October 5, 2019

НАМАНГАН ВА САУДИЯ АРАБИСТОНИ ИШБИЛАРМОН ДОИРАЛАРИ ИШТИРОКИДА БИЗНЕС-ФОРУМ БЎЛИБ ЎТДИ

Раҳмонжон МАМАДАЛИЕВ олган сурат
  • Саудия Арабистони Бош инвестицион бошқармаси бошлиғи Бадир Муҳаммад Алмуфгай бошчилигидаги «Ajlan & Bros Holding Group», «Awad Group», «ELM», «Al Shanawani», «Gulf Pioneers» каби ўндан зиёд йирик компаниялар раҳбарлари ҳамда Саудия Арабистони Молия, Савдо ва инвестициялар ҳамда Атроф-муҳит, сув ресурслари ва қишлоқ хўжалиги вазирликларининг юқори мартабали вакилларидан иборат араб делегацияси ташрифнинг биринчи кунида вилоятимиз бир қатор қишлоқ хўжалиги, енгил саноат ва хизмат кўрсатиш корхоналарида бўлиб, мазкур объектлар фаолияти, эришаётган натижалари мисолида вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти, чет эл сармоясини киритиш учун мавжуд имконият ва шарт-шароитлар билан бевосита танишди.

Форумнинг иккинчи кунги асосий тадбирлари Тўрақўрғон тумани маданият саройида бўлиб ўтди. Анжуман аввалида меҳмонлар маданият саройи фойесида «Наманганда ишлаб чиқарилган» номи остида ташкил этилган саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмаси билан танишиб, маҳаллий тадбиркор ва ишбилармонлар билан мулоқотда бўлдилар.

Бизнес форум аввалида вилоят ҳокими Х.Бозоров хорижлик меҳмонларга мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, жумладан чет эл сармоядорлари учун яратилаётган қулай инвестицион муҳит, хорижий инвестиция жалб қилиш борасида эришилаётган натижалар ҳамда вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ресурслари ҳақида батафсил маълумот берди.

– Инвестицион жозибадорлик муҳитини яратиш бўйича олиб борилаётган ишлар самарасини қуйидаги рақамларда ҳам кўриш мумкин, – деди Х.Бозоров. – Вилоятимизга 2017 йилда 7 миллион доллар чет эл сармояси киритилган бўлса, бу рақам ўтган йили 74 миллион долларни ташкил этди. Жорий йилнинг 9 ойида эса бу кўрсаткич 200 миллион доллардан ошди. Кейинги йилларда жами 1 миллиард 100 миллион доллардан зиёд чет эл сармояси киритилиб, ўнлаб йирик лойиҳалар амалга оширилди.

– Ушбу форум Ўзбекистонда очиқ иқтисодий сиёсат олиб борилаётганлигининг ёрқин ифодасидир, – деди ўз навбатида Саудия Арабистони Бош инвестицион бошқармаси бошлиғи Бадир Муҳаммад Алмуфгай. – Ва биз бу анжуманда ҳар икки томон учун манфаатли бўлган кўплаб шартномалар имзоланишига ҳамда анжуман Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар кенга-йишига муносиб ҳисса бўлиб қўшилишига ишонамиз.

Форум доирасида Наманган вилояти ва Саудия Арабистони ишбилармонлари ўртасида B2B ва B2G форматида бўлиб ўтган учрашув якунига кўра, араб ишбилармонлари билан қатор инвестицион шартномалар ва келишувлар имзоланиши кутилмоқда.

Меҳмонлар анжумандан сўнг Ибрат хотира-мемориал мажмуаси, Султон Увайс Қароний зиёратгоҳини зиёрат қилдилар.

Акрамжон САТТОРОВ