладор бўлмайди”.
ИМҲО, албатта. Қолганини вақт кўрсатади.