Тадбиркор манфаати ҳимоя қилинди.
Наманган туман адлия бўлимининг иш юритувига Наманган тумани ҳудудидаги “NODIRBEK OMAD TRANS” МЧЖнинг Наманган тумани ДСИ томонидан чиқарилган 28.05.2021 йил кунги солиққа оид қонунбузарликни бартараф этиш тўғрисидаги қарорни ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан амалий ёрдам берилишини сўраб қилган мурожаати ўрганилганида қуйидагилар аниқланди:
Наманган тумани ҳудудидаги “NODIRBEK OMAD TRANS” МЧЖ томонидан 16.03.2019 йилда 32 бош симментал наслдор моллари Австрия давлатидан олиб келинган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 29.12.2015 йилдаги
ПҚ-2460 сонли қарорининг 9-бандига асосан 01.01.2021 йилгача даврда наслдор чорвачилик субъектлари асосий фаолият тури бўйича барча солиқлар ва мақсадли давлат жамғармаларига мажбурий ажратмаларни тўлашдан озод этилганлиги белгиланган. Шунга кўра МЧЖ томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботлари имтиёзларни қўллаган ҳолда тақдим қилинган.
Туман ДСИ томонидан ўтказилган камерал солиқ текшируви давомида МЧЖга “Наслчилик хўжалиги мақоми ҳақидаги гувоҳнома” 25.09.2020 йилда берилганлиги аниқланиб, 2019 йил ҳамда 2020 йил 9 ойи давомида қўлланилган имтиёзлар нотўғри қўлланган деб топилиб, 42 млн 290 минг 900 сўм қўшимча солиқ ҳисобланган ва бу тўғрисида 28.05.2021 йил куни “Солиққа оид қонунбузурликни бартараф этиш тўғрисида қарор” чиқарилган ҳамда тадбиркор томонидан тўланган.
Бироқ, МЧЖ томонидан “Наслчилик хўжалиги мақоми ҳақидаги гувоҳнома” олиш учун 2019-2020 йилларда бир неча бор мурожаат қилишганлиги, бундай гувоҳнома Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг 26.03.2014 йилдаги 66-сон буйруғи билан тасдиқланган ҳамда 20.03.2020 йилгача амалда бўлган “Наслчилик хўжаликлари мақомини бериш тартиби ҳамда улар фаолиятига қўйиладиган талаблар тўғрисидаги Низом”нинг (рўйхат рақами 2578, 28.04.2014 йил) 3-бандига асосан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Чорвачиликда наслчилик ишлари бош давлат инспекцияси томонидан берилганлиги, мазкур инспекция 01.08.2018 йилдан Ўзбекистон Республикаси Президентининг
07.05.2018 йилдаги “Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3699-сонли Қарорининг 1-бандига асосан тугатилганлиги, Вазирлар Маҳкамасининг 19.02.2020 йилдаги 100-сон қарори билан тасдиқланган “Наслчилик хўжаликлари мақомини бериш тартиби тўғрисидаги Низом”нинг
3-бандига асосан наслчилик хўжалиги мақоми Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги “Ўзбекчорванасл” агентлиги томонидан берила бошланганлиги,
01.08.2018 йилдан 19.02.2020 йилга қадар Наслчилик мақомини бериш ваколатига эга бўлган субъект мавжуд бўлмаганлиги, 2020 йилда пандемия сабабли гувоҳномани олиш ишлари чўзилиб, 25.09.2020 йилга келиб гувоҳнома олинганлиги аниқланди.
Бундан ташқари, Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармасининг 18.05.2021 йил кунги 15/21-523-сонли маълумотига кўра “Наслчилик хўжаликлари мақомини бериш тартиби ҳамда улар фаолиятига қўйиладиган талаблар тўғрисидаги Низом” (рўйхат рақами 2578, 28.04.2014 йил) бўйича наслчилик хўжалиги мақомини бериш ваколатига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Чорвачиликда наслчилик ишлари бош давлат инспекцияси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 07.05.2018 йилдаги “Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3699-сонли Қарорига кўра 01.08.2018 йилдан тугатилганлиги, мазкур Қарор билан тасдиқланган Низомда янги ташкил этилган Инспекциянинг Чорвачиликда наслчилик ишларини назорат қилиш бошқармасига наслчилик мақомини бериш ваколати юклатилмаганлиги, Вазирлар Маҳкамасининг 19.02.2020 йилдаги 100-сон қарори билан тасдиқланган “Наслчилик хўжаликлари мақомини бериш тартиби тўғрисидаги Низом” қабул қилингунга қадар Республикада чорвачилик бўйича хўжалик юритувчи субъектларга наслчилик мақоми берилмаганлиги, МЧЖ томонидан 16.03.2019 йилда олиб келинган ғунажинлар ҳар бири насл сертификатига ва тегишли ҳужжатларга эга эканлиги маълум бўлди.
Юқоридагиларга кўра Наманган туман адлия бўлими томонидан Наманган туманлараро иқтисодий судига (“NODIRBEK OMAD TRANS” МЧЖни наслчилик субъекти деб топиш юридик фактини белгилаш юзасидан даъво ариза киритилди ҳамда Наманган туманлараро иқтисодий судининг 21.09.2021 йил кунги ҳал қилув қарорига асосан “NODIRBEK OMAD TRANS” МЧЖ 16.03.2019 йил кунидан бошлаб наслчилик субъекти деб топиш юридик факти белгиланиб, тадбиркор томонидан тўланган 42 млн 290 минг 900 сўм солиқлар қайтарилиши таъминланди.