January 2, 2019

Янги паспорт хусусида

Ўзбекистонда хорижга чиқиш учун янги паспорт жорий қилиниши муносабати билан саволлар кўпайиб кетди. Тўғри, ора-орада бу мавзуда расмий хабарлар бериб турилибди. Аммо ҳаммага тушунарли, батафсил маълумотни ҳали кўрмадим. Шунинг учун тушунганларимни бир чеккадан ёзиб чиқмоқчиман. Агар қаердадир хато қилсам, билгичлар тўғрилаб юборишар.

Демак, 2019 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда хорижга чиқиш стикерлари (ОВИР) бериш тўхтатилди. Бу ҳақда президент ўтган йили БМТ Бош Ассамблеясининг навбатдаги сессиясида эълон қилганди. (http://uza.uz/oz/politics/zbekiston-prezidenti-shavkat-mirziyeev-bmt-bosh-assambleyasi-20-09-2017)

Энди унинг ўрнига хорижга чиқиш учун алоҳида паспорт жорий қилинади. Бу паспорт ҳақида қуйидагилар маълум:

● Янги паспорт тўқ қизил рангда ва 48 та саҳифадан иборат бўлади. Уни олиш учун фуқаролар яшаш жойидаги ички ишлар бўлимига мурожаат қилиши, иш жойи, ўқиш жойи ёки маҳаллий бошқарув идоралари томонидан тасдиқланадиган анкета-аризани топшириши лозим бўлади. Шунингдек, 3,5х4,5 см ўлчамдаги фотосурат, паспорт нусхаси, ҳарбий бўлимдан маълумотнома (ҳарбий хизматга мажбурлар учун) ҳам тақдим қилинади.

● Хорижга чиқиш паспортини олиш учун тўланадиган давлат божи энг кам иш ҳақининг 120 фоизини ташкил қилади: 243 276 сўм.

● 16 ёшга тўлмаган шахсларга хорижга чиқиш паспортини (kinder passport) бериш учун тўланадиган давлат божи энг кам иш ҳақининг 80 фоизини ташкил қилади: 162 184 сўм.

● Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган фуқаролиги йўқ шахсларга, шунингдек, 16 ёшга тўлмаган шахсларга хорижга чиқиш паспортини бериш учун тўланадиган давлат божи энг кам иш ҳақининг 100 фоизини ташкил қилади: 202 730 сўм. (https://bit.ly/2GSWPsG)

Кечадан бошлаб қўлида амалдаги биометрик паспорт бўлган киши МДҲ давлатларидан бошқа хорижий мамлакатга чиқмоқчи бўлса-ю, паспортида чиқиш визаси (ОВИР стикери) бўлмаса, янги хорижий паспорт олиши шарт бўлди. Чунки энди паспортларга стикер ёпиштирилмайди. Аммо паспортида ҳали муддати тугамаган чиқиш стикери бўлган шахслар 2021 йил 1 январга қадар хорижга чиқиш учун амалдаги биометрик паспортдан фойдаланаверади. (https://bit.ly/2AssrzC)

Шунда қизиқ ҳолат вужудга келади: янги хорижга чиқиш паспортини олган кишида бир вақтнинг ўзида 2 та паспорт бўлади. Маълум муддатгача, албатта. Чунки янги паспорт фақат хорижга чиқиш учун ишлайди. Унда прописка, оила қурганлик ҳақидаги муҳр каби маълумотлар бўлмайди. Ўзбекистоннинг ичида расмий амалиётларда ишлатиш учун яқин орада ID карта жорий қилиниши керак. Аммо у айнан қачон бериб бошланиши ҳали айтилмади. Шундай экан, ID карта чиққунича Ўзбекистон ичкарисида ҳозирги биометрик паспорт, хорижга чиқиш учун эса янги паспорт қўлланилади.

Тўғри, ИИВ ўтган йили август ойида “Фуқароларда иккита паспорт бўлмайди”, деб баёнот берганди: https://bit.ly/2SxU9lE Бироқ ҳанузгача ID карта қачон чиқиши ноаниқ (https://bit.ly/2QhsbZw) бўлиб қолаётган экан, барибир, шу ҳолатни кўрсак керак. (Бу ҳолат фақат янги паспортни олганлардагина бўлади.)

Паспорт столларида ҳозирги биометрик паспортни олишда бўлгани каби турнақатор навбатлар кузатиладими? – Менимча, ҳозирча бундай бўлмайди. Чунки ҳозир қўлимизда турган паспорт билан МДҲ давлатларига ҳеч қандай тўсиқсиз, бошқа хорижий давлатларга эса муддати тугамаган ОВИР стикери билан 2021 йил 1 январгача бемалол чиқиб юраверамиз. Аммо ўша белгиланган вақт яқинлашгани сайин вазият ўзгаради. Чунки охирги бўлиб (масалан, 2018 йил 31 декабрда) ОВИР стикерини олганларнинг паспортидаги чиқиш виза муддати назарий жиҳатдан узоғи билан 2020 йил 31 декабрда тугайди. Шунингдек, аҳолининг асосий қатлами Россия ва бошқа МДҲ давлатларига ишлашга бориши ва улар ҳам 2021 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистондан амалдаги паспорт билан чиқа олмай қолиши назарда тутилса, тахминан 2020 йил ўрталаридан паспорт столларида ур-йиқит бошланса керак. Шунда худди эски, биометрик бўлмаган паспортнинг амал қилиш муддати икки марта (2015 йил декабр ва 2018 йил июнда) чўзилгани каби қўлимиздаги биометрик паспорт билан 2021 йил 1 январдан кейин ҳам ҳеч бўлмаса МДҲ давлатларига чиқишга рухсат берилиши мумкин.

Айтганча, янги паспортни олишда ҳеч қандай навбат кузатилмаслиги ҳам мумкин. Сабаби янги паспорт фақат хорижга чиқувчилар учун керак бўлади. Ўзбекистон ичидаги расмиятчиликларда фойдаланиш учун эса ҳозирча амалдаги биометрик паспорт, кейин эса биз учун янги ҳужжат бўлган ID карта қўлланилади. Ҳамма ҳам хорижга чиқмаслигини ҳисобга олсак, навбат паспорт олишга эмас, ID карта учун бўлиш эҳтимоли ҳам бор.

Булар албатта менинг тахминларим ва мавжуд хабарлар асосида қилган хулосаларим. Хато қилган бўлишим табиий.

Янги паспорт олиш учун ҳужжат топшириш 2019 йил 4 январдан бошланади: https://www.gazeta.uz/ru/2018/12/28/pasport/ (Ўзи хабарда “паспорт олиш” деб айтилган. Аммо ҳали ҳужжат топшириш бошлагани ҳақида хабар берилмагани учун мен буни “ҳужжат топшириш” деб тушундим. Яна кўрамиз.)

Бугун ва эртага эса дам олиб турамиз.

Мусанниф Адҳам

t.me/fayzboguz