ВИЛОЯТ ҲОКИМИ ТАДБИРКОРЛАРГА МУРОЖААТ ҚИЛДИ
- Видеоселектор тарзида ўтказилган йиғилишда вилоятнинг шаҳар ва туманларидаги студияларда ҳоким, ҳоким ўринбосарлари, тегишли котибиятлар ҳамда бошқармалар раҳбарлари, кичик бизнес, тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этди.
“Ҳар бир тадбиркорга – кўмакдош, елкадош ва мададкормиз!” шиори остида ўтказилган учрашувда мамлакатимизда сўнгги уч йилда олиб борилаётган ислоҳотлар, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилаётгани таъкидланди.
– Нафақат ўзини ва оиласини, балки, халқни ҳам, давлатни ҳам боқадиган тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга халақит бераётган тўсиқларни бутунлай олиб ташлаш Президентимиз томонидан биз раҳбарларнинг олдига қўйилган асосий вазифадир, – дейди вилоят ҳокими Х.Бозоров. – Бироқ, шунга қарамасдан, тадбиркорликни янада ривожлантириш йўлидаги барча тўсиқ ва ғовларга тўлиқ барҳам берилмагани, жойларда ҳокимликлар, давлат органлари идоралари томонидан иқтисодиётимизнинг ушбу муҳим йўналишига баъзи ҳолатларда етарли эътибор берилмаяпти. Айниқса, тадбиркорларга ер, бино ва иншоот, кредит ажратиш, хомашё билан таъминлаш, коммуникация тизимларига уланишга рухсатнома беришдаги сансалорлик давом этаётганидан кўз юмиб бўлмайди.
Мурожаатномада вилоятда сўнгги уч йилда эришилган натижалар ҳамда иқтисодий ва инвестицион кўрсаткичлар таҳлил қилинган. Қайд этилдики, кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни, кластерлар ва қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш бўйича дастурлар доирасида кўзда тутилган лойиҳаларга тижорат банклари томонидан жорий йилнинг ўн ойида 3,8 триллион сўмдан зиёд кредит ажратилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,6 мартага ортди. Шундан ажратилган имтиёзли кредитлар миқдори 1 триллион сўмни ташкил этди. Натижада саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги йўналишида янги қувватларни фойдаланишга топшириш ҳисобига 20 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди.
Кичик бизнес вилоят ялпи ички маҳсулотининг қарийб 80 фоизини, саноат маҳсулоти ҳажмининг 76 фоизини, чакана савдо айланмасининг 88 фоизини ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг 98 фоизини ташкил этмоқда. 2019 йил 9 ойи давомида саноат корхоналари томонидан 6 триллион 385 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ҳамда 4 триллион 100 миллиард сўмлик халқ истеъмол моллари ишлаб чиқарилди.
Вилоятда пахта етиштириш бўйича 4 та кластер корхонаси ташкил этилиб, уларга 8 та тумандаги фермер хўжаликлари бириктириб берилди. Ғаллачиликда эса 2020 йилдан бошлаб 2 та кластер корхонаси 3 та туманни ўз тасарруфига олади. Кластер йўналишида “Art Soft Holding” МЧЖ таркибида 18 та қўшма корхона ташкил этиш эвазига 2019-2022 йилларда умумий қиймати 114,2 миллион долларга тенг инвестиция лойиҳалари амалга оширилади. Шунингдек, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва бошқа соҳаларда ҳам кластер корхоналарини ташкил этиш ва фаолият юритишлари учун етарли шароитларни яратиб бериш борасида катта ишлар амалга оширилади.
Истиқболда саноатни барқарор ривожлантириш масалаларига алоҳида тўхталган вилоят ҳокими Учқўрғон, Тўрақўрғон ва Наманган туманларида юқори қўшилган қийматга эга тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш, мева-сабзавотчилик йўналишидаги катта салоҳиятини ҳисобга олиб Косонсой, Наманган, Тўрақўрғон, Учқўрғон, Чортоқ ва Янгиқўрғон туманларида мева-сабзавотни чуқур қайта ишлаш саноатини йўлга қўйиш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича муайян устуворликларга эга бўлган Косонсой, Тўрақўрғон, Поп ва Чуст туманларидаги ер қазилма конларидан фойдаланган ҳолда, ҳудудлараро лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида қурилиш саноати индустрияси ривожлантирилади.
Акрамжон САТТОРОВ,
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА