«МАҲАЛЛА ИФТИХОРИ» КЎКРАК НИШОНИ СОҲИБЛАРИ ТАҚДИРЛАНДИЛАР
- Вилоят ҳокимлигида «Маҳалла ифтихори» кўкрак нишони соҳибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур мукофот фидойи ва меҳнаткаш, маҳалласи, эл-юрт ташвишида тунларни тонгларга улаган вилоятнинг 27 нафар фаол жамоатчилари меҳнатига муносиб рағбат бўлди.
Тақдирлаш маросимида сўз олган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, маҳалланинг роли жамиятда кун сайин ортиб бораётганини таъкидлаб, бугунги давлат сиёсатида маҳалла институтини ривожлантириш долзарб масалага айланганини қайд этди. «Яқин йилларгача маҳалла фуқаролар йиғинларининг 95 фоиз фаолияти фермерларга дастёрлигу коммунал тўловларни йиғиб бериш билан ўтарди. Муҳтарам Президентимиз томонларидан олиб борилаётган ижтимоий ислоҳотлар натижасида энди маҳалла маънавият тарқатиш, аҳоли дардини ўрганиш, ўз ҳудудидаги ҳар бир оиланинг энг кичик муаммосигача ҳал этишга кўмаклашиш билан шуғулланувчи, ҳақиқий ўзини ўзи бошқариш органига айланди. Ўсиб келаётган ёш авлод тарбиясида маҳалла асосий ўрин тутмоқда. «Бир болага етти маҳалла ота-она» мақоли бугун ҳар қачонгидан долзарблик касб этди», – деди тақдирлаш маросимида вилоятимиз раҳбари.
Тақдирланганлар орасидан сўз олганлар, ўзларига ишонч учун миннатдорчилик билдириб, жамият равнақи ва миллий қадриятлар ривожи йўлида, маҳаллаларда тинчлик ҳамда осойишталикни сақлаш борасида янада жонбозлик кўрсатишларини билдирдилар.