July 28, 2021

Она заминга меҳр кўрсатиш – фаровон турмуш гаровидир

Азал-азалдан ўзбек халқида “Ерга меҳр берсанг – ер сени боқади” деган нақл тилдан тушмай келади. Дарҳақиқат, ер шундай бир неъматки, унга меҳр берсанг, эринмай эътибор кўрсатсанг, куни келиб, албатта, ҳосилини оласан. Тарихчиларнинг хабар беришларича, Ҳиндистон диёрида яшаган кезлари бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур айнан Андижон заминида экиб, парваришланган қовун навини келтиришни буюради ва унинг қадрини қанчалар буюк эканлигини эътироф этади. Шоир Муҳаммад Юсуф ижодида ҳам она замин мавзуси асосий мавзулардан бири ҳисобланади. Италия пойтахти Римни туғилиб-ўсган она замин бедапоясига, Парижнинг энг гўзал ресторанларини биттагина ўзбекнинг тандирига алишмаган ижодкор бутун халққа, нафақат ўзбек миллати, балки бутун дунё миллатларига ўзбек ери, ўзбек диёрининг нақадар серҳосил ва серқуёш эканлигини исботламоқчи бўлади. Бугун бободеҳқонларимиз, боғбонларимиз, тадбиркор-фермерларимиз томонидан ер билан боғлиқ муносабатлар алоҳида эътироф этилмоқда. Муҳтарам юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида ҳукуматимиз томонидан мазкур соҳага алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳам бежиз эмас. Жаннатмакон диёримизда йилнинг ҳар бир фаслида, ҳатто қахратон қишда ҳам сахий бобоқуёш ўзининг заррин нурларини она замин узра сочади, Яратганнинг марҳамати ила ерга ёққан барака ёмғири туфайли дастурхонларимиз янада тўкин-сочин бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг 2021 йил 8 июнда қабул қилинган ПФ-6243-сонли Фармонига асосан ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари хусусида сўз юритилади. Жумладан, мазкур Фармонда белгилаб ўтилганидек, 2021 йил 1 августдан бошлаб ер участкалари хусусий секторга — мулк ва ижара ҳуқуқи асосида, давлат органлари, муассасалари, корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади; шунингдек, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқи билан ер ажратиш тартиби бекор қилинади, бунда илгари ажратилган ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар уларнинг эгаларида амалдаги тартибда сақланиб қолади; қолаверса, ижарага олинган ер участкасида қонунчиликда белгиланган тартибда қурилган кўчмас мулк объектига мулк ҳуқуқи бошқа шахсга ўтган тақдирда, ушбу объектга мулк ҳуқуқи билан биргаликда у жойлашган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳам янги мулкдорга ўтади; қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар барча турдаги қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари иштирок эта оладиган, натижалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан тасдиқланадиган очиқ электрон танлов якунларига кўра, фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратилади; қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилинади; давлат ташкилотларига ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилади; барча ҳолларда ер участкалари фақат бўш турган ва захирага олинган ерлардан ажратилади, айни бир ҳужжат билан ёки бир вақтнинг ўзида ер участкасини олиб қўйиш, захирага олиш, бошқа шахсга ажратиш ер бериш тартибини бузиш ҳисобланади ва қонунга мувофиқ жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.

Шунингдек, давлат-хусусий шериклик лойиҳалари ва ижтимоий фойдали мақсадларга эришишга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишда ер участкалари давлат ташкилотига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилади, ушбу ерлар давлат-хусусий ёки ижтимоий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддатига хусусий шерик, нодавлат нотижорат ташкилоти ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига ижарага берилиши мумкин. Кўп қаватли уйлар жойлашган ва унга туташ ер участкаси, агар кўп квартирали уйдаги жойларнинг мулкдорларига бошқа ҳуқуқ билан тегишли бўлмаса, уларга умумий фойдаланиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади.

Бугун барча соҳаларда туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу ислоҳотларнинг изчил амалга оширилишида фақат биттагина мақсад муштаракдир, яъни барча ислоҳотлар халқимиз турмуш даражасини янада оширишга, халқ фаровонлигини янада мустаҳкамлашга қаратилган. Фармонда белгилаб ўтилганидек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер муносабатларига оид қуйидаги ваколатлари, улар юзасидан қарор, фармойиш ёки бошқа турдаги ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқи 2021 йил 1 августдан бекор қилиниши таъкидланди: ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш, фойдаланишга бериш, келгусида ажратиш учун захиралаш, бириктириш, ободонлаштириш учун бериш ёки ерларни бошқача йўл билан тасарруф қилиш, туман ва шаҳар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш; суғориладиган ерларни суғорилмайдиган ерлар тоифасига ёки бошқа ер тоифасига, суғорилмайдиган қишлоқ хўжалиги ерларини бошқа ер тоифасига ўтказиш;жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилиги ҳамда ёрдамчи қишлоқ хўжалигини юритиш учун ер бериш; хусусийлаштириладиган ер участкаларига нисбатан инвестиция мажбуриятлари ёки хусусий мулкни эркин тасарруф этишни чеклайдиган бошқа мажбуриятларни белгилаш. Мазкур Фармоннинг кейинги бандларида қуйидагилар белгилаб қўйилди. Чунончи: қуйидагилар Республика ва ҳудудий кенгашларнинг асосий вазифалари этиб белгилансин: ер тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини қўллашда вужудга келаётган муаммоларни аниқлаш, уларни бартараф этиш, шу жумладан қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш; ердан оқилона фойдаланиш бўйича илғор хорижий тажрибаларни ўрганиб, миллий хусусиятларни инобатга олган ҳолда уларни жорий этиш бўйича таклифлар тайёрлаш; ер тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этилиши аҳволини мунтазам ўрганиб бориш, соҳада ҳуқуқни қўллашнинг ягона амалиётини шакллантириш; ерга оид қонунчилик ҳужжатлари ижросини бевосита таъминлаш ва давлат назоратини олиб боришга масъул давлат органларининг соҳага доир фаолиятини ўрганиб, мувофиқлаштириб бориш, тегишлича ушбу органлар ва уларнинг қуйи тузилмалари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш; ерларни, айниқса, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни муҳофаза қилиш, қонун бузилиши ҳолатларини барвақт аниқлаш ва олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни белгилаш ва амалга ошириш;ерга оид қонунчилик ҳужжатлари ижросини таъминлаш ҳамда қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олишда кенг жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни ташкил этиш; ер ажратиш ва ундан фойдаланиш жараёнларига ахборот-коммуникация воситаларини кенг жорий қилиш орқали соҳада рақамлаштириш жараёнларини тезлаштиришга кўмаклашиш; ерга оид қонунчилик ҳужжатлари ижросини таъминлаш самарадорлигини оширишга оид бошқа масалаларни кўриб чиқиш.

Қонун барча учун баробар, унга ҳамма бўйсуниши лозим. Ҳукуматимиз томонидан қабул қилинаётган қарор ва фармонлар, меъёрий ҳужжатларнинг барида аҳоли фаровонлигини янада ошириш ягона мақсад қилиб олинган экан, бундан унумли фойдаланишимиз, халқимиз турмуш даражасини ошириш, ҳуқуқий саводхонлигини юксалтиришимиз, ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлашимиз, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилишимиз зарур. Зеро ҳукуматимиз раҳбари таъкидлаб ўтганидек, “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак”.

Давлатвобод туман адлия бўлими бошлиғи

М.Киргизов