Сайёр қабуллар - халқ манфаатлари йўлида
Сўнгги йилларда аҳоли муаммолари билан ишлаш, уларнинг дардига қулоқ тутиб, уларни қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этиш биринчи галдаги вазифага айланди.
Шу маънода Наманган вилоят адлия бошқармаси томонидан халқ ичига кириб, уларни қийнаб келаётган ҳуқуқий муаммоларини ўрганиш мақсадида жорий йилнинг 12 август куни Наманган вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Д.Ахмедов бошчилигида Чуст туман адлия бўлими бошлиғи Б.Алимов, бўлим етакчи маслаҳатчиси А.Жўраев ва Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Чуст туман бўлими бошлиғи Р.Абдувалиевлар иштирокида Чуст туманидаги “Саримсоқтепа” Маҳалла фуқаролар йиғинида фуқаролар учун сайёр қабул ташкил этилди.
Қабул давомида фуқароларни қийнаб келаётган масалалар, жумладан суюлтирилган газ таьминоти бўйича, вақтинча ишсиз фуқаролар учун ишга жойлашиш масаласи бўйича мурожаатлари, хусусан фуқаро М.Ризаеванинг ҳозирда иш топа олмаётганлиги сабабли тумандаги бўш иш ўринлари ҳақида маьлумот бериб, ишга жойлашишида амалий ёрдам беришни сўраб қилган мурожаати бўлим иш юритувига қабул қилиниб, бола парвариши учун тўланадиган нафақа, “Аёллар дафтари”, “Темир дафтар”га кириш тартиби ва шу каби масалалар юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Наманган вилояти адлия бошқармаси