ҒАЙРИҚОНУНИЙ БЎШАТИЛГАН ФУҚАРОГА МАЖБУРИЙ ПРОГУЛ УЧУН ҲАҚ УНДИРИЛДИ
Наманган вилоят адлия бошқармаси томонидан Поп тумани, Майдон МФЙ, Охунон кўчаси, 132-уйда яшовчи фуқаро Д.Абдурахмонованинг Поп туман тиббиёт бирлашмаси томонидан ноқонуний ишдан бўшатилиб, қайта ишга тикланган бўлсада, 2021 йил январь ойидан март ойигача бўлган давр учун тегишли пул маблағлари бугунги кунга қадар тўлаб берилмаётганлигидан норозилиги тўғрисидаги мурожаати ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш жараёнида, Поп тумани тиббиёт бирлашмаси томонидан тақдим этилган пенсия ёшига етган ходимлар билан бир қаторда 2021 йил
3 январда Д.Абдурахмонова билан тузилган меҳнат шартномаси ҳам бекор қилинган, кейинроқ, Наманган вилоят прокуратурасининг 2021 йил
9 мартдаги 11-22-21-сонли протестига асосан 2021 йил 18 мартда бирлашма бошлиғининг 266-сонли буйруғи билан 2020 йил 13 июлдаги бирлашма бошлиғининг 629-сонли буйруғи бекор қилиниб, Д.Абдурахмонова ўз иш жойига тикланган бўлсада, фуқаро 2021 йил январь ойидан март ойига қадар ишга бормаганлиги сабаб қилиб кўрсатилиб, Чодак-2 ҚВП мудири ҳамда катта ҳамшираси томонидан иш ҳақи табелига қўйилмаганлиги учун жами 3 914 720 сўм ойлик иш ҳақи тўловлари тўланмаганлиги аниқланди.
Мурожаатни ўрганиш якуни юзасидан Наманган вилоят адлия бошқармаси томонидан Поп туман тиббиёт бирлашмасига тақдимнома киритилиб, меҳнат шартномасини ғайриқонуний равишда бекор қилинганлиги сабабли фуқаро Д.Абдурахмоновага тўланиши лозим бўлган пул маблағларини қайта ҳисоб-китоб қилиниб, натижада фуқаронинг меҳнат ҳуқуқлари тикланди.
Неъматжонов Искандар Нўмонжон ўғли