СУВ ТАЪМИНОТИ: МУАММО ВА ЕЧИМ
- Ичимлик суви таъминоти даражаси аҳоли турмуш фаровонлигини белгилайдиган муҳим кўрсаткичлардан биридир. Шу нуқтаи назардан дунё миқёсида нафақат ичимлик суви, балки умуман сув танқислиги муаммоси кучайиб бораётган бугунги кунда маҳаллий ҳокимликлар, таъминотчи корхоналар ва бошқа мутасадди идоралар олдига қўйилган масъулият ҳам ортиб бормоқда.
Хўш, Наманган вилоятида аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш қай даражада? Бу масалада давр билан ҳамқадам юриш учун қандай ишлар амалга оширилмоқда? Келгусидаги режалар қандай? Шу каби саволларга вилоят “Сувоқава” давлат унитар корхонасида ўтказилган матбуот анжуманида корхона раҳбарияти ва мутахассислар томонидан батафсил жавоб берилди.
Қайд этилдики, бугунги кунда вилоят аҳолиси 2 миллион 750 минг кишини ташкил қилаётган бўлса, шундан 62 фоизи ичимлик суви билан таъминланган. Бу борада “Қишлоқичимликсувтаъминот” МЧЖ, Чуст, Мингбулоқ туманларида давлат-хусусий шерикчилик тамойилидаги корхоналар ҳамда Уйчи, Косонсой ва Чуст туманларида нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият кўрсатаётган бўлса-да, хизмат кўрсатиш салмоғининг катта қисми (61 фоиз) вилоят “Сувоқава” ДУК ҳиссасига тўғри келади.
Мазкур корхона томонидан Наманган шаҳри, туманлар марказлари ва уларга чегарадош қишлоқлардаги 327 та маҳаллада истиқомат қилаётган 1 миллион 50 мингга яқин аҳолига 5 минг 290 километрдан кўпроқ сув тармоғи орқали обиҳаёт етказиб берилмоқда. Хўш, бу кўрсаткичларни миқдор ва сифат нуқтаи назаридан ошириш йўлида қандай чоралар кўрилмоқда?
– Узоқ йиллик муаммолар тўпланиб қолган соҳамизга кейинги йилларда давлатимиз раҳбари ва ҳукумати томонидан катта эътибор қаратилмоқда, – дейди вилоят “Сувоқава” ДУК раҳбари Ш.Давронов. – Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан кейинги йилларда қабул қилинган ўнга яқин қарор тизимда туб бурилишларни бошлаб берди. Мазкур қарорларга биноан манзилли ва мақсадли дастурлар асосида амалий ишлар изчил давом эттирилмоқда. Жумладан, кейинги уч йилда вилоятда ичимлик ва оқова сув тизимларини ривожлантириш, реконструкция қилиш ишларига республика ва маҳаллий бюджет, Сув таъминоти ва оқова сув тизимларини ривожлантириш жамғармаси ҳамда “Обод марказ” дастури маблағларидан ажратилган жами 286,9 миллиард сўм йўналтирилиб, 313 та объектда умумий узунлиги 900 километр ичимлик суви тармоғи тортилди. 15 та сув олиш ва тақсимлаш иншоотида қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилди.
Наманган шаҳрининг Ҳамроҳ, Марғилон кўчалари, Исломобод посёлкаси, Косонсой туманидаги “Косонсой-Фарм” эркин саноат зонаси, Поп тумани маркази ва тумандаги Ўрта Хонобод маҳалласи, Наманган туманининг Миришкор, Кўлбўйи маҳаллалари, Мингбулоқ туманидаги “Жомашуй” сув олиш иншооти ва Озодлик кўчаси, Тўрақўрғон туманидаги “Ровот-2” сув олиш иншооти, Косонсой ва Тўрақўрғон туманларида йигирмага яқин аҳоли пунктида мавжуд тармоқ ва иншоотларни таъмирлаш ва реконструкция қилиш, янгиларини қуриш, мухтасар айтганда, ичимлик суви таъминоти ҳамда оқова сув хизмати кўрсатилишини яхшилаш бўйича амалга оширилган ишлар шу жумладандир.
Биргина “Обод марказ” дастури доирасида 38,7 миллиард сўмлик иш бажарилиб, умумий узунлиги қарийб 30 километр ичимлик суви қувури ётқизилди ва яна шунча узунликдаги сув тармоғи реконструкция қилинди. Дастурда белгиланган тик қудуқлар қазиш, уларни таъмирлаш, оқова сув тармоғи қуриш ва реконструкция қилиш режаси тўлиқ адо этилди. Ёки “Обод қишлоқ” дастури доирасида 20,3 миллиард сўм маблағ йўналтирилиб, 33 та қишлоқда умумий узунлиги 294 километр тармоқ тортилиб, сув қудуғи, сув минораси, насос, трансформатор, сувни зарарсизлантириш ускуналари каби сув таъминотини яхшилашга хизмат қиладиган иншоотлар қурилди ва реконструкция қилинди. “Обод маҳалла” дастури доирасида эса 4,7 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилиб, Наманган шаҳридаги “Мустақилликнинг 5 йиллиги” ва Янги қурилиш маҳаллаларида 48 километр ичимлик суви тармоқлари қурилди ҳамда реконструция қилинди. Юқорида қайд этилган ишлар натижасида вилоят бўйича 85 минг нафардан зиёд юртдошимизнинг сув таъминоти яхшиланди ёки вилоят аҳолисининг мазкур корхона томонидан ичимлик суви билан таъминланадиган қисми 77,2 фоизга етди.
Албатта, аҳоли учун ҳаётий зарурият бўлган ичимлик суви таъминотида камчилик ва муаммолар ҳам кўп. Уларнинг аксарияти техник имкониятларнинг давр талабига жавоб беролмай қолганлиги, тизимда ўз вазифасини ўтаб бўлган, яъни эскирган технологиялардан фойдаланиб келинаётгани билан боғлиқ. Вилоят “Сувоқава” ДУК тасарруфида бўлган 177 та тик қудуқнинг 41 таси (23%), иншоотлардаги 326 та насос агрегатининг 108 таси (33%), жами 2 минг 775 километр ичимлик суви тармоғининг 1 минг 282 километр (46%) дан кўпроғининг фойдаланиш муддати аллақачон тугаган бўлиб, уларни алмаштириш зарур. Корхона тизимидаги мавжуд 50 дан зиёд махсус машина-механизм эскириб, бугунги кун талабига умуман жавоб бермай қолгани ҳам тезкор ва сифатли хизмат кўрсатишга салбий таъсир кўрсатмоқда. Истеъмолчиларни қамраб олиш, улар билан ҳисоб-китоб ишларини ҳам қониқарли деб бўлмайди.
Тизим фаолиятини такомиллаштириш учун малакали мутахассислар зарур. Бу ҳам айни пайтда долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Мутахассислар малакасини ошириш, соҳа муҳандисларини тайёрлаш, тажриба алмашинуви, соҳага инновацион технологияларни жорий қилиш масалаларини қайта кўриб чиқиш вақти келди. Янги технология ва малакали мутахассисларсиз давр билан ҳамқадам юриб бўлмайди.
Хўш, юқорида кўрсатиб ўтилган муаммоларни бартараф этиш учун қандай чоралар кўрилмоқда?
Аҳолини ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш учун 300 километрдан зиёд янги тармоқлар тортиш, 880 километр тармоқни реконструкция қилиш, 5 та сув олиш ва узатиш иншоотини модернизация қилиш лозим. Ҳозир Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги билан ҳамкорликда бу лойиҳаларни молиялаштириш манбаларини аниқлаш ишлари олиб борилмоқда.
Корхонанинг моддий-техника базасини ривожлантириш мақсадида халқаро молия институтлари кўмагида амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида 2020-2024 йилларда 35 дан ортиқ замонавий махсус машина-механизмни сотиб олиш режалаштирилган.
– Вилоят аҳолисининг ичимлик суви таъминотини яхшилаш учун бир неча лойиҳаларга халқаро молия институтларининг имтиёзли кредитлари жалб этилади, – дейди вилоят “Сувоқава” ДУК инвестиция бўлими бошлиғи З.Зоитов. – Жумладан, қиймати 74 миллион доллардан ортиқ бўлган “Наманган вилояти ичимлик суви ва канализация тизимларини модернизация қилиш” лойиҳасига Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг 60 миллион долларлик имтиёзли кредити жалб этилади. Лойиҳага кўра, Наманган шаҳрида 3 та сув олиш ва 10 та сув тақсимлаш иншооти модернизация қилинади. 55 километрдан ортиқ ичимлик суви тармоғи ва Поп туманидаги оқова сувларни тозалаш иншооти реконструкция қилинади. Мазкур лойиҳа доирасида Наманган шаҳрида яшовчи аҳолининг ичимлик суви таъминотини 69,3 фоиз��ан 90 фоизга етказиш мўлжалланмоқда.
З.Зоитов берган маълумотларга кўра, шунингдек, қиймати 68,1 миллион долларлик Заркент, Хадикент, Исковот, Булоқбоши, Ёшлик аҳоли пунктлари ичимлик суви таъминотини яхшилаш лойиҳасини ОПЕК фонди 54 миллион доллар имтиёзли кредит билан молиявий қўллаб-қувватлаши кўзда тутилмоқда. Лойиҳа доирасида бир кеча-кундузда 51,4 минг кубметр сув олиш қувватига эга “Заркент” ва “Булоқбоши” сув олиш иншоотлари, Янгиқўрғон туманида 3 та, Наманган шаҳрида 2 та сув тақсимлаш иншооти, 73,7 километр магистрал ва 129,1 километр ички сув тармоқларини қуриш ҳамда реконструкция ишлари амалга оширилади. Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида Янгиқўрғон туманидаги 22 та қишлоқ аҳоли маскани ва Наманган шаҳрининг шимолий қисмида яшовчи аҳолининг ичимлик суви таъминоти 52 фоиздан 90 фоизга ошади.
Бундан ташқари, Жаҳон банкининг “Ўрта ва кичик шаҳарлар инфратузилмасини ривожлантириш” дастури доирасида Чортоқ шаҳри ичимлик суви таъминотини яхшилаш лойиҳасига 12,5 миллион доллар маблағ ажратилиши кутилмоқда. Бу лойиҳада Арбағиш қишлоғида сув олиш иншооти ва 29 километр магистрал тармоқ қуриш, Чортоқ шаҳридаги хизмат муддати тугаган 50 километр ичимлик суви тармоғини реконструкция қилиш белгиланган бўлиб, Чортоқ шаҳридаги 58 мингдан ортиқ аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланади.
Президентимизнинг 2019 йил 28 февраль – 1 март кунлари Наманганга ташрифи доирасида берилган топшириқлар асосида вилоятда умумий қиймати 85,6 миллион доллар бўлган “Наманган вилояти Чуст, Поп, Наманган туманлари ичимлик суви таъминоти тизимларини яхшилаш ва Чуст туман маркази ва Мингбулоқ тумани Жумашуй шаҳарчаси канализация тизимларини қуриш” лойиҳасини амалга ошириш ҳам кўзда тутилган. Мазкур лойиҳага Европа тараққиёт ва тикланиш банкининг 70 миллион долларлик кредити жалб этилади.
Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 30 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида Наманган шаҳрида ҳам сув таъминоти ҳамда канализация тизимларини давлат-хусусий шериклик тамойилидаги бошқарувга бериш бўйича зарур ҳужжатларни тайёрлаш ва танлов ўтказиш белгиланган. Ҳозир Осиё тараққиёт банки томонидан жалб этилган “FСG International Ltd.” халқаро экспертлар консорциуми, “Grant Tornton”нинг техник ва молиявий маслаҳатчилари, шунингдек, “Allen & Overy” ва “Kosta Legal”нинг юридик маслаҳатчилари лойиҳанинг техник, молиявий ва хуқуқий томонларини комплекс экспертизадан ўтказиш, шаҳарнинг ичимлик суви ва канализация тизимларини ўрганиб, мавжуд ҳолатни баҳолаш ва зарур хужжатларни тайёрлаш бўйича ташкилий ишларни бажармоқда.
Акрамжон САТТОРОВ