БИР КУН КЕЛАДИКИ...
- Мен – миллатчи эмасман. Аммо ўзбек миллатига мансуб фуқаро сифатида ўзбеклигимдан фахрланаман. Бошқа миллатларни бир-биридан камситмаган ҳолда, қаердаки ўзбекнинг ғурурига, шаънига номуносиб гап-сўз бўлса – жим туролмайман. Бу – фақатгина ўзимни ва ўзимизникиларни севишимдан эмас, балки ҳурматим, меҳр-муҳаббатим баландлигидан, ўзбекнинг бир томири бўлиб ор-номусимни асраб-авайлаш бурчим эканлигидандир.
Ўтган ҳафта, аниқроғи, 22 октябрь куни Россиянинг ОРТ-1 телеканалидан навбатдаги «На самом деле» деган кўрсатувига кўзим тушиб қолди. Аввалига эътибор бермадим. Кейин қулоғимга «Узбекистан», «узбек» деган сўзлар чалингандан сўнг астойдил томоша қила бошладим...
Баҳс, мунозара, танқид руҳидаги бу кўрсатувда бошловчи, 200 чоғли томошабин, бир неча эксперт, мавзуга доир мутахассислар, депутатлар бир муҳим муаммони ҳал этиш учун тўпланишган эди. Муҳим масаланинг «қаҳрамонлари» эса ўртада – ҳамманинг диққат марказида. Бири соч-соқоли ўсган, паҳлавон келбатли, лўли миллатига мансуб, қандайдир бадиий гуруҳ раҳбари 61 ёшли Николай исмли (фамилиясини англолмадим) шахс, иккинчиси қоракўз, қорасоч, кўҳликкина 32 ёшли аёл. У – ўзбек миллатига мансуб Малика Ниязова экан. Орқадаги кенг ҳажмли видеода эса уч-тўрт яшар ширингина қизалоқнинг ҳар хил жойдаги тасвирлари акс этиб турибди.
Муҳокама қилинаётган масала эса... ўта шармандали, ҳар қандай аёл зоти учун иснод бўладиган. Яъни, пардалироқ қилиб айтадиган бўлсак... экрандаги қизча Маликанинг фарзанди бўлиб, у кимнинг зурриёди эканлигини ўтирганлар аниқлашаётган экан...
Малика Москвада яшайди. У Николай раҳбарлигидаги рақс гуруҳида ишлайди. Тунги клубларда, ресторанларда ярим яланғоч ўйинга тушиш – унинг касби. Келишган қадди қомати, антиқа арабий рақслари орқали ишлаб пул топади. Малика студияда бемаврид туғилган фарзандининг отаси лўли раҳбари Николай эканлигини даъво қилмоқда. Николай эса тан олишни истамайди, шу боис аёл телевидениега мурожаат қилган шекилли...
Даъвогарнинг ва рад этувчининг ҳам қўл бармоқларига ғалати асбоб-лар ўрнатилганки, саволларга улар рост ёки ёлғон жавоб бераётганларини аниқлаб беради.
Дунёни бозорга ўхшатадилар. Энди шу бозорда аёл билан эркак ўртасидаги ўта нозик, беҳад уятли муносабатлар ҳам очиқ-ошкора муҳокама этилмоқда эди. Бунинг устига шарм-ҳаёда борлиқ аёл зотига ибрат бўладиган ўзбек аёлининг ахлоқи-я! Жувоннинг отаси тенги жазмани Николай қиз билан яқинлигини рад этишда давом этар экан, бошқа гумондорни ҳам саҳнага таклиф этишди. У ҳам тан олмади. Бундан «хафа бўлаётган», даъвоси исботланмаётган Малика Ниязованинг улама киприклари орасидан кўз ёшлари шашқатор оқади. Ҳолатни кузатаётиб: «Бу кунингдан ўлганинг минг марта яхши!!!» – деб юборасиз.
Ва, ниҳоят, «ҳақиқат» қарор топди: ДНК хулосаларига кўра, қизалоқнинг отаси 61 ёшли лўли Николай бўлиб чиқди! Бу Малика Ниязованинг ғалабасими ё шармандалигими? «Шармандалик» деган сўзнинг ўзиям бу жараёнга, бу раққоса аёлга жуда-жуда енгиллик қилади-ю янаям мосроғини тилимиздан тополмадик.
Айтишларича, яҳудийлар бутун дунё бўйича тарқалган халқ экан. Эндиликда биз – ўзбеклар ҳам улардан қолишмайдиган бўлдик. Ер куррасида ўзбекнинг қадами етмаган мамлакат қолмади-ёв. Майли, хорижга илм излаб ўқиш учун ёки малакали мутахассис сифатида креслода ўтириб ишлаш учун борса – бош устига. Давлат ҳимоясида сердаромад ишга ёлланма ишчи ёки савдо-тижорат мақсадида юрганларга ҳам майли, чидаса бўлар. Аммо туппа-тузук қиз-жувонларнинг уй хизматкори, энага, қари беморларни парваришловчилар бўлиб кетаётгани жуда ҳақоратлидир. Қарангки, ўзбек аёли бола-чақасини, эрини, қайнонасини ташлаб, пул учун аллақайдаги бегоналарнинг исқиртларини тозалаши, тувагини тўкиши – «ҳазм» қилиб бўлмайдиган ҳолат. Бу қора меҳнатларнинг тагидаги пасткашлик-лар, алдовлар – уларнинг ўзларига аён. Бугун топган 400-500 долларлари бир кун келиб фарзандларига кўрсатолмаган меҳр-муҳаббати, беролмаган тарбияси, онасидан ололмаган дуолари ўрнини қоплай олармикан?
Меҳнатнинг айби йўқ. Лекин гап – тирикчилик муддаосидаги меҳнат орқасидан келадиган даромаднинг ҳалоллигида. Кореяга эрга тегишга ҳавасманд қизларимиз мавзуси бир қадар эскиргандек. Бу ҳолга ё биз кўникдик ёки у аввалгидек оммавий эмас. Аммо оилали, бола-чақали ёш аёлларимизнинг Туркия, Қозоғистон, Россия, Дубай...ларга ишлагани бориши, аксарият ҳолларда алданиб қолишлари қондош, юртдош сифатида барчамизга алам қилмайдими?
Ҳамкасбларимиздан бири яқинда Наманган шаҳар маҳаллаларидан бирида бўлган ғайриодатий воқеани айтиб берди. Уни эшитган ҳар қандай одамнинг ғазабдан теппа сочи тикка бўлиши табиий. Камхарж, кам таъминланган хонадоннинг уч фарзандли бекаси эрининг уқувсизлиги, бемалолхўжалигидан қийналиб, ўзини бозорга урди. Аввалига майда-чуйда нарсалар билан савдо қилиб юрди. Ҳартугул кўчадан нон пули топадиган бўлди. Аммо савдо, бозор уни ҳар хил феъл-атворли одамлар билан яқинлаштирди. Кимлардир унга «устозлик» қилди, кимдир тўғри йўл кўрсатди. Лекин, барибир, бу ерда топганлари эҳтиёжларини қондирмади. Уч боланинг камчилик-лари эса кун сайин катталашиб борарди. Охири Туркияга қатнайдиган бир аёл билан танишиб, уч болани эрининг тарбиясига топшириб, хорижга отланади.
Катта шаҳардаги бир бой одамникида уй хизматчиси бўлиб ишга ёлланган аёл уч йилнинг қандай ўтганини билмай қолди. Тўғри, у эрига ойига пул жўнатиб турди. Уч боланинг, рўзғорнинг кам-кўсти унинг ҳисобидан бутланди. Лекин «Кўздан нари – меҳрдан нари» деганларидек, улкан шаҳарнинг талатўплари, бутунлай бошқача турмуш тарзидаги ҳаёт уни тамоман ўзгартириб, ўзига оғдириб юборди. Нафақат ташқи қиёфасини, бутун фикру ёдини, қарашларини ҳам. Кўз очиб кўрган жуфту ҳалолининг, уч жуфт қоракўзларининг соғинчи ортиқ унинг бағрини ўртамай қўйди. Энди у эрига мўлтираб қараб турадиган, борига – сабр, йўғига – шукур қиладиган аввалги Ҳалима эмас эди.
Уч йиллик хориж сафаридан қайтган Ҳалима бу ердагиларга, оиласидагиларга бегонага айланганди. Чет элда бошқа биров билан норасмий, ношаръий турмуш қуриб, ҳатто битта болали бўлишга ҳам улгурганди...
Хотинининг бир ўзини «ишониб» чет элга ишга юборган эркак кимдан қандай қилиб ўч олишни билолмай қолди. Хўш, ушбу вазиятни юзага келтиришда унинг айби йўқмиди? Афсуски, ҳозиргилар ота-боболаримизнинг: «Ҳақли-никоҳли эр-хотинлар бесабаб бир кеча-кундуз бир-биридан узоқлашса - қирқ кунлик меҳри кетади» деган ақидани унутдилар. Қонунни ҳам, шариатни ҳам оёқ ости қилган Ҳалимага ўхшаганларга бир кун келиб жазо берилаётганда уларнинг расмий ва шаръий жуфту ҳалолларига ҳам одил суд ҳукми ўқилса ажаб эмас. Бунда оталар, ака-инилар ҳам маълум маънода жавобгар бўлсалар ҳаққоний иш бўлар эди.
Эҳтимол, ён-атрофда шундай хунук ҳоллар содир бўлаётганидан жума намозларида имом-хатиблар «Туркияга ишга кетган аёлларингизни келгач қайтадан никоҳлатиб олингизлар...», – дейишаётгандир...
Айрим ношукурлар яхши иш ўринлари йўқлигини, маошлар озлигини, нарх-наволар қимматлигини айтиб нолишдан тўхтамайдилар. Аммо ҳунарли, меҳнатга эгилган одам хор бўлмаслигини, тинимсиз тўйлар-тўкинчиликлар бўлаётганини, ясан-тусан, ҳо-ю ҳаваслар зўраяётганини «кўрмайдилар». Бу йилги ёз мавсумида оддий бир уста кунига 120-150 минг, ёрдамчиси – мардикор 80-100 мингдан ишлаганини билишмайди. Булар – кичкина пул эмас, ахир.
Ўтган йили таниш бир киши шахсий молхонасида ишлаш учун одам қидирди. Ойига 700-900 минг сўм маош, оиласи билан бўлса яна ҳам яхши. Кунига уч маҳал озиқ-овқат таъминоти билан. Маҳалладаги эрта-кеч тўртта-бешта бўлиб, ариққа туфлаб бекор ўтириб, сафсата сотадиганлар кўнмади. Аслида ўшалар Россияга ё Қозоғистонга бориб, энг хароб ва оғир ишни қилишга ҳам рози одамлар эди.
Мен бир нарсани жуда-жуда орзу қиламан. Бугун юксалаётган мамлакатимиздаги корхоналарга яқин келажакда шароитлар зўрлигидан, маошлар кў-ў-ўплигидан америкаликлар, японлар, корейслар келиб ишлашса. Бир кун келадики, ҳамма оилалар бой-бадавлат бўлса, хонадонларда русийзабон, инглиз, немис тилларини биладиган маданиятли, ҳалол энагалар, уй хизматчилари сўзингизга мунтазир бўлиб турса... Ўша бир кун келадики, бизнинг опа-сингилларимиз, қизларимиз Туркияга, Россияга, Дубайга, Кореяга ишлаб пул топиш учун эмас, аксинча, фақат сайру саёҳат учун борадилар. Бир кун келадики, шарм-ҳаё, уят ва андиша, ор-номус барча-барча хотин-қизларимиз учун бошларидаги олмос тожга айланиб, ўз нури, жилоси билан бутун дунёни мунаввар айлайди. Мен шундай кунни кутиб яшайман...
Рислиқхон МАЖНУНОВА.