October 15, 2019

7 МИНГ 500 ДОЛЛАР ЭГАЛАРИГА ҚАЙТАРИЛДИ

  • Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Наманган вилояти ҳудудий бирлашмаси тизимида фуқаролар томонидан савдо, маиший ва коммунал хизмат кўрсатишдаги айрим камчилик ҳамда нуқсонлар юзасидан тушган мурожаатлар ўз вақтида ўрганилиб, қонун доирасида тегишли чоралар кўрилишига катта эътибор қаратилмоқда.

Жорий йилнинг 23 сентябрь куни Мингбулоқ тумани Меҳнатобод маҳалласида яшовчи И.Умаров 2019 йилнинг август ойи охирларида Жомашуй шаҳарчаси деҳқон бозоридан Азамат исмли сотувчидан ўғлига 50 минг сўмга пойабзал сотиб олган. У ўн кун ҳам кийилмасдан яроқсиз аҳволга келиб қолган. Бундан норози бўлган И.Умаров сотувчи Азаматнинг олдига бориб бу ҳақда айтганда, сотувчи эшитишни истамагани тўғрисида ёзма мурожаат қилди.

Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар хуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни 13-моддасида истеъмолчига нуқсонли товар сотилганда харидор томонидан бажариладиган мажбуриятлар кўрсатилган бўлиб, жумладан, истеъмолчига товарни мақбул сифатли товарга алмаштириб бериш ёки келтирилган зарарни қоплаб бериш лозимлиги белгилаб қўйилган.

Мурожаатда келтирилган ҳолатлар юзасидан тумандаги деҳқон бозорида тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётган фуқаро А.Абдусаломов билан суҳбатлашиб, ушбу қонун талаблари тушунтирилганда, сотувчи И.Умаровга пойабзал учун тўланган пул қайтариб берилди.

Мингбулоқ ва Янгиқўрғон туманларида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар яшаётган ҳудудларида хусусий тартибда “Дамас” автомашинасида йўловчи ташиш билан шуғулланаётган ҳайдовчилар йўл хақини асоссиз равишда ошириб юборилганидан норози бўлиб, мурожаат қилди. Ушбу мурожаатлар ҳар икки туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ижро этувчи аппарати мутахассислари томонидан ўрганилганда йўловчилар эътирози ўринли экани аниқланди.

Яна бир алдов ҳақида ариза Наманган истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ижро этувчи аппаратига тушди. Унда ёзилишича, бир қатор фуқаролар ҳаж сафарига бориш учун Наманган шаҳридаги махсус фирма билан шартнома имзолайди. Лекин айтилган вақтда жўнаб кета олмайди. Бунга фирма томонидан виза чиқмагани сабаб қилиб кўрсатилади. Ноилож қолган фуқаролар пулларини қайтаришни талаб қилганида, фирма раҳбари буни пайсалга солиб, турли саналарни айтиб вақтдан ютади. Мутахассислар томонидан мазкур ҳолат ўрганилиб, 7 минг 500 доллар эгаларига қайтарилишига эришилди.

Гулчеҳра ЭРКАЕВА,

Наманган вилояти истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари ҳудудий бирлашмасининг матбуот ва ахборот мутахассиси.

ЎзА